03:45 06.07.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
САМАРАЛИ МЕХАНИЗМЛАРНИ ИШЛАБ ЧИҚИШГА ҲАРАКАТ ҚИЛАМИЗ
Самарқанд шаҳрида O‘zLiDeP ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган “Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги ислоҳотлар – тизимлилик, изчиллик ва ўзаро боғлиқлик” мавзуида ёш олимлар ва катта илмий ходим-изланувчилар илмий-амалий анжуманида Сирдарё, Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳри вакиллари орасида фахрли ўринга эга бўлганимдан жудаям мамнунман.
Мен унда “Бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш” йўналиши бўйича қатнашдим. Танлаган илмий ишим борасида анжуман иштирокчилари билан фикр алмашиб, янада янги ғоялар олдим. Илмий ишим “Хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш асосида аҳоли турмуш даражасини ошириш йўллари” мавзуида бўлиб, бу мавзуни халқимизнинг фаровон турмуш қуришига хизмат қилади, деган умидда танлаганман. Асосий мақсадим ҳам меҳнатга лаёқатли ҳар бир кишини ижтимоий ишлаб чиқаришда фаол иштирок этишини тўла таъминлайдиган самарали механизмларни яратиб, улардан иқтисодий юксалишга қаратилган вазифаларни ҳал этишда самарали фойдаланишни амалиётга жорий қилишдир.
O‘zLiDeP Дастурида партия сиёсий куч сифатида бирлашган ҳолда тадбиркор ва ишбилармонларнинг янада кенгроқ фаолият юритиши учун янги имкониятлар очиш, уларнинг истиқболини ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан асослаб бериш, жамиятнинг ушбу табақаси манфаатларини ҳимоялаш баробарида унинг эртанги кунини таъминлашга катта аҳамият қаратиши лозимлиги қайд этиб ўтилган. Кези келганда мен ана шу долзарб масалаларга ҳам тўхталиб ўтишга ҳаракат қилдим. Илмий ишимда партиянинг Дастурида акс этган баъзи жумлаларни киритишим ҳам асосли равишда амалга оширилган.
Бундай тадбирлар ёш олимларнинг илмий изланишларига рағбат бериб, уларни янги марралар сари ундайди. Анжуманда иштирок этиб амин бўлдимки, юртимизда иқтидорли ва изланувчан ёш олимлар жуда кўпчиликни ташкил этади.
Тадбир давомида улар томонидан тақдим этилган илмий ишлар билан яқиндан танишиб, ўз изланишларим билан таққослаб кўрдим. Чиқарган хулосаларим илмий изланишларимни аниқ мезонлар асосида давом эттиришга туртки беради.
Менимча, кишининг меҳнат фаолияти, мақсад ва интилишлари жамият манфаатларига мос келганда, у ижтимоий ишлаб чиқаришда фидоийлик билан астойдил иштирок этгандагина жамият олдида қўйилган ҳар қандай мураккаб вазифаларни ҳал этиш, иқтисодий тараққиётда белгиланган мақсадларга эришиш мумкин.
Юлдуз ЎРУНБОЕВА,Самарқанд Иқтисодиёт ва сервис институти катта илмий ходим-изланувчи,2 ўрин ғолиби
Обсудить новость на Форуме