09:15 22.07.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Шайхонтоҳурлик партия фаоллари биринчиликка даъвогарлик қилмоқдалар
295 минг нафар фуқаро истиқомат қилаётган Шайхонтоҳур туман аҳолисининг қарийб ярмидан ортиғини 25 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Буўз-ўзидан, аҳолини иш билан таъминлаш ва уларга зарур шарт-шароитлар яратишдек долзарб масалани кун тартибига қўяди. O`zLiDeP Шайхонтоҳур туман кенгаши раиси, айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Ашировнинг таъкидлашича, 2011 йилнинг олти ойида туман кенгашига аъзо бўлган 970 та тадбиркорлик субъектлари томонидан 500 га яқин янги иш ўрни ташкил этилиб, уларга асосан касб-ҳунар коллежи ва олий ўқув юртларини битирган йигит-қизлар жалб этилдилар.
— Бунда «Техносаноат» МЧЖ директори Э.Фозилжонов, «Royal Gold Woter» қўшма корхонаси раҳбари Ш.Султонхўжаев, «Азиза Сайфи қизи» хусусий фирмаси раҳбари А.Ғуломова, «Қанот инвест» МЧЖ директори А.Ҳошимов ҳамда «Менора» МЧЖ раҳбари А.Ғоипов сингари партиямиз етакчилари алоҳида ташаббус кўрсатдилар, — дейди О.Аширов.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, тадбиркорликнинг ривожланиши нафақат мулкка эгалик ҳиссини орттиради, балки эртанги кунга дахлдорлик ва ўзига бўлган ишончни ҳам мустаҳкамлайди. Бу, ўз навбатида, мамлакатнинг тинч, босқичма-босқич тараққий этиши ва одамлар фаровонлигини таъминлашда ниҳоятда муҳимдир. Шу боисдан ҳам истиқлол йилларида ўрта синфни шакллантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилди. Натижада бугун кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 54 фоизи ишлаб чиқарилмоқда. Сўнгги йилларда тадбиркорлик соҳасида ўз ишини очиш учун рухсат олиш, солиқ, молия ва статистика органларига ҳисобот топшириш масалаларини тартибга солиш, соҳага оид қонунчиликнинг такомиллаштирилиши Шайхонтоҳурда ҳам хусусий тадбиркорлар сонининг ортишига имкон яратди. Бунда, айниқса, хўжалик субъектлари учун ягона солиқ ставкасининг 2005 йилдаги 13 фоиздан 6 фоизга туширилгани муҳим аҳамиятга эга бўлди.
— Бугун туманимизда жами 4607 тадбиркорлик субъекти фаолият юритаётган бўлса, уларнинг деярли барчаси яратилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқдалар. Бу тадбиркор учун ниҳоятда муҳим. Чунки бундай шароитларда ишлаш бир маҳаллар биз учун гўё ушалмас орзу эди, — дейди О.Аширов. — Шахсан ўзим 90 йиллар бошида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун жуда катта тўсиқларга учраганман. Ўша пайтларда оилавий бизнес, хусусий тадбиркорлик деган сўзни эшитганда, одамлар бир қалқиб тушардилар. Гўё тадбиркорлик билан шуғулланиш давлатга путур етказиш, дея баҳоланарди. Мустақиллик туфайлигина биз — мулкдорлар бугунги қулайликларга эришдик. Бугун ўз бизнесимиз орқасидан нафақат моддий манфаат, балки одамлар орасида обрў-эътибор ҳам топдик. Бу борадаги тажрибаларим орқали эса тадбиркорликни ривожлантириш билан ижтимоий йўналтирилган бозор муносабатларини шакллантириш мумкин, деган қатъий хулосага келдим. Негаки, жамиятда мулкдорлар қатламининг шаклланиши айрим ижтимоий масалалар: янги иш ўринларини ташкил этиш, аҳолининг моддий ва маънавий фаровонлигини таъминлаш кабиларни ижобий ҳал этишда муҳим аҳамият касб этаяпти.
Одилжон Ашировнинг фикрича, айни пайтда тадбиркорликнинг ижтимоий масъулиятини ошириш масаласи жиддий ёндашувни талаб этади. Бугунгача бевосита партия туман кенгаши ташаббуси билан шу йўналишда 80 дан ортиқ тадбирлар ташкил этилди. Уларда аҳоли ўртасида тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, хусусий сектор вакилларининг жамият ижтимоий ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
— Натижалар ёмон эмас, — дейди О.Аширов. — Бизнеснинг ижтимоий масъулиятини тўғри англаган фаол аъзоларимиз кўмагида туманнинг «Катта боғ» маҳалласида болалар учун спорт майдончаси, «Эшонгузар» маҳалласида 50 ўринга мўлжалланган маҳалла гузарини қуриб фойдаланишга топширдик. «Камолон» ҳамда «Янги шаҳар» маҳаллалари аҳолисининг мурожаати асосида эса ҳудуддаги канализация тармоқлари ва газ қувурлари янгиланди. Бундан ташқари, туманимиздаги ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллалар билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу борада туман партия кенгашида тузилган рўйхат асосида ҳар ойда ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилаяпти.
Буларнинг барчаси Юртбошимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида узоқни кўзлаб амалга оширилган ислоҳотларнинг натижасидир. Ички бозорларимизни рақобатдош ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, аҳолини, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш ва уларнинг муносиб даромад топиши, эртанги кунга ишонч билан боқишига эришишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ўрни нечоғлик муҳим экани бугун ҳеч кимга сир эмас, албатта.
Бир сўз билан айтганда, ўз сафларида 1900 нафар аъзони бирлаштирган партиянинг Шайхонтоҳур туман кенгаши фаоллари юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг олдинги сафида бўлиш, демократик янгиланишлар жараёнида эса янада фаол иш олиб боришга интилмоқдалар. Зеро, мавжуд кучларни бирлаштириб, бир ёқадан бош чиқариб ишлаш орқалигина кўзланган мақсадга эришиш мумкин.
Обсудить новость на Форуме