16:15 06.07.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
СЎЗ ВА ИШ БИРЛИГИ МУВАФФАҚИЯТ АСОСИДИР
O`zLiDeP Навоий шаҳар кенгаши БПТлар билан ишлашда айнан ана шу тамойилга амал қилаяпти
Маълумки, қуйи бўғинлар фаолиятини кучайтириш, уларга ёш, ташаббускор етакчиларни сайлаш O`zLiDeP эътиборидаги асосий масалалардан биридир.
— Шаҳримизда 44 та бошланғич ташкилот бўлиб, улар ўз атрофига 2103 нафар аъзони бирлаштирган ҳолда фаолият олиб бораяпти, — дейди O`zLiDeP Навоий шаҳар кенгашининг бошланғич партия ташкилотлари билан ишлаш бўйича консультанти Ойсанам Нуримова. — Таъкидлаш жоизки, бугунги тезкор замонда сайловчи ва электорат ишончини фақат амалий ишлар билангина қозониш мумкин.
Қуйи бўғинлар эса ўз номига кўра аҳолининг барча қатламлари томонидан илгари сурилаётган ҳаётий масалалар моҳиятини яхши биладилар. Демак, БПТ партия фаолларига, айниқса, депутатларга қандай масала долзарб ва уни қандай ҳал этиш бўйича энг тўғри йўл кўрсатиши мумкин. Ютуқлар, улкан натижалар қатори айрим ҳудудларимизда ечимини кутаётган масалалар бор экан, бу ҳақда, энг аввало, қуйи бўғин партия фаолларига тавсиялар бериши керак. Навоий «Пахтасаноат» ҳудудий акциядорлик бирлашмасидаги БПТ фаоллари ташаббуси билан ўтказилган «Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратишда O`zLiDeP лойиҳаларининг роли» мавзуидаги йиғилишда ҳам айнан ана шу масалалар атрофида фикр юритилди.
– Бошланғич ташкилотимизда 15 нафар аъзо бўлиб, уларнинг аксариятини ёшлар ташкил этади, — дейди БПТ раиси Ўроқбой Тўраев. — Шу боис, энг аввало, маслакдошларимизнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва сиёсий билимларини ошириш, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, кичик ва оилавий бизнесни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид имтиёзларнинг мазмун-моҳиятини уларга етказишга интилаяпмиз.
Тадбирда O`zLiDeP вилоят кенгаши мафкуравий тарғибот-ташвиқот ишлари бўлими мудири Замира Неъматова сўзга чиқиб, «Обод турмуш йили» Давлат дастури муносабати билан қабул қилинган партиявий лойиҳалар ва уларнинг ижроси хусусида фикр юритди. Жумладан, «Диплом билан — бизнесга», «Парламентда менинг ўрним», «Ишбилармон талаба» лойиҳалари, шунингдек, «Агар мен депутат бўлсам...» кўрик-танлови, «Ёш олимлар ва тадқиқотчилар» танлови лойиҳалари навқирон авлод вакилларини янги марралар сари руҳлантираётганини таъкидлади.
— «Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари», «Соғлом оила – мустаҳкам оила» лойиҳалари ҳам вақтинча ишсиз ёки бола тарбияси билан машғул бўлган аёлларимизни бефарқ қолдирмаяпти, — дейди З.Неъматова. — Чунки бу уларнинг бола тарбиясидан ажралмаган ҳолда қўшимча даромад топиб, оила фаровонлигига муносиб ҳисса қўшишларига имкон беради.
«Пахтасаноат» ҳудудий акциядорлик бирлашмаси бошлиғи, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Шаҳзод Жумаев, шунингдек, партия фаоллари — мутахассислар Суннатилла Шодиев, Фарҳод Убайдуллаев ўз чиқишларида сайловчилар билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш, O`zLiDePнинг сиёсий мавқеини мустаҳкамлаш, қуйи бўғинлар фаолиятини такомиллаштириш, тарғибот-ташвиқот ишлари самарадорлигини янада ошириш лозимлигини таъкидладилар.
Йиғилишда тарғибот-ташвиқот соҳасида йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш юзасидан ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилиб, кўплаб амалий таклифлар ўртага ташланди.
Мансур АСЛОНОВ,"XXI" аср ижтимоий - сиёсий газетаси2013 йил 4 июль, 27 (503)-сон
Обсудить новость на Форуме