14:31 20.06.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Шахс дахлсизлигини ҳуқуқий кафолати
Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик янгиланишларнинг бугунги бочқичидаги энг муҳим йўналишларидан бири бу, шубҳасиз, шахс ҳуқуқи ҳамда манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштиришдан иборатдир.
Шу боисдан ҳам Президентимизнинг «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»да юртимизда ҳуқуқий давлат асосларини янада такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш энг асосий вазифалардан бири экани алоҳида таъкидланди.
Зеро, мустақиллик йилларида суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида судлар фуқароларнинг ҳуқук ва эркинликларини ҳимоя этишга хизмат қилувчи институтга айланди. Унинг мавқеини янада мустаҳкамлаш масаласида Концепцияда белгилаб берилган вазифалар бу соҳани ислоҳ этишнинг янги босқичини бошлаб берди.
Унда жиноят-процессуал қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган бир қатор ташаббуслар илгари сурилиб, суриштирув ва дастабки тергов жараёнида суд назоратини кучайтириш, жиноят процессида “Хабеас корпус” институтини қўллаш соҳасини янада кенгайтириш мақсадида лавозимдан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини фақат судьянинг санкцияси асосида қўллаш тартибини жорий этиш таклиф қилинди. Бундай ўзгаришлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш борасида умумэътироф этилган тамойил ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига тўла мос келади, албатта. Амалдаги Жиноят-процессуал кодексининг 265-моддасига мувофиқ, суд-тиббиёт ёхуд суд-психиатрия экспертизасини ўтказишда стациоар кузатув зарурати бўлса, суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд айбланувчини ёки судланувчини, башарти улар озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин бўлган жиноятни содир этишда айбланаётган бўлсалар, тегишли тиббий муассасага жойлаштиришга ҳақлидир. Шахсни гумон қилинувчи тариқасида ушлаб туриш муддати стационар суд-психиатрия экспертизаси тамомлангунга қадар тугаган тақдирда, гумон қилинувчининг руҳий ҳолати имкон берса, унга айблов эълон қилиш ёки уни тиббий муассасадан озод қилиш ёхуд уни тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш бўйича иш юргизилаётган шахс сифатида эътироф этиш тўғрисида қарор чиқариш керак.
Шунингдек, ушбу кодекснинг 266-моддасига асосан, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш суриштирувчи ёки терговчининг прокурор розилиги ёҳуд суднинг ажримига асосан амалга оширилиши белгиланган.
Кодекснинг 269-моддасига кўра, тиббий муассасага эксперт текшируви учун жойлаштирилган шахс, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили суриштирувчи, терговчи ва прокурорнинг тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги қарори устидан юқори турувчи прокурор, суднинг бу хусусдаги ажрими устидан эса юқори судга шикоят қилишга ҳақлидир. Президент Концепциясида таклиф этилган Жиноят-процессуал кодексининг 29 ва 31 бобларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонунчилик ташаббуси судга қадар иш юритув босқичида айбланувчининг ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида суд назоратини кучайтириш, жиноят процессида “Хабеас корпус” институтини қўллаш соҳасини янада кенгайтиришга қаратилгани билан ҳам муҳимдир. Бу эса келгусида шахсни тиббий муассасага жойлаштириш суриштирувчи ёки терговчининг прокурор розилик берган қарорига асосан эмас, балки тарафлар иштирокида бўлиб ўтадиган суд мажлисида рухсат бериш тартибининг жорий қилинишига имкон беради.
Бундай тартибларнинг амалда қўлланилиши фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади, албатта. Чунки бугун судларда фуқаро ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиши учун барча шароит ва имкониятлар яратиб берилган. Бу эса, юртимизда инсон, унинг шаъни, қадр- қиммати олий қадрият, деган устувор тамойилга қатъий амал қилинаётганидан далолатдир.
Обсудить новость на Форуме