23:15 26.06.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

САМАРАДОРЛИКНИ ОШИРИШ ЙЎЛИДА

 O‘zLiDeP   Наманган вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари — аппарат раҳбари Носир Турғунович Абдуллаев билан суҳбат.
Ҳар қандай партиянинг мақсад ва вазифалари унинг қуйи бўғинлари орқали амалга оширилади. O‘zLiDeP Сиёсий Кенгашининг V мажлисида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилган эди. Хўш, Наманган вилоятидаги бошланғич ташкилотлар ана шу масъулиятни бугун тўла ҳис этяптими? Умуман, ислоҳотлар талабидан келиб чиққан ҳолда партиянинг туманлардаги БПТлар фаолиятини қониқарли деб баҳолаш мумкинми?
— Дарҳақиқат, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгашининг V мажлисида партиянинг мақсад ва вазифалари қуйи бўғинлар орқали амалга оширилиши алоҳида таъкидланган эди. Шундан келиб чиқиб, бошланғич ташкилотлар фаолиятини тубдан яхшилаш, уларнинг ҳудудий ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлашдаги иштирокини, ўрни ва ролини кучайтиришга доир чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда.

Ҳозирги пайтда O‘zLiDeP вилоят Кенгаши 701 та БПТни бирлаштирган. Улардаги аъзолар сони 11 минг 150 кишини ташкил этади. Ҳисобот-сайлов йиғилишларида БПТлар раҳбарларининг 96 нафари ёки 13,6 фоизи бошқа ишга ўтгани, айримлари фаолияти суст деб топилгани боис ўрнига  янги раҳбарлар сайланди.  

Таъкидлаш керакки, ишлаб чиқилган режага кўра, қуйи бўғинларда бажарилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмалар етказиб берилмоқда. Шу ўринда Давлатимиз раҳбарининг Фармон ва қарорлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳалари, қабул қилинган қонунлар ва O‘zLiDeP  Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг йиғилиш қарорларининг тарғиботи ҳамда ўтказилаётган муҳокамалари юзасидан жойларда ташкил этилаётган тадбирлар натижасида БПТлар фаоллашаётганини ҳам айтиш жоиз. 

Жорий йилнинг 5 ойи мобайнида БПТларда, шунингдек, улар иштирокида турли мавзуларда 500 га яқин тадбирлар, жумладан, учрашув, давра суҳбатлари, семинар ва ўқувлар ўтказилди. Том маънода либерал-демократик ғоялар тарғиботчисига айланган БПТлар саъй-ҳаракати билан партия сафига 200 га яқин янги аъзо қабул қилинди, 31 та янги БПТ ташкил этишга эришилди. Йиғилишларда фаол иштирок этган, ўзининг билимдонлигини, ташкилотчилигини намоён этганлардан 530 нафари партиянинг турли лавозимларига захирага олинди. Айниқса, Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси ташаббуси билан ўтказилган ўқув жараёнларида олинган билимларнинг самараси ўлароқ, БПТ билан ишлаш механизмлари янада такомиллашди. 

Тўрақўрғон туманидаги “Хадича ая” фермер хўжалиги, туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази, Мингбулоқ туманидаги “Соҳибқирон” ф/х, Наманган шаҳридаги вилоят кардиология маркази, “Мехмаш” ОАЖ, “Чашмаи Сафед” фх, Косонсойдаги “Дамбоқ” пойабзал ишлаб чиқариш корхонаси, Чортоқ туманидаги “Кумуш тола” хусусий корхонаси, Наманган туманидаги “Норин-Сирдарё” ирригация тизими ҳамда “Қишлоқхўжаликкимё” корхоналаридаги партиянинг БПТлари бошқалар учун ўрнак бўларли фаолият юритмоқда. Бошқа кўплаб қуйи бўғинларнинг кейинги икки йилдаги фаолиятида сезиларли ижобий ўзгаришлар бўлганини айтиш мумкин.  

Вилоятимизда 356 та сайлов округи мавжуд. Ҳозир ҳар бир округ ҳисобига 2 тадан БПТ тўғри келади. Биз улар сонини янада кўпайтириш, сафларини кенгайтириш йўлидан бормоқдамиз. Шунингдек, партиямиз сафига кўпроқ электорат вакилларини аъзо қилиш, сермазмун ва мақсадли тадбирларни, сиёсий таълим йўналишидаги ўқув ва турли лойиҳаларни амалга ошириш натижасида фаол аъзолар захирасини жамлашни ҳам ўз олдимизга мақсад қилиб олдик.
— Партия фаолияти самарадорлиги кўп жиҳатдан, унинг бошланғич ташкилотлари, депутатлик гуруҳлари ва электорат вакилларининг ўзаро ҳамкорликларига боғлиқ. Бугунги кунда вилоятда улар томонидан ҳамжиҳатликда амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини беряптими?                       
— Албатта, ижобий самарасини беряпти. Қолаверса, БПТлар фаолиятининг асосий мезони шунда десак тўғри бўлади. Маълумки, қуйи бўғинлар ҳудудлардаги муаммоларни аниқлаш, маҳаллий дастурлар ижросини назоратга олиш, уларни депутатлик гуруҳларида ўрганиб чиқиб, масаланинг моҳиятига қараб халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги доимий комиссиялар йиғилишларида ёки сессияларда кўриб чиқилишида кўприк вазифасини бажаради. Шу ўринда вилоятдаги аксарият БПТлар муайян даражадаги ишларни амалга ошираётганини таъкидлаш керак. Масалан, Учқўрғон туманидаги “Қумтўғон” МФЙ ҳудудида жойлашган қуйи ташкилотнинг ташаббуси билан “Диплом билан бизнесга”, “Мулкдор оила” партиявий лойиҳаларида иштирок этган ёшлар ва тадбиркорларнинг кредит олиш бўйича муаммолари юзасидан туман депутатлик гуруҳига қилган мурожаат этганди. Шу асосида тумандаги барча тижорат банклари раҳбарлари иштирокида депутатлик гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтди ва бу масала ўзининг ижобий ечимини топди.

Тўрақўрғон туманидаги “Шарқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган БПТ томонидан ёшларни иш билан банд этиш масаласи юзасидан партиянинг туман Кенгашига мурожаат қилинди. Туман Кенгаши ўз навбатида бу масалани атрофлича кўриб чиқиш ва ижобий ҳал этишни сўраб O‘zLiDeP депутатлик гуруҳига тақдим этди. Масала юзасидан бўлиб ўтган йиғилишда депутатлик гуруҳи, туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази, туман ҳокимлигининг тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекцияси ҳамкорлигида ҳудудда янги иш ўринларини яратиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш юзасидан тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Наманган шаҳридаги “Олволизор” МФЙ ҳудудидаги БПТ аъзолари “Янги аср”, “Зарбдор”, “Дамбоқ” маҳалла фуқароларининг янги участкалардаги хонадонларни электр энергияси, ичимлик сув таъминлашдаги узилишлар юзасидан аризасини O‘zLiDePнинг  Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгашидаги депутатлик гуруҳига тақдим қилди. Мурожаат гуруҳ йиғилишида мутасадди корхоналар раҳбарлари иштирокида батафсил муҳокама қилинди ва бу корхоналар фаолиятига танқидий баҳо берилди. Масалани Халқ депутутлари шаҳар кенгашининг доимий комиссияси орқали сессияга олиб чиқишга қарор қилинди.

Бундан ташқари, Янгиқўрғон, Чортоқ, Косонсой, Наманган туманларида ҳам электорат манфаатларига оид масалалар депутатлик гуруҳларига етказилди ва режа асосида йиғилишларда муҳокама этиш белгиланди.

Бир сўз билан айтганда, вилоятда бошланғич партия ташкилотлари, депутатлик гуруҳлари ва электорат ҳамкорлигидаги амалга оширилаётган ишлар ўзининг ижобий самараларини бермоқда. Шу билан бирга, ҳамкорликни янада кучайтириш, самарадорлигини ошириш йўлида барча имкониятларни ишга солмоқдамиз. Бу борада Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитасининг жорий йил 28 февралда қабул қилинган “Бошланғич партия ташкилотлари томонидан жойлардаги ижтимоий-иқтисодий ва бошқа муаммоларни ўрганиш ва уларни партиявий воситалар орқали ҳал этиш тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. 
— Вилоятдаги туман (шаҳар) Кенгашларининг БПТлар билан ишлашини янада такомиллаштириш юзасидан қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?
— Айнан шу масалага бағишланган бир неча йиғилиш, ўқув семинарлари ўтказилди. Ҳар бир  туман, шаҳар кенгашларининг чораклик, ярим йиллик ва йиллик иш режаларига қуйи бўғинлар билан ишлаш юзасидан алоҳида бандлар киритилган. Бундан ташқари, бошланғич ташкилотлар билан намунали иш ташкил этган туман, шаҳар кенгашлари раҳбарлари тажрибаларини оммалаштириш бўйича семинарлар ташкил этилмоқда, оммавий ахборот воситаларида  материаллар берилмоқда. Шу ўринда айтиш жоизки, Косонсой, Мингбулоқ, Поп туманларида БПТлар билан ишлашда туман кенгашларида ташаббускорлик ва фаоллик етишмаяпти. Партия вилоят кенгаши бу ҳудудлар бўйича алоҳида режа ишлаб чиқиб, уни амалга ошириш чораларини кўрмоқда.
— Қуйи бўғин фаолиятини янада кучайтириш борасида вилоят Кенгаши томонидан қандай мақсадли режалар амалга оширилиши белгиланган?
— Вилоят партия Кенгаши БПТлар фаолиятини янада кучайтириш учун доимий изланишда. Энг аввало, белгиланган режага асосан қуйи бўғинлар билан ишлайдиган масъулларга алоҳида вазифалар белгиланган. Биринчи навбатда БПТлар раҳбарларининг сиёсий, ҳуқуқий билимларини чуқурлаштириш, қуйи бўғинларнинг депутатлар ва депутатлик гуруҳлари, шунингдек, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Савдо-саноат палатасининг вилоят бўлимлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, навбатдаги сайловларга тайёргарлик кўриш жараёнларида янги БПТлар сонини кўпайтириш, бунда тадбиркорлик субъектлари ҳамда фермер хўжаликларида партиявий фаолиятни амалга ошириш кўзда тутилган.

Эътироф этиш жоизки, биргина жорий йилнинг 5 ойи давомида халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги бўшаб қолган 28 та депутатлик ўрнига ўтказилган қайта сайловларда O‘zLiDeP  вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари томонидан кўрсатилган номзодларнинг 16 таси ёки 57 фоизи ғалабага эришди. Шундан Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашига ўтказилган 6 та қайта сайловдан 4 таси ёки 66 фоизи партиямиз номзодлари фойдасига ҳал бўлди. Бунда, албатта, бошланғич партия ташкилотларининг алоҳида ҳиссаси борлигини таъкидлаш зарур. 

Вилоят партия Кенгаши қуйи бўғин фаолиятини янада кучайтириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан мақсадли режалар асосида ишларни изчил давом эттиради.  
O‘zLiDeP Матбуот хизматисуҳбатлашди   

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме