21:30 08.11.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

СЕССИЯДА O`ZLIDEP ТАШАББУСИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНДИ

Халқ депутатлари Чироқчи туман кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзолари тадбиркорлик субъектлари учун электр таъминотини янада яхшилаш мақсадида «Электр тармоқлари» ОАЖ корхонаси туман бўлими фаолияти юзасидан назорат-таҳлил тадбирини ўтказдилар.

Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ички йўлларни капитал таъмирлаш масаласи ҳам депутатлар томонидан атрофлича ўрганилди. Тайёрланган хулосалар асосида ҳар икки масала ҳам халқ депутатлари туман кенгаши сессиясига киритилди.

Гуруҳ аъзолари «Обод турмуш йили» Давлат дастури мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, «Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашни янада яхшилаш мақсадида олиб борилаётган ишларни жадаллаштириш» масаласини ҳам атрофлича ўргандилар. Маълум бўлишича, вилоят Инжиниринг компанияси буюртмаси асосида Паканди қишлоғида 1 та артезиан қудуқ ва 1 та сув минораси қурилиши бўйича 87 млн. сўмлик иш бажарилган. Туман марказидаги 2 та артезиан қудуғи 57 млн. сўм эвазига қайта таъмирланган. «Хўжаабдужаббор» қишлоғида намунавий лойиҳалар асосида қурилган уйларни ичимлик суви билан таъминлашга 90 млн. сўм сарфланган. 2013 йил учун ишлаб чиқилган қўшимча дастурга асосан яна 5 та қишлоқда ичимлик суви таъминотини яхшилашга 497 млн. сўм ажратилиб, 7 км сув қувури, 4 та янги артезиан қудуғи ишга туширилган. 

Шу ўринда депутатлик гуруҳи аъзолари «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг тумандаги ижросини ўрганиш ва бу борада аниқланган муаммоли масалалар ечимига оид тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида «Кичик бизнес ва тадбиркорлик ривожланиши — обод турмушнинг муҳим шарти» мавзуидаги давра суҳбатлари, семинар-тренинглар ўтказганликларини айтиб ўтиш жоиз. 

— Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорликка йўналтириш борасида ҳам режали тадбирлар уюштирилмоқда, — дейди халқ депутатлари Чироқчи туман кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Саъдулла Бобоқулов. — Уларни қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли пунктларини ободонлаштириш бўйича қурилиш ишларига жалб этиш, хизмат кўрсатиш ҳамда сервис соҳасини, чорвачилик ва деҳқончиликни ривожлантириш учун молия муассасаларидан имтиёзли кредитлар ажратишга ҳам эътибор кучаймоқда. Улуғбек Қодиров, Бахтиёр Жонтемиров, Раҳим Бўриев каби депутатларимиз аҳоли ўртасида партиянинг дастурий мақсадларини тарғиб қилиш орқали кўзда тутилган мақсад ва вазифаларимиз ҳақида кенг маълумотлар бермоқдалар. Аҳолига тадбиркорликнинг аҳамияти, унинг бандлик масаласини ҳал этишдаги роли, аҳоли фаровонлигини таъминлашдаги аҳамияти изчил тушунтирилмоқда. Ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида ўтган 9 ойда туманда 224 та юридик, 366 нафар жисмоний шахс рўйхатдан ўтди. Натижада тадбиркорлик субъектлари сони 7626 тадан ошди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллий хом ашёни қайта ишлаб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлаш, оилавий тадбиркорлик, деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлаш эвазига эса 7250 та иш ўрни ташкил этилди. 

Қарс икки қўлдан чиқади, деганларидек, тарғибот-ташвиқот ишлари билан бирга юртдошларимизнинг мурожаатларига ҳам депутатларимиз жуда жиддий эътибор қаратмоқдалар. Масалан, яқинда Уйшун қишлоқ фуқаролар йиғинидаги фаолларнинг ҳудудда автомобилларга газ қуйиш шохобчасини қуришгаамалий ёрдам бериш тўғрисидаги мурожаатига асосан туман ҳокимлигига депутатлик сўрови киритилди. Шунингдек, ёғингарчиликлардан кейин дала ва қирлардан оқиб келаётган сув Чамбил ҚФЙдаги бино ва иншоотларга зиён етказаётгани ҳақидаги мурожаат «Саноат, транспорт, қурилиш, алоқа, коммунал хўжалиги масалалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича доимий комиссия» йиғилишида муҳокама қилиниб, Фавқулодда вазиятлар бошқармасига  депутатлик сўрови ҳам юборилди. Шундан кейин халқ депутатлари туман кенгаши сессиясига «Тумандаги айрим иншоот ва аҳоли уй-жойларига дала ва қирлардан оқиб келаётган сел зарарининг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисидаги» масала киритилди. Энг муҳими, муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, улар ижроси назоратга олинди.

Бундан ташқари, депутатлар томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашни янада яхшилаш ҳамда 2013 йилги Инвестиция дастури, намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилиши бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам изчил назорат қилиняпти. Айни пайтда депутатлик гуруҳи ана шу масалани муҳокама қилишга тайёргарлик кўрмоқда. 

O`zLiDeP вилоят кенгаши мутасаддилари, фаол БПТ раислари иштирокидаги йиғилишларда «Обод турмуш йили»да барча бўғиндаги партия тузилмаларининг ташкилий, ахборот-таҳлилий, тарғибот-ташвиқот ва амалий тадбирларини янада такомиллаштириш бўйича махсус дастур ҳам ишлаб чиқилди. 

Ҳа, чиндан ҳам Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида O`zLiDeP аъзолари, депутатлар ва қуйи бўғин фаоллари томонидан олиб борилаётган ишлар муайян натижалар бермоқда. Бу эса сайловлар даврида O`zLiDeP вакилларига ишонч билдирган сайловчилар ва электорат вакилларининг партия билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамламоқда. 
Сайфулла ИКРОМОВ,"XXI" аср ижтимоий - сиёсий газетаси2013 йил 7 ноябрь, 45 (521)-сон

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме