22:30 29.04.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
“СОҒЛОМ АВЛОД УЧУН” ЖАМҒАРМАСИ - БУ РЕПРОДУКТИВ САЛОМАТЛИКНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ МИЛЛИЙ МОДЕЛИНИ ЯРАТГАН ТУЗИЛМА
Айни кунларда “Соғлом авлод учун” хайрия жамғармаси ташкил топганининг 20 йиллиги нишонланмоқда. Шу муносабат билан O’zLiDePнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Нодира Каримова ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Ўзбекистонда мустақилликнинг илк кунлариданоқ “Ислоҳот ислоҳот учун эмас, инсон учун” тамойили ҳаётга татбиқ этилмоқда. O’zLiDeP фракцияси ушбу тамойилдан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда замонавий бозор механизмлари, иқтисодий воситалар ва рағбатлар янада кенг жорий этилиши тарафдори бўлиб келмоқда ва бунинг учун барча саъй-ҳаракатларини ишга солмоқда. Партиямизнинг ҳозирги кунда амалга оширилаётган Сайловолди дастурида ривожланган иқтисодиёт ва кучли ўрта синф аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишнинг самарали кафолатларидан бири сифатида кўрилади. Фақат айрим рақамларни келтириб ўтаман. Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимиз иқтисодиёти қарийб 3,7 баробар ўсди. Бунинг натижасида аҳоли жон бошига реал даромад 7 баробар, нафақанинг ўртача миқдори қарийб 9 баробар, иш ҳақи 18 баробар ошди. Азал-азалдан болажон, оилага меҳр-садоқатли халқимиз қалбида доим сақланиб келаётган бундай олижаноб интилишлар ва мақсадлар мустақиллик йилларида Ўзбекистонда том маънодаги умуммиллий ҳаракатга айланди. Шу маънода, кучли иқтисодиёт элимизга тарихан ва маънан хос бўлган сахийлик, хайрихоҳлик фазилатини янада бойитишга имконият берганига гувоҳ бўламиз. Бу ўринда O’zLiDeP электорати вакиллари эзгу мақсадларга эришиш йўлида турли хайрия ташкилотлари билан яқин ҳамкорликка ўз ҳиссасини қўшаётганини алоҳида тилга олиш мумкин. Мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк ноҳукумат ташкилот, жуда муҳим ва масъулиятли масалаларни ечишда катта ютуқларга эришган “Соғлом авлод учун” жамғармасини алоҳида қайд этган бўлардим. Президент Ислом Каримов “Соғлом авлод учун” хайрия жамғармасининг 20 йиллигига бағишланган “Соғлом авлод – миллат келажаги” халқаро илмий-амалий анжумани иштирокчиларига йўллаган табригида таъкидлаганидек, жамғарма дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилган “Соғлом она – соғлом бола” дастурини ҳаётга жорий этишда жуда муҳим роль ўйнади. Жумладан, юртимизда репродуктив саломатликни таъминлаш бўйича шаклланган миллий модель энг яхши минтақавий дастур сифатида БМТ томонидан Шарқий Европа, Болтиқбўйи ва МДҲ мамлакатлари учун тавсия этилди. Бундай улкан муваффақиятларга эришишда кўплаб давлат ва жамоат ташкилотлари қаторида “Соғлом авлод учун” хайрия жамғармасининг ҳам муносиб ўрни бор. Шу муносабат билан O’zLiDeP, унинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси жамғармага, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш каби масъулиятли вазифани ўз зиммасига олган барча фидоий инсонларга билдирилган эзгу табрикларга қўшилади.
Нодира КАРИМОВА,Фан таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси,Ўзбекистон Республикаси Олий МажлисиҚонунчилик палатасидаги O’zLiDeP фракцияси аъзоси
Обсудить новость на Форуме