01:45 18.05.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИНИНГ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛИШИ
СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ФАОЛЛИГИНИ ОШИРИШ УЧУН КЕНГ ИМКОНИЯТЛАР ЯРАТДИ
Ҳақиқатан ҳам, миллий сайлов тизимининг изчил ва босқичма-босқич либераллашуви икки палатали парламент сайловларининг қонун талаблари ва умумэътироф этилган халқаро принцип ва нормаларга тўла мос ҳолда ўтказилишини таъминлайдиган мукаммал қонунчилик базасининг шаклланишига олиб келди. Ушбу қонунларда давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларнинг фақат кўппартиявийлик асосида ўтказилиши қатъий белгилаб қўйилди. Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни сиёсий партиялар томонидан, маҳаллий кенгашлар депутатлигига номзодларни эса сиёсий партияларнинг жойлардаги тегишли органлари томонидан кўрсатилиши тўғрисидаги принципиал қоида мустаҳкамланди. Депутатликка номзодларнинг давлат ҳокимияти ижро органлари томонидан кўрсатилиш амалиёти бекор қилингани эса демократик ўзгаришларни чуқурлаштириш йўлидаги энг муҳим қадам бўлди. Сайлов қонунчилигига энг ривожланган демократик давлатлар тажрибасида ҳам камдан-кам учрайдиган сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ мутлақ ваколатларнинг Марказий сайлов комиссиясига берилиши сайлов кампанияси жараёнига давлат ва ҳокимият тузилмалари, жамоат бирлашмалари томонидан аралашишга қаратилган ҳар қандай уринишларни тақиқлаб қўйди. Шу ўринда сайловда иштирок этадиган сиёсий партияларнинг рўйхатдан ўтиши учун ўрнатилган муддат 6 ойдан 4 ойга туширилгани ва уларга зарур бўладиган сайловчилар имзоси миқдорининг аввалги 50 минг ўрнига 40 минг этиб белгиланганини алоҳида қайд этиш лозим. Депутатликка номзодларнинг ишончли вакиллари сони эса 5 нафардан 10 нафаргача кўпайтирилди. Шулар қаторида сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига сиёсий партиянинг «ваколатли вакили» деган янги институт киритилиб, уларга имзо варақаларининг тўғри тўлдирилишини текшириш, сайлов участкаларида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқи берилганини айтиш мумкин. Шу даврда сайлов комиссияларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ фаолиятида ошкораликни кўпроқ таъминлашга қаратилган нормалар ҳам мустаҳкамланди. Энг эътиборлиси, миллий сайлов тизими хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, уларнинг давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги мавқеини оширишда ҳам бошқа мамлакатлар сайлов тизимидан ажралиб туради. Негаки, сиёсий партиялардан кўрсатиладиган депутатликка номзодларнинг камида 30 фоизини аёллар ташкил этиши шарт экани тўғрисидаги норма қонун билан белгиланди. Шунинг учун ҳам 2009 йилги сайловларда парламент қуйи палатасидаги жами депутатларнинг 22 фоизини ёки 33 нафарини хотин-қизлар ташкил этди. Сенат аъзоларининг ҳам 15 фоизи аёллардир. Маҳаллий вакиллик органларида фаолият кўрсатаётган аёллар эса бугунги кунда жами депутатлар сонининг 20 фоизидан ортиғини ташкил этмоқда. Президентимизнинг «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»да илгари сурилган қонунчилик ташаббуслари асосида Марказий сайлов комиссиясида сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини ривожлантириш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича махсус ишчи гуруҳи тузилиб, икки йил мобайнида хорижий ва халқаро тажриба ўрганилди. Шу ўринда Концепция асосида қабул қилинган қонунларга тўхталиш жоиз, албатта. Масалан, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонуннинг 27-моддаси ҳамда «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги қонуннинг 25-моддасига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни, яъни партиялараро рақобатнинг кучайиши, сайловолди ташвиқотининг шакл ва усуллари такомиллашиб бораётгани ва сайлов кампаниясининг ушбу муҳим босқичини амалга ошириш жараёнида депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларга тенг шароитлар яратилгани билан изоҳлаш мумкин. Бундан ташқари қонуннинг 27-моддасига сайловолди ташвиқотини бир кун олдин тўхтатиш тўғрисидаги норма киритилди. Мазкур норманинг қонунчилигимизга киритилиши сайловчиларга ўз қарашларини, сиёсий хайрихоҳлигини аниқлаш, бошқача айтганда, уларнинг ким учун ва қандай сиёсий дастур учун овоз беришда онгли тарзда аниқ бир қарорга келишларига қўшимча вақт бериш имконини яратди. Шу ўринда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонуннинг 41-моддаси ҳамда «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги қонуннинг 38-моддасида жойлардаги участка комиссиялари учун муддатидан олдин овоз бериш тартиб-қоидаси аниқлаштирилганини ҳам таъкидлаш жоиз. Шу билан бирга, сайлов қонунчилигида «овоз бериш кунига қадар беш кун ичида, шунингдек, овоз бериш куни жамоат фикри сўровлари ва сайлов натижалари прогнозлари ҳамда сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни нашр этиш (эълон қилиш), шунингдек, уларни умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқларига (шу жумладан, Интернет тармоғида) жойлаштириш тақиқлаб қўйилди. Сайловолди ташвиқот самарадорлигини ошириш мақсадида эса 2004 ва 2009 йиллардаги парламент сайлови кампаниялари тажрибасининг таҳлилини ҳисобга олган ҳолда ташвиқотни олиб бориш турлари, шакллари ва усуллари белгиланди. Жумладан, эндиликда сиёсий партия дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни тарқатиш, депутатликка номзод тўғрисидаги ахборотни унинг учун овоз беришга даъват қилган ҳолда тарқатиш кабилар аниқлаб қўйилди. Бундан ташқари сайловолди ташвиқотининг омма олдида мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, интервьюлар, сўзга чиқишлар, сайловчиларнинг йиғилишлари, депутатликка номзод, сиёсий партиялар тўғрисидаги роликларни жойлаштириш шакллари аниқ белгилаб қўйилди. Сайловолди ташвиқотининг усуллари сифатида – оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, телевидениедан фойдаланиш, босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини чиқариш ва тарқатиш ҳамда сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш сингари аниқ ва демократик нормалар мустаҳкамланди. Бу эса, ўз навбатида, сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини ривожлантиришга, сайлов тизимининг эса янада демократлашувига хизмат қилади, албатта. Бир сўз билан айтганда, миллий сайлов қонунчилигимизда мустаҳкамлаб қўйилган ва жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилаётган ўзгаришлар сиёсий партиялар учун янада кенг имкониятлар яратди. Адҳам ШОДМОНОВ,Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O’zLiDeP фракцияси аъзоси,Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари
қўмитаси раисининг ўринбосари
"XXI" аср ижтимоий - сиёсий газетаси2013 16 май, 19 (495)-сон
Обсудить новость на Форуме