22:15 12.09.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

«СИЁСИЙ ТИЗИМНИ ДЕМОКРАТЛАШТИРИШ: КЎППАРТИЯВИЙЛИКНИНГ РИВОЖЛАНИШИ»

O`zLiDeP ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан жойларда ўтказилаётган ана шу мавзудаги давра суҳбатларида «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги янги қонун лойиҳаси кенг муҳокама қилинмоқда Аниқ режа асосида ташкил этилаётган тадбирлардан кўзда тутилган асосий мақсад парламент қуйи палатасида биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинган мазкур қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик, авваламбор, электоратга етказиш ҳамда унинг нормаларини янада такомиллаштириш юзасидан таклиф-тавсиялар тайёрлашдан иборатдир. Мамлакат парламенти ва маҳаллий кенгашлардаги O`zLiDeP депутатлари, жойлардаги партия фаоллари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари, фермерлар иштирок этган тадбирлар ҳозиргача Бухоро, Қарши ва Самарқанд шаҳарларида очиқ мулоқот шаклида ўтказилди.

Уч юз нафардан зиёд киши иштирок этган давра суҳбатларида  таъкидланганидек, Ўзбекистонда мустақиллик йилларида сиёсий партиялар фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни шакллантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий ҳамда институционал тизими яратилиб, айни пайтда изчил ривожланмоқда. Халқаро андозаларга жавоб берадиган бу ҳужжатлар сиёсий партияларнинг кенг кўламли фаолият юритишини таъминлайдиган қонунчилик базасини мустаҳкамлашга хизмат қилди. 

«Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси» талаблари асосида Конституциянинг айрим (78, 80, 93, 96 ва 98) моддалари, сайлов қонунчилиги, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Регламентига киритилган ўзгартишлар бу жараённи янги босқичга кўтариш баробарида давлат қурилишида парламент ва сиёсий партияларнинг роли, уларнинг амалга оширилаётган ислоҳотлар тақдири учун масъулиятини ҳам оширди.

Бироқ бугунги давр ва юзага келаётган шароит бундан буён ҳам кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришда сиёсий партияларнинг, айниқса, уларнинг ҳудудий ташкилотлари ва маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари ўрнини кучайтириб боришни тақозо этмоқда. 

 Қонунчилик палатасидаги демократик блокка бирлашган фракциялар (O`zLiDeP, «Адолат» СДП ва «Миллий тикланиш» ДП) аъзолари саналган бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан тайёрланган «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси айнан ана шундай эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилди.

Жойларда ўтказилган тадбирларда O`zLiDeP фракцияси аъзолари сиёсий партияларнинг марказда ва жойларда ижро этувчи ҳокимият идораларини шакллантириш жараёнига фаол таъсирини таъминлаш учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлардан тўлақонли фойдаланиш, шу мақсадда маҳаллий кенгашлардаги партия гуруҳлари фаолиятини жонлантириш, барча бўғиндаги ижро этувчи тузилмаларнинг минтақалар ижтимоий-иқтисодий тараққиётига доир амалий вазифаларни ҳал этишда партияларнинг таъсирини янада ошириш лозимлигини таъкидладилар. Зеро, айни пайтда вакиллик органларида O`zLiDePнинг жами 2084 нафар депутати бўлиб, уларнинг 321 нафари вилоят, 1502 нафари туман ва 261 нафари шаҳар кенгашларида фаолият кўрсатмоқда.

Хўш, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасининг долзарб аҳамияти нималарда намоён бўлади? 

– Амалдаги қонун ҳужжатларида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари кенгашларидаги партия гуруҳларини ташкил этиш тартиби ва фаолиятини тугатиш шартлари, шунингдек, сиёсий партияларнинг жойлардаги ижтимоий-иқтисодий вазифаларни ҳал этишдаги роли ва ўрни етарли даражада очиб берилмаган эди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзоси Маъруф Усмонов. – Муҳокама этилаётган янги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши эса бу борадаги ҳуқуқий асосларни янада такомиллаштиришга хизмат қилади. Бир сўз билан айтганда, сиёсий партияларнинг сайловчилар манфаатини ифодалашнинг янада самаралироқ механизмларни ишлаб чиқишни талаб этадиган ва тобора чуқурлашиб бораётган демократик ислоҳотлар жараёни мазкур қонун лойиҳасини тайёрлаш заруратини юзага келтирди. 

Унинг асосий мақсади маҳаллий вакиллик органларидаги партия гуруҳлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва такомиллаштиришдан иборат. Хусусан, унда партия гуруҳини ташкил этиш тартиби ва шартлари аниқ кўрсатилиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларида партия гуруҳини ташкил этиш учун депутатларнинг энг кам миқдорини беш нафар этиб белгилаш таклиф этиляпти. Партия гуруҳи ўз ташаббусига биноан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки халқ депутатлари кенгашининг ваколатлари муддати тугаганда, партия гуруҳи таркибига кирувчи депутатлар сони уни тузиш учун зарур бўлган миқдордан камайиб кетганда фаолиятини тугатиши мумкин. 

Мазкур ҳужжат партия гуруҳларининг ваколатлари ва ҳуқуқларини сезиларли даражада кучайтиришини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Жумладан, тегишли вакиллик органи комиссиялари раислиги, раис ўринбосарлиги ва аъзолигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш, муайян ҳудуддаги давлат органи раҳбарининг ҳисоботини сессияда эшитиш ташаббуси билан чиқиш ҳақидаги норма ҳам қонун лойиҳасида ўз аксини топмоқда. Аммо бундай қарор депутатларнинг ярмидан кўпи қўллаб-қувватлаган тақдирдагина қабул қилинган ҳисобланади. Муҳими, партия гуруҳларининг тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари кенгашига киритиладиган масалалар бўйича таклифлари албатта кўриб чиқилиши шарт. 

Бир сўз билан айтганда, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар сиёсий партияларнинг, жумладан, O`zLiDePнинг ўз Сайловолди платформаси ва дастурий мақсадларини амалга оширишдаги фаоллигини кучайтириш, шунингдек, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг маъсулиятини янада оширишга хизмат қилади.

– Фермер хўжаликлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва  самарадорлигини ошириш, ҳуқуқ ва ваколатларни кенгайтириш, ер-сув  ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қишлоқни жадал ривожлантириш ва ободонлаштириш, аҳоли бандлиги ва фароволигини таъминлашда аграр соҳа мулкдорларининг ролини кучайтириш масалалари ҳам депутатлик гуруҳларининг энг долзарб вазифасига айланиши керак, – дейди Самарқанд вилоят Фермерлар кенгаши раиси Аваз Ҳосилов. – Ана шу масалалар  бўйича бугун барча туманлардаги Фермерлар кенгашлари ҳамда кўп тармоқли фермер хўжаликларининг раҳбарлари билан O`zLiDeP ҳамкорлигида фермерлик ҳаракатини сиёсий-ижтимоий кучга айлантириш борасидаги ишларни янада кучайтиришимиз лозим. Бу борада нафақат фракция, балки партиянинг маҳаллий кенгашлардаги депутатлик корпуси ёрдамига ҳам таянамиз. «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши эса фермерлар имкониятини янада кенгайтириши билан аҳамиятлидир.

Кези келганда, муҳокамалар ўтказилган вилоятлардаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳлари ўтган даврда қулай бизнес муҳити, хусусий тадбиркорлар манфаати муҳофазаси ва фермерлик ҳаракатини ривожлантириш билан боғлиқ жами 55 та масалани маҳаллий кенгаш сессияларига киритганини таъкидлаш жоиз. Ҳудудлар кесимида олсак, бу кўрсаткич Бухорода 28, Қашқадарёда 21 ва Самарқандда 6 тани ташкил этади. Энг муҳими, кун тартибига киритилган масалаларнинг асосий қисми (тегишли равишда 13, 16 ва 3) қуйи вакиллик органлари – туман (шаҳар) кенгашларидаги O`zLiDeP депутатлари ҳиссасига тўғри келади.

Озод РАЖАБОВ,"XXI" аср ижтимоий - сиёсий газетаси2013 йил 12 сентябрь, 37 (513)-сон 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме