22:15 09.10.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Сиёсий модернизация жараёнлари ва АКТ
Маълумки, «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»да давлат ва жамият қурилиши тизимида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш соҳани янада ислоҳ этишнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб берилди. Бинобарин, АКТ мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.— Мустақиллик йиллари Ўзбекистонда мобиль алоқа, рақамли телевидение, интернет хизмати сингари ахборот-коммуникация тармоқларини жаҳон андозаларига мослаштириш мақсадида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди, — дейди қўмита раиси, O’zLiDeP фракцияси аъзоси Абдурашид Жўрабоев. — Хусусан, ўтган давр ичида ушбу соҳага оид 11 та қонун, 3 та фармон ва 40 дан зиёд қарор қабул қилинди. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида қоғозсиз ҳужжат айланиши 80 фоизга етгани, 280709 та электрон рақамли имзо калити эгалари рўйхатга олингани ҳам ана шундай ўзгаришлар натижасидир.Айни пайтда республикамизда 936 та провайдер фаолият кўрсатаётган бўлса, интернетдан фойдаланиш пунктлари 1050 тадан ошди. Қарийб 200 та давлат ахборот-ресурс марказларида аҳолига 197 турдаги интерактив хизматлар кўрсатилмоқда.— Мамлакат иқтисодий салоҳиятининг барқарор ривожланишида бу соҳанинг ўрни ва аҳамияти йилдан-йилга юксалиб бормоқда, — дейди Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директори ўринбосари Шуҳрат Атамуҳамедов. — Жумладан, кейинги пайтларда тизимдаги компанияларда хизмат кўрсатиш сифати ҳам, ҳажми ҳам ошиб, янги технология ва инновацион лойиҳалар жамият ҳаётининг барча жабҳаларига кенг татбиқ қилинмоқда. Қувонарли томони шундаки, Президентимизнинг 2012 йил 21 мартдаги «Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соҳадаги ислоҳотларнинг сифат жиҳатдан янги босқичини бошлаб берди.Илмий-амалий анжуманда «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси бош директори ўринбосари Қаҳрамон Йўлдошев «Телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш – аҳолининг кенг тармоқли интернетдан самарали фойдаланиш омили» мавзуида маъруза қилган бўлса, «UZINFOCOM» маркази бош мутахассиси Алижон Назаров «Ҳукумат портали орқали тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига интерактив давлат хизматлари кўрсатишни ривожлантириш масалалари»га эътибор қаратди.— Бугунги муҳокамалар жараёнида ахборот технологиялари бозорининг таркибий қисми бўлган дастурий таъминот индустриясини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш юзасидан ҳам аниқ таклиф ва тавсиялар билдирилди, — дейди O’zLiDeP фракцияси аъзоси Зилола Собирова. — Бундай ишланмаларни яратиш ва уларни етказиб бериш борасида давлат буюртмаларидан фойдаланиш, дастурий таъминот индустриясига йўналтирилаётган сармояларни ҳуқуқий жиҳатдан рағбатлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш бу борадаги муҳим чоралардан бири экани эътироф этилди.Айни пайтда шиддатли замоннинг ўзи АКТ тизимида оммавий ахборот воситаларининг ўрнини янада мустаҳкамлаш вазифасини олдимизга қатъий қилиб қўймоқда. Соҳани янада эркинлаштириш, нодавлат матбуот нашрлари, радио, телевидение фаолиятини жонлантириш ислоҳотларнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда долзарб масалалар сирасига киради.Шу маънода, миллий ахборот маконини ривожланган давлатлар эришган даражага кўтариш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ички ва ташқи сиёсатни, юртимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеаларни фикрлар хилма-хиллигини ҳисобга олган ҳолда ёритиш имконини берадиган шарт-шароитларни яратиш учун соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаш жоиз. Хусусан, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида», «Телерадиоэшиттиришлар тўғрисида», «Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг иқтисодий асослари тўғрисида» ва «Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кафолатлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаларини пишиқ-пухта ишлаб чиқиш бўйича қўмитада экспертлар гуруҳи тузилган бўлиб, унга депутатлардан ташқари турли вазирлик ва идоралар вакиллари, ахборот соҳасининг тажрибали мутахассислари ҳамда ҳуқуқшунос олимлар жалб этилган. — Ўтган даврда мазкур гуруҳ оммавий ахборот воситалари ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солувчи 20 та қонун, 50 дан зиёд қонуности ҳужжатларини ҳам амалий, ҳам назарий жиҳатдан инвентаризация қилди, — дейди O’zLiDeP фракцияси аъзоси Фахриддин Солиев. — Унда миллий қонунчилигимиз билан бир қаторда Австрия, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Жанубий Корея, Япония ва бошқа хорижий давлатларнинг қонун ҳужжатлари қиёсий таҳлил қилинди. Айни пайтда эса мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилаётган конференциялар, давра суҳбатлари ва семинарларда ушбу қонун лойиҳалари жамоатчилик экспертизасидан ўтказилмоқда. Шунингдек, ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш бўйича ҳуқуқий кафолатларни янада мустаҳкамлаш, қўмита аъзоларининг қонун ташаббускорлигини ошириш, ахборот соҳасига оид қонунлар ижросини сўзсиз таъминлаш мақсадида ҳуқуқни қўллаш амалиётини, қонунларни ижро этиш механизмини такомиллаштиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ҳам кўрилаяпти.Қизғин баҳс-мунозара ва савол-жавоб тарзида ўтган тадбир якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан аниқ таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.
Озод РАЖАБОВ“XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетаси
Обсудить новость на Форуме