14:15 14.12.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

«САЙЛОВЧИ ИШОНЧИНИ ОҚЛАШИМИЗ КЕРАК»

O`zLiDeP Сергели туман кенгаши томонидан 2013 йилнинг ўтган даврида 76 та қуйи бўғин етакчиси ёрдамида электорат манфаатларига қаратилган ўнлаб тадбир ташкил этилди. 

1400 нафар партия аъзосини бирлаштирган қуйи бўғин аъзолари саъй-ҳаракати билан тадбиркорлик тузилмалари ва таълим муассасаларида «Ишбилармонликни қўллаб-қувватлаш — иқтисодий тараққиёт омили», «Ҳақ-ҳуқуқингни бил, тадбиркор!», «Тадбиркорлик тараққиётида O`zLiDePнинг ўрни» ва  «Ташқи савдо амалиёти: миллий ва хорижий тажриба» мавзуларидаги давра суҳбатларида асосий эътибор соҳага оид қонунлар, Президент фармонлари ва қарорлари мазмун-моҳиятига қаратилди. Очиқ мулоқотлар тарзида ташкил этилган тадбирлар, аввало, хусусий сектор вакилларининг касбий билим ва маҳоратлари ҳамда ҳуқуқий саводхонлигини оширишга хизмат қилди, дейиш мумкин. Шу ўринда уларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзолари, депутатлик гуруҳлари вакиллари, мутахассислар иштирок этаётгани партия фаолияти юзасидан кенгроқ ахборот тарқатиш имконини ҳам бераётганини айтиш мумкин. Ана шундай тадбирларда «12-автобус саройи» ОАЖ, «Ўзбектелеком» АКга қарашли 257/258-АТС бўлими, «Мет-Фур-Сервис» МЧЖ, «Тошкент рангли металл парчалари резги чиқитларини тайёрлаш ва қайта ишлаш заводи» ҳамда «Green World» қўшма корхонасида иш олиб бораётган бошланғич ташкилот аъзолари фаоллик кўрсатганларини таъкидлаш жоиз. 

— Президентимизнинг «Партиялар ўзининг ижтимоий-сиёсий фаолиятини аҳоли ўртасида қанчалик жонлантириб, кенгайтириб борса, халқимиз ва сайловчиларимизнинг сиёсий онги ва фаоллиги шунча юксалиб, уларнинг ислоҳот ва ўзгаришларга ўтказадиган таъсири тобора ортиб бораверади», деган сўзларини асло ёддан чиқармаслигимиз керак, — дейди O`zLiDeP Тошкент шаҳар кенгаши Мафкура ва тарғибот-ташвиқот ишлари бўлими мудири Улуғбек Ишанходжаев. — Шу маънода БПТ аъзоларининг сайловчилар, электорат ичига тобора чуқурроқ кириб бораётганликлари, одамлар билан юзма-юз бўлиб, ислоҳотларнинг туб моҳияти ҳақида кенг тушунчалар бераётгани уларнинг ўз зиммаларидаги жавобгарликни теран англаётганликларидан далолатдир. 

Тумандаги қуйи бўғинлар фаолияти самарадорлиги фуқаролар манфаатларининг изчил  ифодаланаётганида ҳам яққол намоён бўляпти.

O`zLiDeP Уставидан
«партия ўз мақсад ва вазифалари моҳиятини аҳоли эътиборига самарали тарзда етказиш, жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни мунтазам ўрганиб бориш, уларни партиявий воситалар билан ҳал этиш ...  чораларини кўради».
Мана, бир мисол. Давлатобод  ва Янги Сирғали кўчаларида транспорт қатнови тиғизлиги боис 2- ва 6-умумтаълим мактаблари, шунингдек, Саноат коллежи ўқувчилари кўпдан буён йўлни кесиб ўтишга қийналаётгандилар. «Нуроний» жамғармасининг туман бўлимида иш олиб бораётган бошланғич ташкилот раиси Баҳодир Қурбонов ташаббуси билан ана шу масала БПТ йиғилишида муҳокама этилди. Йиғилиш қарори асосида партия туман кенгашига мурожаат қилинди. Сўнгра ушбу масала депутатлик гуруҳи томонидан ўрганилиб, тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юборилди. Пировардида шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ва туман ҳокимлиги мутасаддилари кўрсатмасига биноан кўчанинг бир неча жойига «Пиёдалар ўтиш жойи», «Болалар!» огоҳлантирувчи йўл белгилари ўрнатилиб, йўлларга махсус чизиқлар тортилди.

«Хонобод» МФЙдаги бошланғич ташкилотга эса «Баҳор» маҳалласи аҳолиси мурожаат этиб, кўча ва тор кўчалардаги тунги чироқлар носозлигини бартараф этишда ёрдам сўрашганди. «БПТ — партия туман кенгаши — депутатлик гуруҳи — депутатлик сўрови» механизми асосида бу масала ҳам ижобий ҳал этилди. Яъни, «Тошшаҳарнур» мутасаддиларининг аралашуви билан симёғочлардаги барча носоз чироқлар алмаштирилди. 

— O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг «Бошланғич партия ташкилотлари томонидан жойлардаги ижтимоий-иқтисодий ва бошқа муаммоларни ўрганиш ва уларни партиявий воситалар орқали ҳал этиш тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишларни жонлантириш имконини берди, — дейди халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати Ойгул Сатторова. — Мазкур ҳужжатда БПТларнинг электорат манафаатини ҳимоялашда фаол қатнашиши, бу йўналишдаги ишлар бажарилиши тартиб-қоидалари муфассал белгилангани бизга қўл келаётир. Тажрибамдан келиб чиқиб айта оламанки, ташаббускор бошланғич ташкилот ҳар қандай нуқсон-камчиликни бартараф этиши, унга мутасадди идоралар раҳбарлари эътиборини жалб қилиши мумкин.

Дарҳақиқат, партия дастурий мақсад ва вазифаларининг она юрт  манфаатлари билан, БПТлар  фаолиятининг эса O`zLiDeP саъй-ҳаракатлари билан вобасталиги фаровон ҳаётимизнинг янада кўркамлашувига хизмат этаётир. Буни Сергели туманидаги бошланғич ташкилотлар фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.       

Беҳзод ИСРОИЛОВ,"XXI asr" ижтимоий - сиёсий газетаси2013 йил 12 декабрь 50 (526)-сон 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме