03:00 07.06.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

САЙЛОВЧИЛАР БИЛАН ЮЗМА-ЮЗ МУЛОҚОТЛАР САМАРАСИ

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Регламентига мувофиқ депутатлар 2014 йил 26-31 май кунлари ўз сайлов округларида навбатдаги учрашувларни ўтказдилар. Парламент қуйи палатасидаги O`zLiDeP фракциясининг куни кеча бўлиб ўтган йиғилишидаги муҳокамаларнинг асосий мавзуси ана шу учрашувларнинг якунларини таҳлил қилишга бағишланди

Фракция раҳбари Бахтиёр Якубовнинг таъкидлашича, бу галги учрашувларнинг асосий йўналиши аҳолини мамлакатимизда ўтказилаётган демократик ислоҳотларнинг бориши, парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти билан яқиндан таништириш, жумладан, қабул қилинган қонунлар жойларда қай даражада ишлаётгани, сайловчилар дуч келаётган муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал этиш бўйича амалдаги қонунчилик базасини янада такомиллаштириш учун аниқ таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилган 423 та учрашувда жами 40 мингга яқин сайловчи иштирок этгани бу борадаги кўрсаткичлар ҳам сифат, ҳам сон жиҳатдан яхшиланиб бораётганини кўрсатди. Бундан ташқари O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан фракция аъзолари билан ҳамкорликда махсус ишлаб чиқилган Ҳаракат дастури доирасида партия электорати вакиллари – тадбиркорлар ва фермерлар билан мақсадли учрашувлар ҳам ташкил этилди. Мазкур тадбирлар орқали яна 3 мингдан зиёд мулкдор қамраб олинди.

Йиғилишда эътироф этилганидек, Президентимиз Ислом Каримовнинг Устюрт газ-кимё мажмуаси қурилиши, Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан билдирган фикрлари аҳолининг кенг қатламларида катта қизиқиш уйғотгани намоён бўлди. Сайловчилар парламентда «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси» асосида қабул қилинган қонунлар, жумладан, «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)»ги, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида», «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида», «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги қонунларнинг мазмун-моҳияти билан таништирилди.

Янги таҳрирда ишлаб чиқилган «Хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган баҳс-мунозаралар давомида партия электорати мазкур ҳужжатнинг тезроқ қабул қилинишидан манфаатдорлигини билдирди. Чунки у нодавлат секторнинг улушини янада кенгайтиришга кўмаклашиши баробарида хусусий сармоядорларни иқтисодиётнинг етакчи тармоқларига жалб қилишни рағбатлантиради, салоҳиятли инвесторларнинг барча тоифалари хусусийлаштириш жараёнида тенг иштирок этишини, бу борадаги битимлар ошкоралиги ҳамда мулкчилик ҳуқуқи ҳимояланишини таъминлайди.

Ўтказилган тадбирлар давомида Юртбошимизнинг ядро қуролидан ҳоли зона хусусидаги таклифларининг БМТдаги муҳокамаси, «Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти» мавзуидаги халқаро конференциядаги нутқ, «Соғлом бола йили» Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирлар ижроси, парламент томонидан қабул қилинган «2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури»нинг долзарб жиҳатлари ҳам уларнинг эътиборидан четда қолгани йўқ.

Шу билан бирга, O`zLiDeP фракцияси аъзолари томонидан амалга оширилган ўрганишлар таҳлили жойларда ҳал этилиши лозим бўлган қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.


Гулжан ХАЛМУРАТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзоси

– Ҳудудларда бизнес муҳитини ривожлантириш учун қулай шароитларни яратиш бўйича катта ҳажмдаги ишлар бажарилаётганига қарамасдан, ҳали қатор вазифалар долзарблигича қолмоқда. Хусусан, сайлов округларига бу галги чиқишлар якунларининг таҳлили хўжалик юритувчи тузилмаларнинг муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш сифатини яхшилаш масалаларига кўпроқ эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатди. Учрашувлар давомида аҳоли томонидан билдирилган фикрлар амалдаги қонунчиликни янада такомиллаштириш муҳимлигини намоён этаётгани ҳам шундан. Жумладан, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, айрим ҳудудларда кўзга ташланаётган тадбиркорлар фаолиятига аралашувларнинг олдини олишга қаратилган қонунчилик нормаларининг тўлақонли ижросини таъминлаш, керак бўлса, бу борада депутатлик ва парламент назоратини кучайтириш талаб этилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, депутат билан сайловчининг юзма-юз мулоқотлари одамларнинг сиёсий онги, ҳаётга бўлган муносабати ўзгариб, атрофдаги воқеа-ҳодисаларга нисбатан фуқаролик масъулияти, дахлдорлик ҳисси тобора ошиб бораётганининг далили бўлди. Буни сайловчилар томонидан кўтарилган саволлар, билдирилган фикрларда ҳам кўриш мумкин.

Қаҳрамон ЭРГАШЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзоси

– Бугунги сайловчи кечагисидан тубдан фарқ қилади. Улар эндиликда нафақат ўша округ, туман ёки вилоят, балки мамлакат ва халқаро миқёсдаги янгиликлардан бохабар бўлиб, уларнинг аҳамиятини таҳлил қилишяпти. Барча учрашувларда тараққиётимизнинг бир неча ўн йилликларини қамраб олган Концепциянинг устувор йўналишлари ижроси туфайли нафақат парламент, балки жойлардаги маҳаллий кенгаш депутатлари масъулиятини ҳам ошириши, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ялпи ички маҳсулотдаги улушининг ортиши хусусида мушоҳада юритилди. Мамлакат аҳолисининг қарийб 75 фоизи хусусий секторда банд экани, ўз тақдирини тадбиркорлик билан боғламоқчи бўлганлар, айниқса, ишбилармон ёшлар сафи тобора кенгаяётгани қайта-қайта тилга олинди. Зеро бандлик дастурининг бажарилиши тадбиркорлик тузилмаларига янада кенгроқ эркинлик бериш билан бевосита боқлиқдир.

O`zLiDeP фракцияси аъзоларининг бу галги учрашувлари мамлакатимиз ҳудудларида қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳолатини ўрганиш ва бу борадаги ишларни янада жадаллаштириш юзасидан қонунчиликка тегишли ўзгартишлар киритиш учун аниқ таклифлар жамлашга бағишлангани билан ҳам ниҳоятда муҳим аҳамият касб этди.

Мазкур тадбирларда O`zLiDeP фракцияси аъзоларига юртимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид мингдан зиёд мурожаат келиб тушган бўлса, шуларнинг 58,8 фоизи жойида ҳал этилди. Қолганлари ўрнатилган тартибда депутатлик сўрови тариқасида тегишли идораларига жўнатилиб, уларни кўриб чиқиш муддатлари қатъий назоратга олинди. Бу мурожаатларни соҳа ва тармоқлар кесимида таҳлил қилганимизда энг юқори кўрсаткич (18,4 фоиз) турар-жой ва коммунал хизматларга тааллуқли экани маълум бўлди.

Депутатларнинг сайлов округларига ташрифлари якуни O`zLiDeP фракциясининг мазкур мажлисида яна бир бор умумлаштирилиб, тегишли қарор қабул қилинди. Унга кўра, жойларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш, хусусан, тадбиркорлик фаолияти соҳасида алоҳида меъёрларни қўллашда тадбиркорлик субъектлари масъулиятини либераллаштириш, молия ва кредит муносабатларининг мазкур шаклидан фойдаланиш имкониятини янада енгиллаштириш мақсадида «Лизинг тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, мавжуд бўшлиқлар ва турлича талқинларни бартараф этиш учун оилавий тадбиркорликни ривожлантириш масалаларини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, ҳудудларда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун шароитлар яратиш масалалари устидан қатъий парламент назоратини ўрнатиш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланди.

Кун тартибидаги масаланинг долзарблигидан келиб чиққан ҳолда «XXI аsr» мухбири Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O`zLiDeP фракцияси раҳбари Бахтиёр Якубовга айни шу мавзуга оид яна бир қатор саволлар билан мурожаат қилди. Ушбу суҳбат-мақола билан газетамизнинг кейинги сонида батафсил танишишингиз мумкин.

"XXI asr" ижтимоий - сиёсий газетаси
2014 йил 5 июнь, 22 (550)-сон

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме