18:45 15.08.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Сайлов тизими такомиллаштирилмоқда
Фракция йиғилишида ушбу қонун лойиҳаси «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси» талабларидан келиб чиққан ҳолда тайёрланиб, парламент қуйи палатасидаги бир гуруҳ депутатларнинг қонунчилик ташаббуси асосида кун тартибига киритилаётгани таъкидланди.– Мазкур қонун лойиҳаси Марказий сайлов комиссияси аъзолари, тегишли вазирлик ва идораларнинг экспертлари, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида атрофлича муҳокама қилинди, – деди йиғилишда ташаббускор гуруҳ аъзоларидан бири, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Акмал Саидов. – Жумладан, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида шу мавзуда 50 дан зиёд семинар ва давра суҳбатлари, 2 та халқаро конференция ўтказилиб, уларда билдирилган 80 дан ортиқ таклиф ва тавсиялар умумлаштирилди. Бундан ташқари, қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида АҚШ, Канада, Германия, Франция, Испания, Жанубий Корея ва Япониянинг сайлов қонунчилиги танқидий-таҳлилий жиҳатдан ўрганиб чиқилди. O`zLiDeP фракцияси аъзоларининг фикрича, қонун лойиҳасида сайловолди ташвиқоти жараёнининг моҳиятини очиб бериш ва унинг бир хил тушунилишини таъминлаш мақсадида айнан «сайловолди ташвиқоти» тушунчасига аниқ таъриф берилгани эътиборга моликдир. Бу тушунча «сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни депутатликка номзод ёки сиёсий партия учун овоз беришга ундашга қаратилган фаолият» сифатида белгилаб қўйилмоқда.Қонун лойиҳасига сайлов куни ва сайлов бошланишидан бир кун олдин сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги норма ҳам киритилмоқда. Таклиф этилаётган бу норма сайловчиларга ўз нуқтаи назарини аниқлаштириб олиш, қайси сиёсий йўлни маъқул деб топиб, ким учун овоз бериш тўғрисидаги масала юзасидан онгли қарор қабул қилиш учун қўшимча вақт берилишини назарда тутади. Шунингдек, янги норма овоз бериш арафасида турли суиистеъмолликлар ва қоидабузарликларнинг олдини олишга ҳам хизмат қилади.— Шу ўринда бир нарсага алоҳида эътибор қаратиш керак, — деди O`zLiDeP фракцияси аъзоси Фахриддин Солиев. — Маълумки, сайловолди ташвиқоти асосан оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилади. Бугун замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жадал тараққий этаётгани, хусусан, интернетдан фойдаланувчилар доираси кундан кунга кенгайиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, сайловолди ташвиқоти мазкур глобал тармоқдаги сайтларда ҳам сайловдан бир кун олдин тўхтатилганини аниқлаш механизмини ишлаб чиқиш долзарб масаладир.Сайловолди ташвиқотининг самарадорлигини ошириш мақсадида 2004 ва 2009 йиллардаги сайлов кампанияларининг чуқур таҳлилидан келиб чиқиб, қонун лойиҳасида сайловолди ташвиқотини олиб бориш турлари, шакллари ва усуллари белгилаб қўйилмоқда. Чунончи, сиёсий партиянинг ўз номзодлари учун овоз беришга даъват этувчи дастури ёки Сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни, депутатликка номзод ҳақидаги маълумотларни тарқатиши ташвиқот турлари сирасига киритилмоқда. Сайловолди ташвиқоти шакллари сифатида эса омма олдида баҳс-мунозаралар, матбуот конференциялари уюштириш, интервью бериш, сайловчилар иштирокидаги йиғилишларда сўзга чиқиш алоҳида кўрсатиб ўтилмоқда.— Оммавий ахборот воситалари, жумладан, телевидениедан фойдаланиш, босма, кўргазмали, аудиовизуал материалларни чиқариш ва тарқатиш сайловчилар билан учрашувлардаги ташвиқотнинг кенг қўлланадиган усулларидир, — деди O`zLiDeP фракцияси аъзоси Тўлқин Турсунов. — Депутатликка номзодлар, сиёсий партиялар сайловолди ташвиқотининг қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа тури, шакли ва усулларидан ҳам фойдаланиши мумкин.Амалдаги қонунчиликка биноан, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлмайдиган сайловчи участка сайлов комиссиясидан сайлов варақасини талаб қилиб олиш ва қайси номзодга овоз бериши ҳақидаги қарорини ёпиқ конвертда қолдириш ҳуқуқига эга. Бироқ унда бу жараённинг аниқ муддати ҳамда тартиб-таомили белгиланмаган. Янги нормага кўра, муддатидан олдин овоз бериш сайловдан 10 кун аввал бошланиши ва сайловга бир кун қолганда тугатилиши назарда тутилмоқда. Қонун лойиҳасида, шунингдек, кузатувчиларга Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов бўйича конференциясида иштирок этиш ҳуқуқи ҳам берилмоқда. Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши сайлов эркинлиги принципини тўлиқ амалга ошириш, сайлов тизимини янада демократлаштириш, сиёсий партияларга тенг шароитлар яратиш ҳамда сайловнинг ошкора ва очиқ-ойдинлигини таъминлашга хизмат қилади.
Озод РАЖАБОВ,«ХХI asr» ижтимоий-сиёсий газетаси
Обсудить новость на Форуме