20:00 22.10.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

СТМ тадбирлари қандай натижа бермоқда?

2012 йили O’zLiDeP Самарқанд вилоят кенгаши қошидаги «Сиёсий таълим маркази»да таҳсил олган 120 нафардан ортиқ ёш кадрларнинг 30 нафардан ортиғи турли раҳбарлик лавозимига тайинландилар.

Албатта, бундай маълумотлар СТМ фаолиятидаги кадрлар тайёрлаш, улар малакасини ошириш масалаларида муайян натижаларга эришилаётганини кўрсатади. O’zLiDeP Самарқанд вилоят кенгаши «Сиёсий таълим маркази» раҳбари Жамила Сайфиддинованинг маълум қилишича, марказ мутахассислари томонидан олиб борилаётган турли ўқувлар, семинар-тренинглар, энг аввало, O’zLiDePнинг истиқболли кадрлар захирасини мустаҳкамлаш имконини бераяпти. Мана, бир мисол. Пастдарғом туман Молия бўлими мутахассиси вазифасида ишлаган депутат Қулмирза Қаршиев СТМда ўз малакасини оширганидан кейин туман Пенсия жамғармаси раислигига тайинланди. Яна бир депутат Раҳматилла Шодиев Пайариқ туман ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида иш бошлади. Шу ўринда 2013 йилнинг ўтган даврида СТМ томонидан уюштирилган тадбирларда  маҳаллий кенгаш депутатларидан 199 нафар, бошланғич ташкилот раҳбарларидан 736, партия фаолларидан 1532 нафари қатнашиб, истиқболли кадрлар захирасига олинганини таъкидлаш лозим. 

Агар тадбирлар мавзусини таҳлил этсак, унда асосий эътибор Юртбошимиз маърузалари, фармон ва қарорлари моҳиятидан келиб чиққанига, уларда белгилаб берилган устувор йўналишлар семинар-тренинг ва давра суҳбатларининг асосий предметига айланганини кўриш мумкин. 

Айниқса, «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси», «Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида», «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида, «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари депутатлик гуруҳи аъзолари ва бошланғич партия ташкилотлари раислари учун уюштирилган ўқув-семинарларда бош мавзу бўлиб, иштирокчиларга уларнинг мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ таҳлил этиш имконини берди. Сўзангарон тиббиёт ва Самарқанд банк коллежларида эса «Ишбилармон талаба» лойиҳаси доирасида «Маҳаллада оилавий бизнесни ривожлантиришда «Ёшлар қаноти»нинг роли ва вазифалари» мавзуида давра суҳбатлари ташкил этилди. 

Самарқанд Иқтисодиёт ва сервис институтида ташкил этилган мулоқотларда эса Юртбошимизнинг «Бош мақсадимиз — кенг кўламли ислоҳотлар ва модернизация йўлини қатъият билан давом эттириш» номли маърузасидан келиб чиқадиган партиявий вазифалар ижроси партия масъул ходимлари, фаол талабалар ва профессор ўқитувчилар ўртасида атрофлича муҳокама қилинди. 

Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтида Марказий банк вилоят бошқармаси, Савдо-саноат палатаси, Солиқ ва Божхона бошқармалари, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси, партия фаоллари – тадбиркор ва ишбилармонлар ҳамда талабалар иштирокида оилавий тадбиркорликнинг афзалликлари ва бу борада қонунчиликда яратилган имтиёзлар атрофлича кўриб чиқилди.

Шу ўринда СТМ қошида беш йилдан бери иш олиб бораётган «Ёш сиёсатчилар» клуби ёшлар фаоллигини оширишга муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлаш жоиз. Клуб тадбирларида Президентимиз асарлари ёшлар томонидан мутолаа қилиниб, улар юзасидан ўзаро фикр алмашилмоқда. 

«Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси нормаларининг синови бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш тўғрисида»ги Президент  фармойиши асосида ҳам марказ томонидан қатор давра суҳбатлари, амалий семинарлар ўтказилди. Уларда партиянинг ҳудудлардаги масъул ходимлари, депутатлар, бошланғич партия ташкилоти раҳбарлари иштирок этиб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти хусусидаги таҳлилий маълумотларни қаёсан ўргандилар. Тадбирлар якунида ҳуқуқий эксперимент жараёнида кўзга ташланаётган айрим муаммолар юзасидан депутатларнинг фикр-мулоҳазалари ҳам эшитилди. 

«Сиёсий таълим маркази» ўз фаолиятида ёшларга кўпроқ эътибор қаратаётганини, айниқса, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш масаласига алоҳида урғу бераётганини таъкидлаш мумкин. Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтида «Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва рўйхатга олиш билан боғлиқ тартиб-таомилларни жадаллаштириш масалалари» мавзусидаги семинар ҳам бунга мисол бўлиши мумкин. Унда халқ депутатлари маҳаллий кенгаш депутатлари, Марказий банк вилоят бошқармаси, Савдо-саноат палатаси сингари ташкилот вакиллари, 300 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка оид янги қонунларни таҳлил қилдилар.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, O’zLiDeP Самарқанд вилоят кенгашидаги «Сиёсий таълим маркази» ўз зиммасига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажаришга интилмоқда.

Бу эса ўз-ўзидан O’zLiDeP илгари сураётган ғоя ва мақсадларнинг янада оммалашувига хизмат қилаяпти. 

"XXI" аср ижтимоий - сиёсий газетаси2013 йил 17 октябрь, 42 (518)-сон

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме