23:15 10.05.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР ФРАКЦИЯЛАРИ ИМКОНИЯТЛАРИ ОШИРИЛИШИДА ЯНГИ ҚАДАМ

2013 йилнинг 8 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар, O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппарати ходимлари, фракция ҳузуридаги Экспертлар кенгаши аъзолари, соҳа мутахассислари, шунингдек, ОАВ вакиллари иштирок этди. Мажлис очилишида таъкидландики, Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб давлат бошқарувини янгилаш ва демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизациялаш, жумладан, сиёсий партияларнинг ролини оширишга қаратилган чуқур ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясининг қабул қилиниши ва амалга оширилиши ушбу йўналишда бажарилаётган кенг кўламли ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди. Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Регламенти тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши боис юзага келган янги шароитлардаги амалий ишлар ушбу мажлис кун тартибидан ўрин олгани сабабли O’zLiDeP унга жиддий эътибор қаратди. Таъкидландики, ушбу қонуннинг асосий мақсади Қонунчилик палатасидаги қонун ижодкорлиги жараёнининг мавжуд тартибини янада такомиллаштириш, парламент қуйи палатасидаги қонун лойиҳалари муҳокамасида сиёсий партиялар фракциялари ва депутатлик гуруҳлари иштирокининг процессуал механизмларини мукаммаллаштириш ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Регламенти тўғрисида”ги қонунидаги ўзгартиш ва қўшимчаларнинг O’zLiDeP фракцияси учун муҳим жиҳатлари шундаки, улар сиёсий партияларнинг қуйи палатада қонун лойиҳалари муҳокамаларининг барча босқичлари бўйича қабул қилинадиган қарорларга таъсирини, O’zLiDePнинг дастурий ҳужжатлари ва сайловчилари манфаатидан келиб чиқиб, қонун ҳужжатларини ҳар томонлама қайта ишлаш ва ўз позициясини ҳимоя қилиш имкониятларини оширади. Партия парламентнинг қуйи палатаси қонунчилик фаолияти тартибига киритилган, қонун лойиҳалари масъул қўмита билан бир қаторда айни пайтда фракцияларга (депутатлик гуруҳларига) ҳам юборилиши, яъни уларни масъул қўмита билан бир вақтда кўриб чиқилишини белгилайдиган нормаларни алоҳида кўрсатиб ўтади. Шу билан бирга, масъул қўмитанинг қонун лойиҳасини фракциялар (депутатлик гуруҳлари)нинг қонун лойиҳаси бўйича фикри ва таклифларисиз муҳокамага киритиши тақиқлангани, O’zLiDeP фикрича, партиялар фракциялари ва депутатлик гуруҳларининг қонун ижодкорлиги фаолияти бўйича ваколатларини янада самарали амалга оширишига имконият беради.  Қизғин муҳокамалар давомида фракция аъзолари қонун ижодкорлиги жараёнининг барча босқичларида фракциялар (депутатлик гуруҳлари)нинг қонун лойиҳаси устида ишлаш ҳуқуқлари кенгайганини таъкидлади. Бу эса, уларнинг фикрича, қонун лойиҳаси муҳокамасининг илк босқичларидаёқ дастурий мақсадларидан келиб чиққан ҳолда ўз позициясини билдириш, қонун лойиҳасининг у ёки бу моддалари бўйича ўз фикрини ҳимоя қилишга имкон яратади. Мажлисда фракция киритилаётган қонун лойиҳалари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни муҳокама қилишни ташкил этиш бўйича қуйи палата Кенгаши ҳузурида Мувофиқлаштириш гуруҳи тузиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. O’zLiDeP фракцияси фикрича, Қонунчилик палатаси кенгашидаги ушбу ишчи органнинг муҳимлиги шундаки, у келиб тушган қонун лойиҳаларининг рўйхатга (ҳисобга) олинишини амалга оширади ва муҳокамаларинг барча босқичларини кузатиб боради. Шу сабабли O’zLiDeP депутатлари фракциялар, шунингдек, фракциялар ҳузуридаги Экспертлар кенгашлари томонидан қонун лойиҳалари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси давомида келиб тушадиган эътирозлар, билдирилган таклифларни ҳисобга олиш масаласида Мувофиқлаштириш гуруҳи билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйишни муҳим деб ҳисоблайди  Мажлисда Қонунчилик палатаси Регламентига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар O’zLiDeP фракциянинг қонунлар қабул қилинишидаги ролини оширибгина қолмай, уларда сайловчилар манфаатлари ҳисобга олиниши борасидаги масъулиятини ҳам кучайтириши алоҳида қайд этилди. Шу боис, мажлисда O’zLiDeP фракциясининг 2012 йилдаги ва жорий йилнинг биринчи чорагидаги фаолияти ҳар томонлама ва танқидий таҳлил этилди. Бунга сабаб Регламентга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар парламентнинг қонунчилик фаолиятида партиялараро рақобатни сезиларли кучайтиради. Таъкидландики, қабул қилинаётган барча қонунларда ўз электоратининг манфаатлари ва фикрларини ҳисобга олиш имкониятлари кескин ошган бир шароитда O’zLiDeP ўз сайловчиларининг ишончини оқлаши зарур. Партиянинг бундан кейинги обрўси ва пировардида унинг истиқболи шунга боғлиқ. Шу сабабли мажлис қатнашчилари Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон  Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Регламенти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонуни талабларини O’zLiDeP фракцияси фаолиятига татбиқ этиш режасини батафсил муҳокама қилди. Ушбу ҳужжат O’zLiDeP фракциясининг қонун лойиҳалари бўйича мазкур қонун талабларидан келиб чиқадиган фаолиятини ташкил этиш, жумладан, фракция ишини оптималлаштириш, фракция ҳузуридаги Экспертлар кенгаши таркибига ўзгартириш киритиш, фракция аъзолари учун қатор семинар-тренинглар ўтказиш, ОАВда чиқишлар уюштиришга қаратилган бир қанча комплекс чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутади. Мажлисда бу режаланган фаолият O’zLiDeP фракциясига қонун ижодкорлигини янада такомиллаштириш ва Сайловолди дастурининг амалда бажарилишига фуқаролик жамияти институтлари, экспертлар ва ҳар бир партия аъзосининг кенг жалб этилишини таъминлаш жараёнини давом эттиришига имконият яратиши зарурлиги эътироф этилди. Қонун ижодкорлиги жараёнида сиёсий партиялар роли ва масъулияти янада оширилиши муносабати билан ушбу режа доирасида O’zLiDePнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси тўғрисидаги Низоми муҳокамасига алоҳида эътибор қаратилди. O’zLiDeP фракцияси аъзолари ушбу Низом қонун лойиҳаларини тайёрлашда сайловчилар хоҳиш-истакларини таъминлаш ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини ўзида тўла ифодалаши лозимлигини қайд этди. Фракция аъзолари ушбу Низомда кўзда тутилган ҳуқуқларидан фойдаланишни сезиларли фаоллаштириши, Қонунчилик палатаси томонидан муҳокама этилаётган масалаларда фракциянинг ягона позициясини шакллантириш бўйича таклифларини фракция муҳокамасига киритиши зарурлиги таъкидланди. Мажлисда O’zLiDeP депутатлари олдида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашда ўз мавқеи ва масъулиятини ошириш, бу жараёнда аҳолининг турли гуруҳ ва қатламлари манфаатлари ва хоҳиш-истакларини ҳисобга олишдек юксак вазифа тургани эътироф этилди. O’zLiDeP фракцияси ўз устав ва дастурий мақсадлари ҳамда вазифаларини фаол амалга ошириш, қонунчилик ҳужжатларини қабул қилиш ва ижросини таъминлаш, парламент назорати механизмидан фойдаланишда ўзининг аниқ ва равшан фикрини айтиши шартлиги билдирилди. Мажлис якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилинди ва O’zLiDeP фракциясининг умумий позицияси ишлаб чиқилди. Бу позиция Қонунчилик палатаси Кенгашининг тегишли мажлисида баён этилади. Умуман, ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича фракциялар позицияси кўриб чиқилиши мажбурияти белгилангани, O’zLiDeP фикрича, Қонунчилик палатасида муҳокама этилаётган қонун лойиҳаларининг мамлакатда ўтказилаётган демократик ислоҳотлар ва ўзгаришлар мантиғи ва эҳтиёжи билан ўзаро уйғунлигини таъминлайди. O’zLiDeP фракцияси мажлиси юқорида тилга олинган қонун тақдим этган ҳуқуқий меъёрларни комплекс равишда амалга оширишга, қонун лойиҳалари муҳокамасининг барча босқичларида палата томонидан қабул қилинадиган қарорларга ўз таъсирини ўтказишга, партия дастурий ҳужжатлари ва ўз электоратининг талабларидан келиб чиққан ҳолда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва у бўйича ўз позициясини ҳимоя қилиш имкониятларини оширишга тайёрлигига қаратилган биринчи қадам бўлди. O’zLiDeP фракцияси парламент қуйи палатасидаги қонун ижодкорлиги жараёнининг барча босқичларида ўз роли ва масъулиятини кучайтиришгатайёр туришни ўзи учун ўта муҳим, деб ҳисоблайди. Мажлисда ишлаб чиқилган чора-тадбирлар фракция аъзоларининг қонун лойиҳаларини тайёрлаш, уларни муҳокама этиш ва такомиллаштиришдаги касбий фаоллигини янада оширишга хизмат қилади. O’zLiDeP фракцияси бу чора-тадбирлар қабул қилинаётган ҳужжатлар сифати янада яхшиланишига, қонун ижодкорлиги жараёни янада демократлашишига, шунингдек, партиянинг парламент фаолияти орқали ўз электорати манфаатларини ҳимоя қилиш имконияти янада ошишига ижобий таъсир кўрсатади, деб ҳисоблайди. Тадбир якунида O’zLiDeP фракцияси аъзолари 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами муносабати билан ўз табрикларини йўлладилар. Сўзга чиққанлар хотира ва қадрлаш халқимизнинг асрий қадрияти, буюк фазилати эканини таъкидлади. O’zLiDeP халқ ва мамлакат тинчлиги, осойишталиги ва озодлиги учун курашган кишилар хотирасини ҳар доим қадрлайди. 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме