13:47 11.05.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Шукрона
Марҳумлар хотирасини ёд этиш, эътибор ва иззатда ҳаёт кечираётган нуроний отахон ва онахонлар ҳурматини жойига қўйиш халқимизга хос фазилатдир. Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан O`zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши ташаббуси билан ўтказилган барча тадбирларда ҳам айнан ана шу ҳислатлар иштирокчилар тили ва дилида бўлди.
Кекса авлод вакиллари учун муносиб турмуш шароити яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш Президентимиз раҳмонилигида олиб борилаётган сиёсатнинг энг устувор йўналишларидан бўлиб, бу мамлакатимизда нафақат давлат ташкилотлари, сиёсий партиялар ва жамоатчилик вакиллари, балки ҳар бир фуқаронинг ҳам муқаддас бурчига айланди.
— Юртбошимизнинг «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони эса бу борадаги кенг кўламли ишларга бутун жамоатчилик эътиборини қаратди, — дейди O`zLiDeP Тошкент шаҳар кенгаши раиси Эркин Тошев. — Ташкил этган асосий тадбирларимиз икки авлод учрашуви тарзида ўтказилганини алоҳида таъкидлашни истардим. Ҳар бир давра суҳбатида фахрийларимиз дориломон кунларга шукрона келтирган бўлсалар, янги авлод вакиллари буюк аждодларга муносиб ворис бўлишдек эзгу интилишлар хусусида сўз юритдилар.
— O`zLiDeP Бектемир туман кенгаши томонидан ўтказилган тадбирларда ҳам ана шундай руҳ ҳукмрон бўлди, — дейди халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати Рауфхон Шарипов. — Уруш ва меҳнат фахрийлари, партия фаоллари ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашган учрашувларда байрам дастурхони ёзилиб, отахон ва онахонларимизга пул мукофотлари ва рангли телевизорлар топширилди.
— Бундай учрашувларда, айниқса, шаҳар кенгаши депутатлари фаол иштирок этдилар — дейди O`zLiDeP Тошкент шаҳар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Миржамол Мирсаидов. — Жумладан, Мухлиса Акрамова, Дилшод Шоумаров, Мурод Икромов ва Абдусамад Саидвалиев Учтепа ва Яккасарой туманларидаги маҳаллаларда истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олиб, уларга партиянинг эсдалик совғаларини топширдилар.
— Миробод туманида 151 нафар уруш қатнашчиси истиқомат қилмоқда, — дейди «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Багар Усмонов. — Улар нафақат байрам кунлари, балки ҳамиша эътибор ва ардоқдалар. Фахрийларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда партия электорати бўлган маҳаллий тадбиркорлар яқиндан ёрдам бермоқдалар. Тантаналар арафасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилган фахрийларга «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси томонидан шаҳарлараро ва халқаро қўнғироқлар карточкаларидан бепул фойдаланишда имтиёз берилгани ҳам ўзига хос рағбат бўлди.
Хотира ва қадрлаш куни арафасида O`zLiDeP Олмазор туман кенгаши ҳам хайрли ишга қўл урди. Партия фаоллари ташаббуси ва тадбиркорлар ҳомийлигида тумандаги 50 нафар фахрий Самарқанд шаҳрига зиёратга юборилди. Юнусобод туман кенгаши эса «Билолполвон» хусусий корхонаси ёрдами билан «Шарқ ҳақиқати» маҳалла гузарида фахрийлар учун бир пиёла чой устида «Икки авлод учрашуви»ни ўтказди. Тадбирда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига 500 минг сўмдан пул ва эсдалик совғалар топширилди.
— Инсон кексайгани сари меҳр-оқибатга эҳтиёжи ошиб бораверар экан, — дейди уруш қатнашчиси Эгамберди Ҳакимов. — Бугун ана шундай иззат-икром нафақат қариндош-уруғ ва маҳалладошларинг, балки бутун халқимиз ва шахсан давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатилаётган экан, биз қариялар учун бундан ортиқ бахт йўқ.
Обсудить новость на Форуме