18:45 11.11.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАРНИНГ САЙЛОВЛАРДАГИ ИШТИРОКИ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ ЛОЗИМ
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтида “Сиёсий партияларнинг сайловлардаги иштироки: муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари - Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси мисолида” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Марказий сайлов комиссияси аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти вакиллари, O‘zLiDeP фаоллари, экспертлар иштирок этди.
Давра суҳбатида Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан 2012 йил ва 2013 йилнинг ҳозирги даврига қадар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва вилоят кенгашларидаги бўшаб қолган депутатлик ўринларига ўтказилган сайловлар ва уларда O‘zLiDePнинг иштироки бўйича амалга оширилган мониторинг натижалари тақдим этилди.
Бу ҳақдаги маълумотлар барча иштирокчилар томонидан қизиқиш билан тингланди ҳамда унда илгари сурилган хулосалар юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фаоллари ҳам сиёсий партияларнинг сайловлардаги самарали иштирокига тўсқинлик қилаётган объектив ва субъектив омиллар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича ўз фикрларини баён қилди.
- Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси доирасида миллий сайлов қонунчилигимизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар моҳиятини партиямизнинг ҳар бир аъзоси яхши тушуниб олган бўлиши керак, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодира Каримова. - Чунки бўлажак сайловларда ҳар бир партия аъзоси сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини рўёбга чиқариши билан бирга сайловларда кечадиган ҳар бир жараёнда фаол иштирок этиши талаб қилинади. Шу нуқтаи назардан бўлажак сайловларга ҳозирдан сафарбар бўлиш керак, деб ҳисоблайман. Энг аввало, депутатликка номзодлар захирасига олинган кадрларни ўқитиш, тайёрлаш муҳим аҳамият касб этади. 2014 йилда Олий Мажлис ҳамда Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайловлар ўтказилишини эътиборга олган ҳолда сиёсий партияларнинг сайлов жараёнларига тайёргарлигини таҳлил қилиш ва ўрганиш ҳамда соҳада мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича муҳим чора-тадбирларни ишлаб чиқиш лозим.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати Дилшод Шоумаров O‘zLiDeP Сайловолди платформасида белгиланган вазифалар муваффақиятли ижро этилаётгани ҳудудларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши тобора ошаётгани, фермер хўжаликлари қишлоқда ҳал қилувчи кучга айланганида кўринаётганини таъкидлади.
“Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётидаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 57 фоиздан ошгани юқоридаги фикримиз далилидир. Бунда O‘zLiDePнинг ҳам катта ҳиссаси борлигидан фахрланиш билан бирга юртимизда ишбилармонлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ўрта синф вакиллари манфаатларини қўллаб-қувватлашга доир ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлаш бўйича зиммамизда катта масъулият турганини яхши англаймиз”, - деди Д.Шоумаров.
O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Носир Абдуллаев бўшаб қолган депутатлик ўринларига ўтказилаётган сайловларга Марказий сайлов комиссияси алоҳида аҳамият билан қараши кераклигига урғу берди.
Унинг фикрича, бу ҳокимият идораларининг айрим ҳолатларда кўзга ташланаётган турли аралашувлари олдини олишга ҳамда сайлов эркинлиги ҳуқуқи принципига тўлиқ риоя этилиши ҳамда сайлов демократия талаблари асосида ўтишига хизмат қилади.
Шу билан бирга, давра суҳбатида сайловларда фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлиги, сиёсий партияларнинг иштироки билан боғлиқ айрим муаммоли ҳолатлар учраётгани ҳам қайд этилди. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан ишлаб чиқилган таклиф ва тавсиялар тақдим этилди.
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, мониторинг натижалари сиёсий партияларнинг эркин фаолият кўрсатиши учун яратилган қонунчилик асосида уларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўтказилаётган сайловлардаги иштирокида, хусусан, депутатликка номзод кўрсатишда, сайловолди ташвиқотини амалга оширишда ижобий интилишларни кўрсатмоқда.
Тадбир давомида O‘zLiDePнинг депутатликка номзод кўрсатишга оид фаолияти, сиёсий партиялар ва депутатликка номзодлар томонидан сайловолди ташвиқотини амалга ошириш бўйича сайлов қонунчилигидаги янгиликлар, сайловолди ташвиқотининг шакллари, турлари ва усулларидан фойдаланиш каби кўплаб масалалар муҳокама этилди.
Давра суҳбати якунида O‘zLiDePнинг сайловлардаги иштироки, хусусан, депутатликка номзод кўрсатиш, сайловолди ташвиқотини амалга ошириш ҳамда сайлов участкаларига кузатувчи ва ваколатли вакилларни бириктиришга оид фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме