23:16 20.05.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

САЙЛОВ СИЙЛОВ ЭМАС, СИНОВ

 Одатда сайловлар яқинлашганда сиёсий партияларнинг фаоллиги юқори даражага кўтарилади. Чунки қайси сиёсий партия Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида кўп депутатлик ўрнини қўлга киритса, унинг қўли шунча узун бўлади. Бу ёғи энди партия фракция ва гуруҳларининг давлат ҳокимияти вакиллик органларидаги саъй-ҳаракатларига боғлиқ бўлади. Кейинги пайтларда O’zLiDePдан халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайланган депутатларнинг фаоллиги ошиб бормоқда. Бугунга келиб мазкур партиядан халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайланган депутатларнинг умумий сони 127 нафарни ташкил этади. Шулардан 23 нафари вилоят, 73 нафари туман ва 31 нафари шаҳар Кенгашлари депутатларидир. Бу жуда катта сиёсий куч саналади.  O’zLiDeP вилоят Кенгаши Ижроия қўмитаси маҳаллий вакиллик органларидаги партия гуруҳларини йўлга қўйишда партия Дастурида белгиланган устувор йўналишлар ижросига айрича эътибор қаратмоқда.  Партиядан сайланган депутатларнинг нуфузини қуйидаги фактдан ҳам билса бўлади. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши таркибидаги 7 та доимий комиссиянинг 4 тасини мазкур партиядан сайланган депутатлар бошқаришмоқда. “Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалалари”, “Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари”, “Аграр сув хўжалиги ва экология масалалари” ҳамда “Регламаент ва депутатлик одоби масалалари” доимий комиссияларининг раиси сифатида Абдусамат Қўлдошев, Гуландом Ёдгорова, Холйигит Райимбердиев, Абдурашид Абдуллаевлар фаолият олиб боришаётир. Шунингдек, туман ва шаҳарлардаги 62 та доимий комиссиялардан 23 тасининг раислари шу партиядан сайланган депутатлар саналишади. Яқинда O’zLiDeP вилоят Кенгаши яна бир синовдан муваффақиятли ўтди. Гулистон шаҳридаги 1-Маданият, Янгиер шаҳридаги 19-Шароф Рашидов, Гулистон туманидаги 33-Кўнчи, 34-Деҳқонобод, 35-Улуғбек ҳамда 36-Зарбдор сайлов округларидан бўшаб қолган депутатлар ўрнига халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига тўртта сиёсий партиядан кўрсатилган номзодлар орасида улоқни O’zLiDeP номзодлари илиб кетди. Мазкур партиянинг депутатлик корпуси Собиржон Назаров, Қаҳрамон Худойқулов, Хайрулла Маматқулов, Акбаржон Даминов, Покиза Ахмеджанова каби янги сайланган депутатлар ҳисобига кенгайди. Демак, сайловчилар O’zLiDePнинг сиёсий  фаолиятидан қониқиш ҳосил қилишмоқда. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи янги кучлар ҳисобига кенгайди. Энди улар қўлни-қўлга бериб, чирсиллаб турган муаммоларни сессиялар кун тартибига олиб чиқишлари керак. Бундан ташқари, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларида бўшаб қолган 13 та депутатлик ўрнига ўтказилган сайловларда мазкур партиядан кўрсатилган 4 нафар номзод ғолиб чиқди.    Албатта, депутатлар сони сиёсий партия фаолиятининг ҳал қилувчи мезони бўлолмайди. Сон кўп бўлиб иш бўлмаса, фойдаси йўқ. Бу борада партия вилоят  Кенгаши қаттиқ тер тўкиб ишлашига тўғри келади. Ваҳоланки, партиядан сайланган барча депутатларнинг фаолиятини қониқарли деб бўлмайди. Мана шуни ҳисобга олиб O’zLiDeP Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси халқ депутатлари ҳудудий кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари фаолиятини кучайтиришга доир қатор қарорлар ва меъёрий ҳужжатлар, кўрсатма ва тавсиялар ишлаб чиқди. Уларни жойлардаги партия ташкилотларига татбиқ этиш бўйича ўқув-семинарлари ташкил этди. Бунинг натижасида сиёсий партия фаолиятида 2013 йилнинг биринчи ярим йиллигидан бошлаб ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловлар тобора яқинлашиб келмоқда. Бу сайлов ўтган сайловлардан кескин фарқ қилиши шак-шубҳасиз. Чунки сайловчиларнинг сиёсий онги юксалиб бораётир. Улар энди қайси партиядан кўрсатилган номзодларга овоз беришни яхши билишади. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзолари бу оддий ҳақиқатни яхши англаб, муҳим сиёсий компанияга ҳозирдан қизғин тайёргарлик кўришмоқда.
Муҳаммад АЛИ,“Сирдарё ҳақиқати” газетаси2013 йил 15 май

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме