16:45 10.06.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Соғлом рақобат холис муносабат асосидир


Аммо ЎзХДП фаоллари ана шундай одддий ҳақиқатни англаб етмаяптилар

Маълумки, Ўзбекистонда миллий давлатчиликни барпо этиш шароитида объектив зарурат бўлган кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамиятига босқичма-босқич ўтиш давлат тизимини ислоҳ этишнинг асосий ва ҳал қилувчи вазифаси сифатида танлаб олинди.

Таҳлилчиларнинг фикрича, мамлакатимизда икки палатали парламент тизимига ўтилиши айнан мана шу ислоҳотлар натижаси бўлди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг партиялар фракциялари аъзоларидан ташкил топиши эса кўппартиявийлик тизими ривожидаги энг муҳим босқич бўлганини асослашга ҳожат йўқ. Шу ўринда халқаро экспертлар томонидан 2008 йилнинг 1 январидан кучга кирган «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституциявий қонун бу жараёндаги энг муҳим ҳужжат, дея эътироф этилаётганини таъкидлаш жоиз.

Ҳақиқатан ҳам, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнида ўта муҳим роль ўйнаган ана шу қонун мамлакат сиёсий майдонидаги кучлар ўртасида рақобат муҳитини кучайтириш, уларга тенг ваколат яратиш имконини берди.

Энг асосийси эса ана шундай ҳуқуқий механизмларнинг жорий этилиши сиёсий партияларнинг мамлакат парламенти фаолиятини ташкил этиш, вакиллик ва ижро ҳокимияти органларини назорат қилишдаги  ролини янада кучайтирди.

«Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси» эса ҳокимиятлар бўлиниши Конституциявий принципини ҳаётга  изчил татбиқ этиш, улар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали тизимини шакллантириш, марказда ва жойларда қонун чиқарувчи ва вакиллик ҳокимиятининг ваколатлари ҳамда назорат вазифаларининг ролини янада оширди.

Аммо ана шундай изчил ўзгаришларга қарамай, айрим нашрларимизда ҳалигача вакиллик ва ижро ҳокимияти ўртасидаги ваколатларни нотўғри талқин этиш ёки мазкур масала моҳиятини тўғри англамаслик ҳолатлари учраётганини таъкидлаш мумкин. Бунга ЎзХДП нашри «Ўзбекистон овози» газетасининг 2012 йил 19 январь сонида эълон қилинган «Аниқ таклиф ва ташаббуслар» мақоласини мисол сифатида кўрсатиш мумкин. Унда «... Қува, Сариосиё, Бойсун туманларидаги солиқ хизмати маслаҳатчилари, суғурта компанияларига қулайлик яратадиган бошқа замонавий хизматлар етарли даражада ташкил этилмаган. Шунингдек, ушбу ва бошқа туманларда сартарошхона, пойабзал таъмирлаш устахоналари, фото-салонлар, кийимларни тозалаш шохобчалари етишмайди. Бундай мисолларни Олот, Пешку туманларидан ҳам келтириш мумкин» дейилади ва бундай ҳолатларга O’zLiDeP айбдор, дея хулоса чиқарилади.

Газетанинг 31 март сонида эълон қилинган навбатдаги мақолада эса «Қайта ишлаш корхоналари нафақат фермер хўжаликлари, балки иқтисодиёт ривожига ҳам хизмат қилади. Лекин халқ депутатлари Юқори Чирчиқ туман кенгашидаги O’zLiDePдан сайланган депутатлар бунга етарли эътибор қаратмаяпти» дейилади. Ҳа, чиндан ҳам, айрим ҳудудларимизда қишлоқ мулкдорлари фаолиятига етарлича эътибор қаратилмаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Бу маҳаллий ҳокимиятлар томонидан йўл қўйилаётган хатолар, соҳага бўлган эътиборсизлик натижасидир. Аммо бундай камчиликларда бевосита O’zLiDeP, «Адолат» ёки «Миллий тикланиш» партиялари аъзоларини айбдорга айлантириш мантиққа тўғри келармикин? Бу сиёсий партия вакилларини ижро ҳокимияти фаолиятига аралашишга даъват этиш эмасми?

Беихтиёр, ЎзХДП нашри у ёки бу соҳани кучайтиришга кўмак бериши мумкин бўлган сиёсий партияларни маҳаллий дастурлар ижросини таъминлашга бурчли бўлган ҳокимиятлар билан аралаштириб юбормаяптими, дегинг келади.
Энг қизиғи, айнан халқ депутатлари Юқори Чирчиқ туман кенгашида ЎзХДПнинг 12 кишидан иборат энг йирик депутатлик гуруҳи бор.

Агар биз тумандаги муайян соҳада камчиликлар бор, деб ҳисобласак, бунда ЎзХДП депутатлари асосий айбдор, деган хулоса келиб чиқмайдими?

Албатта, сиёсий партияларнинг жойлардаги вакиллари, айниқса, маҳаллий кенгашлардаги депутатлари аниқ бир муаммоли масалаларни ўрганиб, уларни туман кенгаши сессиялари муҳокамасига олиб чиқиши лозим. Бу бошқа масала, албатта.

Энди «O’zLiDePга мурожаат қилгандик, аммо...» мақоласини кўриб чиқайлик. Унда Чуст туманидаги «Само нур мағрур» корхонаси раҳбари Самаджон Дадажоновнинг кредит ололмаганида яна O’zLiDePдан сайланган депутатлар қораланади.

2012 йилнинг 17 май сонида эса Самарқандда «айрим тадбиркорлар турли муаммоларга дуч келиб, ишлаб чиқариш суръатлари пасайиб кетаётгани сир эмас. Масалан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, мева-сабзавотларни қабул қилиш ва қайта ишлаш режаси тўлиқ бажарилмагани» тилга олинади. Албатта, ЎзХДПнинг хусусий сектор эгалари ва тадбиркорлар фаолиятига нисбатан бундай куюнчаклиги ҳар қанча таҳсинга сазовор. Аммо бундай муносабат маҳаллий ҳокимликлар зиммасидаги вазифаларни сиёсий партиялар зиммасига юклаш лозим, деган фикрни келтириб чиқармаяптими?

Шу ўринда «Либералларнинг эътиборсизлиги» номли мақола ҳаммасидан ўтиб тушганини таъкидлаш жоиз. Унда ЎзХДП фаоли «Миллий тикланиш» демократик партияси вакили, Сирдарё тумани ҳокими Баҳодир Сувоновга «O’zLiDeP депутатлик гуруҳига нисбатан талабчанликни ошириш»ни маслаҳат беради. Бундай қараш «келинг, энди ҳоким бува, сиз яна депутатларни ўзингиз бошқармасангиз бўлмаяпти» деган маъно англатмайдими?

Хўш, ХДП нашрида изчил эълон қилинаётган ва асосан ана шундай ғоя билан сингдирилган мақолалар сони тобора ортиб бораётганидан қандай хулоса чиқариш мумкин. Бизнингча, ХДПнинг айрим фаоллари ҳалигача демократик ислоҳотлардан кўзда тутилган асл мақсадни англаб етмаётирлар. Зеро, ислоҳотларнинг бугунги босқичида сиёсий партиялардан фуқароларнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, аҳоли хоҳиш иродасини ва фикрини ифодалаш, марказда ва жойларда давлат ҳокимияти органлари устидан назорат ўрнатиш талаб этилмоқда.

Ислоҳотларнинг янги босқичида вакиллик органлари билан ижро ҳокимиятининг ваколатлари ажратилган, бири иккинчиси фаолиятига аралашмаслик тамойилига қатъий амал қилинаётган бир пайтда ХДП нашри томонидан билиб-билмай илгари сурилаётган бундай фикрлар мамлакатни янада демократлаштириш ва либераллаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни секинлаштиришга хизмат қилади, холос. Сохта обрў орттириш мақсадида одамларни чалғитиш жамиятни янгилаш, мамлакатни модернизация қилишга йўналтирилган ғоятда муҳим вазифалардан аҳолини узоқлаштиришга хизмат қилишини наҳотки ХДП фаоллари тушуниб етмаётган бўлсалар. Биз соғлом рақобат ва холис танқид тараққиётга хизмат қилишини яхши англаб, сиёсий майдондаги рақобатни ҳар доим қўллаб-қувватлаймиз.

Аммо юртдошларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, сиёсий ва ҳуқуқий маданияти тобора юксалаётган бир пайтда илгари сурилаётган бундай даъватлар биринчи галда ҳали онги-шуури тўла шаклланмаган ёшларни чалғитиб қўйиши мумкин. Бу эса эл-юртимиз манфаати, она диёримиз равнақи ва келажагига қаратилган саъй-ҳаракатларимиз йўлини тўсишга хизмат қилади, холос.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, сиёсий партиянинг бош нашри-ки вакиллик органи билан ижро ҳокимияти органи ваколатлари ўртасидаги тафовутни фарқлай олмай, вазиятни ўз қаричи билан ўлчаётган экан, ХДПнинг жойлардаги вакилларидан қандай натижа кутиш мумкин, деган ўйга бордик.

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме