14:00 12.04.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

САМАРҚАНДДА O`ZLIDEPНИНГ ЎЗ ЎРНИ БОР

 Кейинги ойлар давомида вилоят ҳудудида партия аъзолари сони 19 300 нафардан 20 500 нафарга кўпайди
Бошланғич ташкилотлар сони ҳам 781 тадан 872 тага кўпайди. Партия вилоят кенгаши масъул ходими Элдор Примовнинг маълум қилишича, кейинги ойларда, айниқса, Самарқанд шаҳри, Оқдарё ва Пастдарғом туманларида партия сафида бўлиш истагини билдирганлар сони сезиларли даражада ошган. Айни пайтда Самарқанд шаҳридаги йирик саноат корхоналари, тадбиркорлик субъектларида янги қуйи бўғинлар иш бошлаганини айтиш мумкин. Оқдарё туманида эса кўпроқ фермерлар партиянинг мақсад ва вазифаларини қўллаб-қувватламоқдалар. 
Шу ўринда ҳудуддаги бошланғич ташкилотлар билан маҳаллий кенгаш депутатлари ўртасида ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бораётганини айтиш жоиз. Бу эса ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш имкониятларини кенгайтирмоқда.
— Жамият олдидаги бурч ва масъулиятимизни бир дақиқа бўлса ҳам, унутмаслигимиз лозим, — дейди O`zLiDeP Самарқанд шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар кенгаши депутати Фармон Очилов. — Бинобарин, партия Устави ва Дастуридан келиб чиқиб, ғоявий-сиёсий ишлар самарадорлигини ошириш, асосий электоратимиз саналган фермерлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳар жиҳатдан  қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилаяпмиз. Мана, ҳаётий бир мисол. Самарқанд шаҳар, Эргаш Шодизода кўчаси, 7-уйда яшовчи тадбиркор Мавжуда Азизова «Сиёб» деҳқон бозори ҳудудидаги хусусий савдо дўкони фуқаро З.Турсунов томонидан ноқонуний равишда тортиб олинганидан норози бўлиб, O`zLiDeP вилоят кенгашига мурожаат қилган эди. Шу муносабат билан шаҳар партия кенгашида ишчи гуруҳи тузилди. Ариза бўйича Самарқанд шаҳар архитектура бўлими, хўжалик ҳисобидаги Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизмати давлат унитар корхонасига депутатлик сўровлари юборилди. 
Бундай масалалар муҳокамасида қуйи бўғинлар ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Ҳисобот-сайловлар жараёнида ҳам БПТ аъзоларининг электорат мурожаатлари билан қай даражада иш олиб борганларига эътибор қаратиляпти. Жорий йил март ойи ҳолатига 49 та БПТда ҳисобот-сайлов йиғилишлари ўтказилди. Ушбу тадбирларда 1000 нафарга яқин партия аъзоси иштирок этган бўлса, 5 нафар етакчи янгидан, 44 нафари эса қайтадан сайланди.    
Президентимизнинг Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 21 йиллигига бағишланган ҳамда 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузаси, шунингдек, «Соғлом бола йили» Давлат дастурида кўзда тутилган вазифалардан келиб чиқиб, шаҳар ва туманларда тарғибот-ташвиқот ишлари кучайтирилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган дастурлар, лойиҳаларнинг туб мазмун-моҳиятини юртдошларимизга етказишдир. Аммо ана шундай натижаларга қарамай, вилоятнинг барча ҳудудларида ҳам партиявий-сиёсий ишлар кўнгилдагидек олиб бориляпти, деб бўлмайди. Мисол учун, жорий йилнинг 1 март ҳолатига Оқдарё туманида 15 та, Тайлоқ туманида 5 та  БПТ ташкил қилинган бўлса, Ургут туманида бу борада ҳеч қандай натижага эришилгани йўқ. Ваҳоланки, ҳар томонлама ривожланаётган, иқтисоди мустаҳкамланаётган Ургутда 997 та тадбиркорлик субъекти, 814 та фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Пахтачи туманида ҳам улар сони оз эмас. Шундай бўлса-да, партия сафларини мустаҳкамлашга қаратилган, электорат манфаатларини янада изчил ифода этиш масалаларига етарлича эътибор қаратилмаяпти.
Бу эса жойларда депутатлик гуруҳлари фаолиятини қатъий йўлга қўйиш, БПТ ҳисобот-сайлов йиғилишлари, шунингдек, халқ депутатлари шаҳар ва туман кенгаши сессиялари кун тартибига тайёрланаётган масалаларга алоҳида  эътиборни тақозо этади. Энг асосийси эса жойларда жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтириш керак. 
Маълумки, парламентда чуқур муҳокамалардан кейин қабул қилинган қонунларнинг жойлардаги ижросини назорат қилиш ҳам партия фаоллари зиммасидаги асосий вазифадир.
Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётнинг аниқ устувор йўналишларини белгилаб олишда сиёсий партияларнинг ролини кескин кучайтириш, мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш бўйича стратегик вазифаларни ҳал этишда уларнинг иштирокини кенгайтириш демократик ислоҳотларни изчил амалга оширишнинг энг муҳим омилига айланмоғи зарур.
Муҳаббат РАВШАНОВА,"XXI asr" ижтимоий - сиёсий газетаси2014 йил 10 апрель, 14 (542)-сон

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме