19:45 31.07.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Сиз кимга овоз берган эдингиз?
Хат шундай сатрлар билан бошланади: «Ўтган йигирма бир йил мобайнида истиқлол шарофати билан Ватанимиз кундан-кунга тараққий топиб, ривожланган мамлакатлар қаторидан муносиб ўрин эгалламоқда. Президентимиз ташаббуси билан нафақат пойтахтда, балки, энг чекка ҳудудларда ҳам кенг кўламли қурилиш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилаяпти. Айниқса, қишлоқларда истиқомат қилаётган аҳоли турмуш тарзини яхшилашга катта эътибор қаратилаётгани натижасида узоқ қишлоқлар аҳолиси учун ҳам шаҳарлардагидан қолишмайдиган қулай шароитлар яратилмоқда. Ўрта Чирчиқда ҳам ана шундай бунёдкорлик ишларини ҳар қадамда учратасиз. Лекин ҳар тўкисда бир айб деганларидек, ана шундай натижаларга қарамай, маҳаллий раҳбарлар ва айрим соҳа мутасаддиларининг эътиборсизлиги туфайли пойтахтдан атиги 12 км. узоқликда жойлашган маҳалламиз йўлларида айрим муаммолар сақланиб қолмоқда...» Хат муаллифлари Мурод Мақсудхўжаев, Севара Маҳкамова, Зуҳра Калонова, Улуғбек Ҳусанов, Муҳаммаджон Абдураҳмонов ҳамда туман ҳокимлигининг ободонлаштириш бўлими бошлиғи Шавкат Алимов билан учрашганимизда бу борада туман ҳокимлигига ҳам бир неча бор мурожаатлар юборилгани маълум бўлди. Энг таажжубланарлиси, давлат бюджетидан керагидан ортиқ маблағ ажратилгани ҳолда, уни ўзлаштиришда сансалорлик ҳолатлари юз берган.Туман ҳокимлигининг ободонлаштириш бўлими бошлиғи Шавкат Алимов ички йўлларни таъмирлаш учун давлат бюджетидан 2012 йилда оз эмас-кўп эмас 729 млн. сўм маблағ ажратилганини, бугунгача мазкур ҳудуддаги 15 та қишлоқнинг ички йўллари таъмирланганини таъкидлади. Аммо жамоатчилик ва депутатлик назоратининг етарли йўлга қўйилмагани натижасида бу маблағ тўла ўзлаштирилмай қолмоқда. Хўш, бундай масалаларда депутатлар нега сукут сақламоқдалар? Энг қизиғи, суҳбат давомида маҳалла аҳлининг Ўрта Чирчиқ туман кенгашига ҳудуддан ким депутатликка сайланганини билмасликлари маълум бўлди. Зуҳра Калонова Пахтакор қишлоқ фуқаролар йиғинига қўнғироқ қилганидан кейингина ХДП аъзоси Қаюм Деҳқонбоевнинг депутат этиб сайлангани аниқланди. Нега ушбу масалада депутатга мурожаат қилмадингиз, деган саволимизга эса Севара Маҳкамова билан Зуҳра Калоновадан «депутатимиз кимлигини энди билдик-ку» деган жавоб олдик.Биз айрим партия нашрларида депутатлар, жойлардаги депутатлик гуруҳларининг жонбозликлари, электорат манфаатини ҳимоя қилишдаги қатъияти ва ташаббускорлиги ҳақидаги мақолаларни ўқиб, шубҳасиз, сиёсий партиялар фаолиятидаги ижобий ўзгаришлардан қувонамиз. Аммо баъзан ўз депутати исми-шарифини билмаслигини тан олган сайловчи билан юзма-юз келиб қолганимизда уни бепарволикда айблай бошлаймиз. Ваҳоланки, бунга сайловчи эмас, аксинча, сиёсий партия ва унинг ғоя ҳамда мақсадларини илгари суриб, депутатликка сайланган партия аъзоси айбдор эканини ҳар доим ҳам тан олгимиз келмайди. «Наврўз» маҳалласи фуқаролари билан учрашувда ана шундай ҳолатга дуч келдик. Маълум бўлишича, айни пайтда халқ депутатлари Ўрта Чирчиқ туман кенгашида жами 25 нафар депутат бўлиб, уларнинг 15 нафарини ЎзХДП вакиллари ташкил этмоқда. Маҳаллий кенгашга ҳам ана шу ҳудуддан ЎзХДП вакили сайланган. Албатта, бундай эътиборсизликка фақат ХДП аъзоларигина айбдор, десак хато бўлади. Чунки муаммоли масалага томошабин бўлиб туриш ҳам лоқайдликдир. Бундай ҳолат эса айни пайтда халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгаши ва, албатта, Ўрта Чирчиқ туман ҳокимлигининг ҳам жойлардаги ҳаётий масалаларга муносабати қай даражада эканини кўрсатмоқда. Биз бугун депутатларнинг сайловчилар билан учрашувлари ниҳоятда муҳим эканини яхши биламиз. Бу талаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари билан бирга маҳаллий кенгаш депутатларига ҳам тааллуқлидир. Аммо негадир «Наврўз» маҳалласи фуқароларининг турли идораларга, хусусан, Тошкент вилояти ҳокимлигига ёзган мурожаатларига сайловчилар ишончини қозонган, ўша ҳудуддаги мавжуд ҳолатдан хабардор депутатлар ҳам бефарқ қараб келаётганини тушуниш қийин. Зеро, депутатлар халқ вакиллари сифатида, энг аввало, уларнинг муаммоларини олиб чиқишлари керак эмасми?
«XXI ASR» ижтимоий-сиёсийгазетаси
Обсудить новость на Форуме