20:45 18.11.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
«САРИПУЛ»ЛИК ФАОЛЛАР партиявий-сиёсий ишларни йўлга қўйишда сезиларли натижаларга эришишаяпти
O`zLiDeP Дастуридан«Партия хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга ва унинг иқтисодиётдаги ўрнини оширишга алоҳида эътибор беради. Бу соҳа фақат иш ўринлари яратибгина қолмай, айниқса, қишлоқ жойларида аҳоли даромадларининг ўсиши ва турмуш даражасининг яхшиланишига хизмат қилмоғи лозим». |
---|
1995 йилда иш бошлаган ва автомобилларга техник хизмат кўрсатишга ихтисослашган «Сарипул» масъулияти чекланган жамиятидаги БПТ таркиби эса асосан ташаббускор ва изланувчан ёшлардан иборат. Шу боис партиянинг мақсад ва вазифаларини рўёбга чиқариш, аҳоли ўртасида либерал-демократик ғоялар тарғиботини кўчайтиришда ҳам ёшлар салмоқли натижаларга эришмоқдалар. Айни пайтда ташкилот ҳисобида 15 нафар аъзо бўлиб, уларнинг аксарияти сиёсий жиҳатдан етарли билим ва тажрибага эгадир. Бу эса партиявий режалар ижросини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаяпти.
Маълумки, жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида бўлиб ўтадиган маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига саноқли кунлар қолмоқда. Шу муносабат билан БПТ аъзолари жойларда тез-тез бўлиб, юртдошларимизга муҳим сиёсий кампаниянинг аҳамияти, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида кенг ва атрофлича тушунча беришмоқда. Бу ўринда партия аъзолари — «Сарипул» автосалони раҳбари Ёрқин Носиров, кадрлар бўлими бошлиғи Юлдуз Нурова, бош ҳисобчи Ғафур Сафаров, бош муҳандис Фарҳод Шодиевнинг ҳиссасини алоҳида таъкидлаш мумкин.
— «Сарипул» МЧЖ аъзолари томонидан ғоявий-сиёсий ишларни кучайтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда, — дейди O`zLiDeP туман кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Баҳодир Ғаффоров. — Бу эса фаоллик ва ташкилотчилик билан чамбарчас боғлиқдир. Партиявий лойиҳалар ижросига масъулият билан ёндашиш, тинимсиз ўқиб-ўрганиш, сиёсий билим ва малакани муттасил ошириб бориш янгидан-янги ютуқларга замин бўлмоқда.
Шу ўринда партиявий фаоллик корхона ишлаб чиқариш кўрсаткичларига ҳам ижобий таъсир этаётганини таъкидлаш лозим. Масалан, жорий йилнинг 9 ойи давомида мижозларга 719 миллион 844 минг сўмлик техник хизмат кўрсатилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан салкам 2,5 бараварга кўпдир. Эҳтиёт қисмлар таъминоти ҳам яхши йўлга қўйилган. Кейинги тўққиз ой мобайнида ушбу йўналишда 466 миллион 456 минг сўмлик савдо-сотиқ ишлари амалга оширилганлиги ҳам фикримизни тасдиқлаши мумкин.
Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши керак, деган ибора «Сарипул» жамоасининг ҳаётий шиорига айланган, десак асло хато бўлмайди. Негаки, улар ўз ташвишлари билан бўлиб, мурувватпешаликни ҳам унутишгани йўқ. Агар ўтган йилда ҳомийлик мақсадлари учун 23 миллион 731 минг сўм маблағ сарфланган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткич 49 миллион 138 минг сўмга етди. «Болалар спортини ривожлантириш», «Соғлом авлод учун», «Бухорои Шариф» жамғармалари, шунингдек, Тошкентдаги «Сокол» спорт-соғломлаштириш маркази, бошқа қатор ташкилот ва муассасаларга ҳам корхона томонидан ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилмоқда. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, халқимизга хос бағрикенглик ва саховатпешаликнинг амалдаги ифодасидир.
O`zLiDeP вилоят ва туман кенгашлари томонидан ўтказилаётган ўқувлар электорат вакилларининг сиёсий билим ва дунёқарашини кенгайтириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этаяпти.
Корхонадаги соғлом маънавий муҳит, ўз навбатида, партиявий-ташкилий ишларни йўлга қўйишда, ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилмоқда. Хусусан, амалдаги қонунлар, Президентимизнинг тегишли фармони ва қарорлари, ички ва ташқи сиёсат масалаларига оид турли тадбирлар, давра суҳбатлари жамоа аъзоларида катта қизиқиш уйғотаётир. Тингловчилар аудиторияси тобора кенгайиб бораяпти.
Яна бир муҳим жиҳат. Партия қуйи бўғинининг халқ депутатлари туман кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи билан яқин ҳамкорлиги жойларда ичимлик сув, табиий газ, электр энергияси таъминотини яхшилаш, маданий-маиший ва коммунал соҳадаги камчиликларни ўз вақтида бартараф этишда ҳам қўл келмоқда. Шунинг ўзи жойларда партия обрўси ошиб, сиёсий мавқеи тобора мустаҳкамланаётганидан далолат беради.
Асхор ИСТАМОВ,"XXI" аср ижтимоий - сиёсий газетаси2013 йил 14 ноябрь, 46 (522)-сон
Обсудить новость на Форуме