21:30 13.05.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

САМАРАЛИ БИЗНЕС – АҲОЛИ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

O‘zLiDePнинг Халқ депутатлари Жиззах вилояти кенгашидаги депутатлик гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда 2014 йилда “Аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини яратиш” дастурининг Жиззах вилоятида ижроси юзасидан вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Б.Яхшибоевнинг ахбороти эшитилди.
Б.Яхшибоевнинг таъкидлашича, 2014 йилда мазкур дастур доирасида якка тартибдаги тадбиркорлик соҳасида, уй меҳнатига асосланган касаначилик ва оилавий тадбиркорлик йўналишида банд бўлмаган фуқароларни, айниқса, аёллар ва аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож тоифаларини иш билан таъминлашга асосий эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, Олий Мажлис палаталарининг тегишли қарорлари билан тасдиқланган ҳудудий дастурда вилоятда жорий йил 43977 та, шу жумладан, биринчи чоракда 9313 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган. Бунда иш ўринларига эҳтиёжи юқори бўлган Бахмал, Фориш, Янгиобод туманларига алоҳида эътибор қаратилиши кўзда тутилган.
Бунинг натижасида биринчи чоракда вилоятда 9977 та янги иш ўрни яратилган ёки дастур ижроси 107,1 фоиз таъминланган. Бу иш ўринларининг асосий қисми янги ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш, кичик корхона ва микрофирмалар, касаначилик фаолиятини йўлга қўйиш, деҳқон ва фермер хўжаликларини ривожлантириш ҳисобига яратилган.
Йиғилишда депутатлар “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижроси юзасидан вилоятда амалга оширилаётган ишларни танқидий нуқтаи назардан муҳокама этди.
Хусусан, 2014 йил 1 январь ҳолатига кўра, ҳудудда айрим сабабларга кўра фаолият кўрсатмаётган юридик шахслар сони жами 1039 тани ташкил этган. Қолаверса, 2013 йилда вилоят бўйича атиги 44 та тадбиркорлик субъекти оилавий корхона шаклида рўйхатдан ўтган. Бу эса, жойларда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар ва ишбилармонларга “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳиятини етказиб бериш бўйича ишлар етарли даражада йўлга қўйилмаётганлигидан далолат беради.
Депутатлар вилоятда аҳолининг бандлик даражасини кўтариш бўйича ўз таклифларини билдиргандан сўнг, мазкур масала бўйича жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар юзасидан қайта эшитув ўтказилишига келишиб олинди.
Йиғилиши ишида, шунингдек Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзоси Б.Абдуллаева, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси масъул ходимлари иштирок этди.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме