10:15 15.06.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
СОҒЛОМ АВЛОДНИ ТАРБИЯЛАШ ЙЎЛИДА ЯРАТИЛГАН ШАРТ-ШАРОИТЛАР
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “Аёллар қаноти” ташаббуси билан Юнусобод туманида “Мамлакатимизда соғлом авлодни тарбиялаш йўлида яратилган шарт-шароитлар ва улардан самарали фойдаланиш масалалари: эришилган натижалар ҳамда навбатдаги вазифалар” мавзуида тадбир ўтказилди.
– Ҳар бир оиланинг бахтиёрлиги ва фаровонлиги жамият барқарорлиги, гуллаб-яшнаши ҳамда фаровонлигини таъминлайди, - деди тадбирда сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодира Каримова. – Соғлом демократик жамият яратишнинг муҳим шартларидан бири ҳар жиҳатдан соғлом, маънавияти юксак, мустақил фикрловчи янги авлодни тарбиялашдир.
Депутат ўз сўзида ФҲДЁ органлари томонидан 15-16 ёшли аёллардан туғилган болаларга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар берилиши қайд этилаётгани, баъзан никоҳ ёшига етмаган ёки коллежда ўқиётган қизларни турмушга узатиш ҳоллари кузатилаётганини таъкидлаб: “Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти хулосаларига кўра, ҳар йили 18 ёшгача бўлган давр мобайнида ҳомиладорлик ва туғиш оқибатида дунё мамлакатларида миллионлаб бола ва она ўлими қайд этилади. Биз мутасаддилар бу каби салбий ҳолатлар бўлмаслиги учун кескин қарши туришимиз керак”, – деди.
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати М.Акрамова партиянинг “Соғлом оила-мустаҳкам оила” лойиҳаси ҳақида батафсил тўхталиб, ундан мақсад партия Дастури ва Сайловолди платформасида белгиланган ғоя ва мақсадларни тарғиб қилиш, хотин-қизларнинг тиббий саводхонлигини ошириш ҳамда соғлом авлодни тарбиялашда аёлларнинг ўрни ва роли тўғрисида тушунтириш ишларини олиб боришдан иборат эканини билдирди.
Шунингдек, у мазкур лойиҳа аёлларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза этиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва тарғиб қилиш, ёш қизларни спортга жалб этиш, хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик, алкоголизм, гиёҳвандлик, чекиш каби зарарли иллатлар тарқалиши олдини олиш каби мақсадларни ҳам кўзлаганини эътироф этди.
Партиянинг Чилонзор туман Кенгаши раиси ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Д.Мираҳмедова эса O‘zLiDeP Дастурида партия аёлларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва тадбиркорлик фаолиятидаги ўрнини оширишга алоҳида эътибор қаратиши белгилаб қўйилгани жуда муҳим жиҳат эканини таъкидлади.
“Партия ҳозирги давр тиббиётининг янги ютуқларига таянган ҳолда дунёда илғор ўринларга интилаётган Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш ривожи, оналик ва болаликни ҳимоялаш, умр узоқлигини таъминлаш йўлида курашади. Зеро, юксак маънавиятли, ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш Ватанимизнинг порлоқ келажагини таъминлаш ва барча эзгу мақсадларимизни рўёбга чиқаришнинг муҳим омилидир”, – деди Д.Мираҳмедова.
Тадбир сўнггида партиянинг янги аъзоларига партия гувоҳномалари топширилди.
Тадбирда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, “Аёллар қаноти” ва маҳаллалар фаоллари иштирок этди.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме