23:00 21.04.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

САЙЛОВЛАР МУВАФФАҚИЯТИ ҲАММАМИЗГА ВА ҲАР БИРИМИЗГА БОҒЛИҚ

Маълумки, муҳим сиёсий имтиҳон – сайловлар арафасида партиянинг барча тузилмалари, хусусан, қуйи бўғинлар зиммасига катта масъулият юклатилган. Зеро сайлов натижалари омма ўртасида олиб бориладиган тарғибот-ташвиқот ишларининг таъсирчанлигига кўп жиҳатдан боғлиқдир. Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти шуни назарда тутиб, O`zLiDeP ҳудудий ташкилотлари билан ҳамкорликда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва давлат ҳокимиятининг маҳаллий вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш ва мазкур жараёнда партия ташкилотлари салоҳиятидан самарали фойдаланиш масаласи» мавзуида семинар-тренинглар ўтказишни йўлга қўйди. 
O`zLiDeP Бухоро вилоят кенгаши ҳамда институтнинг ҳудудий бўлинмаси томонидан ташкил этилган навбатдаги тадбирда партия фаоллари ҳамда маҳаллий кенгаш депутатларининг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини ошириш орқали сайловларга пухта ҳозирлик кўриш, таянч тузилмалар ишини такомиллаштириш, қуйи бўғинларнинг электорат билан алоқаларини янада кенгайтириш юзасидан атрофлича фикр юритилди. 
— Сайлов натижалари сайлов округлари ва участкаларида ушбу жараённи нечоғлик мувофиқлаштиришга кўп жиҳатдан боғлиқ, — деди O`zLiDeP вилоят кенгаши раиси Ф.Аминов. —  Шу боис масъулиятли палла арафасида бошланғич ташкилотлар билан сайловчилар ўртасида яқин, ишончли ҳамкорликни вужудга келтиришга ҳаракат қиляпмиз. Негаки, партиянинг дастурий ғоя ва мақсадларини кенг тарғиб қилиш, депутатликка номзоди кўрсатилган сафдошларимизни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, демократик сайлов қонунчилигига тўла риоя этиш орқалигина кўзланган мақсадларга эришиш мумкин.  
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари ўринбосари Ж.Болтаевнинг фикрича, сайлов даврида сиёсий партиялар ҳамда ваколатли вакиллик институтлари сиёсий позицияси муҳим аҳамият касб этади. Ушбу жараёнга O`zLiDePнинг 50 мингга яқин ташаббускор аъзони кузатувчилик ҳамда вакиллик учун жалб этиш кўзда тутилмоқда. «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонуннинг 17-моддасида таъкидланганидек, депутатликка ўз номзодларини кўрсатган сиёсий партиялар сайлов участкаларида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланадиган тартибда ўз аъзолари орасидан вакил тайинлашга ҳақлидир. Шу сингари норма «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов тўғрисидаги қонун»га ҳам киритилганлигини таъкидлаш жоиз. 
— Қуйи бўғинлар электорат вакиллари, сайловчилар ва партия тузилмалари ўртасидаги ўзига хос кўприкдир, — дея таъкидлади O`zLiDeP вилоят кенгаши раиси ўринбосари Ҳ.Бешимов. — Айни кунда вилоятимизда 448 та бошланғич ташкилот бўлиб, улар ўз атрофига 9745 нафар аъзони бирлаштирган. Шундай экан, партия устави ва дастуридан келиб чиққан ҳолда сиёсий масъуллик янада оширилиши лозим. Сайлов кампанияси даврида ҳар бир сайлов участкасида камида биттадан қуйи бўғин фаолиятини йўлга қўйиш ва улар ёрдамида тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш ҳам муҳим вазифаларимиздан биридир.  
Семинар-тренингда мавзу юзасидан амалий тавсиялар ишлаб чиқилиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди. 
Беҳзод ИСРОИЛОВ,"XXI asr" ижтимоий - сиёсий газетаси2014 йил 17 апрель, 15 (543)-сон

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме