21:00 28.02.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

СОҒЛОМ АВЛОДНИ ТАРБИЯЛАШ ИШЛАРИ ЯНАДА ЮҚОРИ БОСҚИЧГА КЎТАРИЛДИ

 Абдуқодир ТОШҚУЛОВ,Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDePфракцияси аъзоси
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан тасдиқланган “Соғлом бола йили” Давлат дастури соғлом, баркамол авлодни тарбиялашга қаратилган қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш учун қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, янги қонунлар ва меъёрлар ишлаб чиқишни ҳам ўз ичига олади. Ушбу Дастурнинг кўлами ва мажмуавийлигини 125 та лойиҳани амалга ошириш учун турли молиявий манбалардан 4,5 триллион сўм ва 302,9 миллион доллар йўналтирилиши ҳам кўрсатиб турибди. 
“Соғлом бола йили” Давлат дастурини таҳлил қилар эканмиз, ёш оилаларнинг шаклланишига моддий ёрдам кўрсатиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишни таъминлаш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, аёлларнинг ўзини намоён этиши ва уларнинг кунлик уй меҳнатини енгиллаштириш учун зарур шароитлар яратишга қаратилган йўналишларини алоҳида кўрсатиш мумкин. Бу эса, соғлом ва тотув оила маҳсули бўлмиш соғлом фарзанд туғилиши, оилада меҳр ва ўзаро ҳурмат, юксак ахлоқий ва маънавий қадриятлар шаклланиши учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади. 
Соғлом ва баркамол авлод тарбияси, замонавий талабларга жавоб берадиган соғлиқни сақлаш, таълим, маданият ва ижтимоий муҳофаза муассасаларини барпо этишга давлат ва жамиятнинг қўллаб-қувватлови ва ёрдамини кучайтириш масалаларига эътибор қаратилгани O‘zLiDeP учун ҳам муҳим ҳисобланади. Зеро, партия уларнинг ривожланиши учун ажратилган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш, соғлом бола тарбияси бўйича илғор халқаро тажрибаларни ўрганиш ва жорий этишнинг муҳимлигини алоҳида таъкидлаб келади.
Полянте СВЕШНИКОВ,Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси
“Соғлом бола йили” Давлат дастурининг қабул қилиниши эртанги кунга ишончнинг бир кўриниши ўлароқ, болалар, ёш авлодга эътибор ва чексиз ғамхўрликнинг навбатдаги ифодаси, Ўзбекистон ўз олдига қўйган олижаноб мақсад ва вазифаларни амалга ошириш, бутун давлат ва жамият кучини бир ғояга қаратишда мантиқий қадам бўлди.
Ўз навбатида, O‘zLiDeP фракцияси соғлом, баркамол авлодни тарбиялашнинг қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилишини қайд этади. Шу ўринда “Болаларни уларнинг жисмоний ва маънавий ривожига салбий таъсир этадиган ахборотлардан сақлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини алоҳида кўрсатиб ўтиш жоиз. Чунки, Қонунчилик палатасининг ушбу йўналишда ишлайдиган қўмитасини, сиёсий партиялар фракциялари ўртасидаги келишувга кўра, O‘zLiDeP депутати бошқаради. Партиямиз фракцияси ушбу қонун лойиҳаси болаларни уларнинг руҳиятини бузадиган, шикаст етказадиган ахборотлар таъсиридан ҳимоя қиладиган, ОАВда шафқатсизлик ва зўравонликнинг тарғиб этилишига йўл қўймайдиган таъсирчан ташкилий-ҳуқуқий механизмларни кўзда тутиши керак, деб ҳисоблайди. 
“Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг янги таҳрири устида ишлаш жараёнида фракциямиз жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги амалдаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, жумладан, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш, жисмоний тарбия ва спорт соҳаси мутахассисларини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, юқори тоифали спортчилар ва спорт захирасини тайёрлаш учун зарур шароитлар яратиш бўйича талаблар киритишга эътибор қаратишни режалаштирмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунига нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш ўрнига нодавлат таълим фаолиятини лицензиялашни ҳам кўзда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш режалаштирилган. Нодавлат таълим фаолияти билан фақат муассаса шаклида ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилотлар шуғулланиши мумкин, деган мавжуд чеклашлар бартараф этилади (кўплаб мамлакатлар, аввало, ривожланган мамлакатларда нодавлат таълим фаолияти, асосан, фойда олиш мақсадида амалга оширилади.
“Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини тайёрлаш жараёнида ёшлар сиёсатининг қонунчилик асосларини такомиллаштириш, жумладан, ёшлар сиёсатининг устувор йўналишларини аниқлаш, давлат органларининг ёшлар сиёсатини амалга ошириш устидан жавобгарлигини, вояга етмаганларнинг ижтимоий муҳофаза этилишини кучайтиришга эътибор қаратилади.
Умуман, Ўзбекистоннинг демократик жамият ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш, барқарор иқтисодий тараққиёт, республиканинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш йўлидаги муваффақиятларининг асоси келажаги буюк давлат қуришга қодир жисмоний соғлом ва маънан етук авлоддир, деган қарашнинг нақадар тўғри эканини ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди. “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида соғлом, баркамол авлодни тарбиялашнинг қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш бу юксак мақсадларга етишиш учун хизмат қилишига ишонамиз.

Нодира КАРИМОВА, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси
“Соғлом бола йили” Давлат дастурини чуқур ўрганиш унинг амалда сўзсиз бажарилиши стратегик жиҳатдан муҳим эканини кўрсатиб беради. Шу боис, Давлат дастурига киритилган чора-тадбирларнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, ҳудудлардаги давлат ҳокимияти органлари томонидан тўла ва ўз вақтида бажарилиши устидан қаттиқ депутатлик назорати ўрнатиш бўйича қонун асосида парламентга берилган ваколатлардан фойдаланиш сифатини янада оширишни ўта муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Жумладан, фракциямиз “Соғлом бола йили” Давлат дастуридаги маҳаллалар ва бошқа жамоатчилик тузилмаларининг соғлом бола, айниқса, қизларни тарбиялашдаги ролини ошириш, ҳуқуқи ва имкониятларини кенгайтириш, уларнинг замонавий билим ва касбларни эгаллашига кўмаклашиш, тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида турли тўгаракларга жалб этишга оид жиҳатларини алоҳида кўрсатиб ўтади.

O‘zLiDeP партиянинг оммавий ахборот воситалари ва расмий сайтидан фаол фойдаланган ҳолда “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг мақсад ва вазифалари юзасидан кенг тарғибот-тушунтириш ишларини ташкил этишга ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишига ишонамиз. Бу, O‘zLiDeP депутатларининг учрашувлар чоғида “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг мақсад ва вазифалари, асосий йўналишлари, жумладан, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш масалаларига оид чора-тадбирларни сайловчиларга мунтазам, тизимли ва чуқур етказиб беришига ҳам тааллуқлидир.

Умуман, O‘zLiDeP фракцияси қабул қилинган Давлат дастури Ўзбекистонда мустақил фикрлайдиган, интеллектуал салоҳияти ривожланган, чуқур билим ва замонавий дунёқарашга эга, мамлакат тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир жисмоний соғлом, маънан етук ва баркамол авлодни тарбиялаш бўйича изчил амалга оширилаётган давлат сиёсатини янги босқичга кўтаришга хизмат қилишига ишонади. 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме