23:16 20.05.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
СУҒУРТА ҚОНУНЧИЛИГИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА
Маълумки, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада такомиллаштириш энг муҳим устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб берилган. Бу жараёнда банк ва бошқа молиявий хизматлар бозорида рақобатни кенгайтириш, мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, юксак халқаро стандартлар талабига мос замонавий бозор инфратузилмасини ривожлантириш ўзига хос аҳамият касб этади.Бунинг учун эса банк-молия соҳасини, лизинг, кредит уюшмалари, микромолиявий ташкилотлар каби суғурта компаниялари фаолияти қонунчилик базасини такомиллаштириш талаб этилади.Зеро, суғурта – молия тизимининг стратегик аҳамиятга эга соҳаси бўлиб, иқтисодиётга салмоқли инвестицияларни киритишда алоҳида ўрин эгаллайди. Суғурта юридик ёки жисмоний шахслар тўлайдиган суғурта мукофотларидан, шунингдек, суғурталовчининг бошқа маблағларидан шакллантириладиган пул фондлари ҳисобидан муайян воқеа (суғурта ҳодисаси) юз берганда ушбу шахсларга суғурта шартномасига мувофиқ суғурта товонини (суғурта пулини) тўлаш йўли билан уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган молиявий инфратузилманинг ажралмас таркибий қисми сифатида хўжалик юритувчи субъектларнинг ва жисмоний шахслар мулкий манфаатлари кафолатли ҳимоясининг асосий усулларидан бири бўлиб, уларнинг узлуксиз ва барқарор ривожланишини таъминловчи муҳим омиллардан ҳисобланади.Шу ўринда таъкидлаш керакки, 2013 йилнинг 1 апрель ҳолати бўйича республикамизда 33 та суғурта компанияси мавжуд бўлиб, улардан 31 таси умумий суғурта, 2 таси ҳаётни суғурта қилиш соҳасида фаолият юритмоқда.Яна шуни қайд этиш лозимки, корхона, ташкилот ва давлатнинг, шунингдек, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида суғуртанинг ихтиёрий, мажбурий ёки давлат мажбурий суғурта турлари амалиётга татбиқ этилган. Ихтиёрий суғурта турлари хўжалик юритувчи субъект ёки фуқаронинг хоҳиш ва иродаси асосида амалга оширилса, етказилган зарарни қоплаб бериш масаласи умумдавлат даражасида кўрилган ҳолларда мажбурий ёки ихтиёрий суғурта турлари жорий қилинади. Аниқроқ қилиб айтганда, мажбурий суғурта ўз ичига жамият манфаатлари нуқтаи назаридан устувор бўлган суғурта объектларини қамраб олади.Ўзбекистонда суғурта фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш бўйича қонунчилик тизими мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидаёқ яратилган. Фуқаролик кодексининг 52-бобидаги 50 тага яқин модда ҳамда “Суғурта тўғрисида”ги қонун суғурта институтининг ҳуқуқий пойдеворини ташкил қилади.Суғуртанинг биргина мажбурий тури бўйича бир нечта қонун қабул қилинганлигини эътироф этиш жоиз. Улар 1993 йилда қабул қилинган “Умумий фойдаланишдаги ҳаво, темир йўл, ички сув ва автомобиль транспорти йўловчиларининг мажбурий шахсий суғуртаси тўғрисида”ги, 2008 йилда амалиётга татбиқ этилган “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги ҳамда 2009 йилда кучга кирган “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонунлар бўлиб, ҳар бири ўзига хос мазмун-моҳиятга эга.Масалан, “Умумий фойдаланишдаги ҳаво, темир йўл, ички сув ва автомобиль транспорти йўловчиларининг мажбурий шахсий суғуртаси тўғрисида”ги қонун давлат суғурта органлари билан ҳаво, темир йўл, ички сув ва автомобиль транспорти йўловчилари ўртасидаги суғурта воқеаси бошланиши биланоқ, ҳаво, темир йўл, ички сув ва автомобиль транспорти йўловчиларининг мажбурий суғуртасига доир муносабатларни тартибга солади. Айни шу аснода жамият ривожланган сари ҳуқуқий муносабатлар ҳам ўзгариб бориши, унга мувофиқ, мавжуд қонун ва қонун ҳужжатларини такомиллаштириш эҳтиёжи вужудга келишини эътироф этишга тўғри келади. Бу суғурта бозорининг ривожи билан ҳам боғлиқ ҳисобланиб, давр талабидаги ўзгаришларга доимий равишда мослашиш, бу йўналишда режали равишда чора-тадбирлар амалга ошириш мазкур соҳа қонунчилигини ҳам такомиллаштиришни талаб этиши табиий.Бундан ташқари, амалдаги қонунлар ижросини парламент назорат-таҳлил фаолияти доирасида ўрганиш якунлари ҳам бу талаб қанчалик ҳаққонийлигини исботламоқда. Яъни, ўрганишлар мазкур қонуннинг бир қатор нормалари бугунги кун талабига жавоб бермай қолганлигини кўрсатмоқда. Шу боисдан ҳамда халқаро тажриба инобатга олиниб, “Умумий фойдаланишдаги ҳаво, темир йўл, ички сув ва автомобиль транспорти йўловчиларининг мажбурий шахсий суғуртаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва у Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган мажлисида биринчи ўқишда қабул қилинди.Қонун лойиҳасида таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни икки йўналишга ажратиш мумкин. Биринчидан, амалдаги қонун нормаларининг бир хилда талқин қилиниши ва вужудга келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш мақсадида киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар. Иккинчидан. Қонуннинг айрим нормаларини бугунги кун қонунчилик техникасига мослаштириш учун таҳририй ўзгартириш ва қўшимчалар қонун лойиҳасидан ўрин олган. Масалан, ҳозирги вақтда давлат суғурта органлари йўқлиги ҳисобга олиниб, амалдаги қонуннинг қатор моддаларидан давлат суғурта органлари, деган сўзларни чиқариб ташлаш таклиф этилмоқда. Қонун лойиҳасида тегишли турдаги суғуртани амалга оширишга лицензияси бўлган ва суғурта товони тўлаш мажбуриятини олган, тижорат ташкилоти бўлган юридик шахс суғурталовчи, деб эътироф этилади, деган таърифни киритиш назарда тутилмоқда.Қонун лойиҳасини тайёрлашда Россия Федерацияси, Украина, Хитой, Япония каби давлатларнинг бу борадаги тажрибаси ҳамда Суғурта назоратлари халқаро уюшмасининг принциплари ва стандартлари атрофлича ўрганилди.Айни пайтда қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёни доирасида уни тегишли вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан янада мукаммаллаштириш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.
Шароф АМОНОВ,Олий Мажлис Қонунчиликпалатаси депутати
www.biznes-daily.uz
Обсудить новость на Форуме