22:00 17.09.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ШҲТ: МУЛОҚОТ ҲАМДА МИНТАҚАВИЙ ВА ГЛОБАЛ МУАММОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШНИНГ САМАРАЛИ ЙЎЛЛАРИНИ ИЗЛАШ

Фахриддин СОЛИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси,
Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси
 
O`zLiDeP экспертлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти тарихан қисқа муддатда нуфузли ва обрўли халқаро тузилма сифатида шаклланди, деган фикрда якдилдир. Унинг доирасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилгани, институционал асосига пойдевор қўйилгани, тузилмавий органлари барқарор ишлаётгани, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ҳамкорлик давомий кенгайиши ва чуқурлашиши, транспорт-коммуникация алоқалари кучайиши таъминланаётгани сўзимизнинг ёрқин мисоли бўла олади.     Фракциямиз ШҲТни конструктив мулоқот ҳамда минтақавий ва глобал муаммолар ечимини биргаликда самарали излаш учун мақбул майдон ҳисоблайди. Шунинг учун фракциямиз аъзолари ШҲТга аъзо Давлат раҳбарлари кенгашининг жорий йилнинг 12-13 сентябрь кунлари Бишкекда бўлиб ўтган, долзарб халқаро ва минтақавий масалалар, шунингдек, ташкилотнинг янада ривожланиши истиқболлари бўйича фикр алмашилган навбатдаги йиғилиши якунларини диққат билан ўрганиб чиқди.   Депутатлар дунёда хавфсизлик ва барқарорликка қарши таҳдид ва хатарлар кучайиб бораётган бир шароитда Марказий Осиё ўзининг геосиёсий ва геостратегик аҳамияти, бой табиий захиралари билан жаҳон жамоатчилигининг диққат марказида қолаётганини алоҳида қайд этади. Шу боис, мамлакатимиз Президенти Ислом Каримовнинг ШҲТга аъзо давлат раҳбарлари йиғилишида Афғонистон ва Сурияда содир бўлаётган воқеаларга эътибор қаратилган мурожаати ниҳоятда долзарб ҳисобланади.   O`zLiDeP фракцияси хунрезликларнинг Суриядан ташқарига тарқалишига йўл қўйиб бўлмайди, деган позицияда туради. Афғонистон масаласида эса партия нуқтаи назари аввалгидек қолади, яъни афғон муаммосининг ҳарбий ечими йўқ, ягона тўғри йўл – бу сиёсий ечим, БМТ шафеълигида музокаралар ўтказиш ва курашаётган томонларнинг консенсусга эришиши йўлидир. Шу билан бирга, O`zLiDeP Афғонистонга нисбатан ўзаро миллий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда икки томонлама асосда яхши қўшничилик ва ҳамкорлик сиёсати юритилиши тарафдоридир. Умуман, партиямиз ШҲТ доирасидаги муносабатларни баҳолар экан, ташкилот Хартиясидаги мақсадлар, вазифалар ва тамойилларга қатъий мос келадиган синалган сиёсатни давом эттиришнинг, ҳамкорликнинг барча аъзо давлатлар манфаатларига бирдек мос келадиган энг асосий йўналишларини амалга оширишнинг муҳимлигига ишонади.   

Раҳматилла КАРИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси,
Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси

Сир эмаски, бугунги кунда халқаро муносабатлар шиддатли тус олиб, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалаларига, ҳозирги сиёсат ва иқтисодиёт воқелигига жиддий таъсир ўтказмоқда. Шу боис, ШҲТга аъзо Давлат раҳбарлари кенгашининг яқинда Бишкекда бўлиб ўтган, глобал таҳдид ва хатарларга қарши биргаликда самарали курашиш, ШҲТ ҳудудида барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалалари муҳокама этилган навбатдаги йиғилишининг шу жиҳатини кўрсатиб ўтиш жоиз.

Шуларни ҳисобга олиб, фракциямиз ШҲТ доирасида аъзо давлатлар ўртасидаги яхши қўшничилик, дўстлик ва шериклик алоқаларини чуқурлаштириш мақсадида сиёсий, иқтисодий ва бошқа соҳалардаги амалий ҳамкорликни янада кучайтиришни принципиал ҳисоблайди. Бу эса, ШҲТнинг замонавий хатар ва таҳдидларга қарши самарали курашиш имкониятларини кенгайтиради. Шунинг учун, фракциямиз Ўзбекистон раҳбарининг транспорт коммуникацияси, ШҲТнинг Тараққиёт жамғармасини ва Тараққиёт банкини ташкил этиш каби йирик қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг муҳимлиги тўғрисидаги сўзларига эътибор қаратади. Жумладан, O`zLiDeP фракцияси экспертлари фикрича, ШҲТ Тараққиёт жамғармаси ва Тараққиёт банкини ташкил этиш ташкилот доирасида устувор ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришнинг кўп томонлама механизмларини яратиш йўлидаги муҳим қадам бўлади, ШҲТга аъзо давлатлар олдида турган умумий вазифаларни янада самарали ҳал этишга ёрдам беради. 

O`zLiDeP ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик ривожининг шундай йўналишда давом этиши миллий иқтисодиётни модернизациялаш, яқин инвестициявий шериклик, транспорт ташувлари ва коммуникациялари, инновацион технологиялар ва агросаноат комплексидаги ҳамкорлик каби муҳим масалаларни ҳал этишга кўмак бўлишига ишонади. Бу илмий-техникавий ва маданий-ижтимоий соҳалардаги, туризм борасидаги ўзаро ҳамкорликнинг янада ривожланишига ҳам тааллуқлидир. Зеро, бу яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларининг, маънавий яқинликнинг янада мустаҳкамланишига, ШҲТ ҳудудида яшовчи халқларнинг манфаатларига хизмат қиладиган маданиятлараро мулоқотнинг кенгайишига ёрдам беради.   Муҳаммаджон ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси,
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва Сенат томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясида юртимизнинг ҳаётий муҳим манфаатлари туташган Марказий Осиё минтақаси мамлакатимиз ташқи сиёсий фаолиятидаги асосий устувор йўналиш этиб белгиланган. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг ШҲТга аъзо Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилиши доирасида Қирғизистон Республикаси Президенти А.Атамбаев билан бўлиб ўтган учрашувини тилга олмоқчиман. Унда мамлакатимиз раҳбари ШҲТ доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ташкилот фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган, давлат бошлиқлари даражасида имзоланишга тайёрланган бир қанча ҳужжатларнинг қабул қилиниши муҳимлигини таъкидлади.

Бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар ўзаро товар айрбошлашни кенгайтиришга, икки томонлама транспорт коммуникацияси алоқаларини ривожлантиришга қаратилган аниқ чора-тадбирлар ва таклифларни муҳокама этди. Чегараолди ҳудудлардаги ҳамкорликни яхшилаш, шунингдек, икки давлатнинг яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш билан боғлиқ бошқа масалалар бўйича келишувга эришилди.

Фракциямиз фикрича, буларнинг барчаси Ўзбекистон ўзининг яқин қўшниларига нисбатан ҳамиша очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат юритиш, минтақадаги мавжуд сиёсий, иқтисодий ва экологик муаммоларни ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва тамойиллари асосида ҳал этиш тарафдори эканининг ёрқин мисолидир.

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме