09:15 22.07.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
«Рақобат тўғрисида»ги янги қонун биринчи ўқишга тайёрланмоқда
«Ҳаммамиз яхши тушунамизки, бозор муносабатларининг асоси бўлган рақобатни ривожлантиришда монополияга қарши қонун ҳужжатлари катта роль ўйнайди. Аммо амалдаги “Товар бозорларида монополистик фаолиятни чеклаш ва рақобат тўғрисида”ги қонун бугунги кунда эскирди ва замон талабларига жавоб бермай қолди. Шуни эътиборга олган ҳолда “Рақобат тўғрисида”ги янги қонунни ишлаб чиқишимиз ва қабул қилишимиз зарур».
Президентимиз Ислом Каримовнинг «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси» номли маърузасида билдирилган ана шу фикрлар асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси «Рақобат тўғрисида»ги янги қонун лойиҳасини биринчи ўқишга тайёрлай бошлади.
OzLiDeP фракцияси аъзоларининг фикрича, мазкур қонун лойиҳаси монополистик фаолиятни нафақат товарлар бозорида, балки молия бозорида ҳам тартибга солишни назарда тутиши, биржа савдоларида монополияга қарши механизмларни, акция сотиб олиш, қўшиш ва бирлаштириш битимларини такомиллаштириш ҳамда назорат қилиш тартиб-қоидаларини соддалаштиришга қаратилгани билан ҳам ниҳоятда муҳимдир. Бахтиёр ИМИНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси,
O`zLiDeP фракцияси аъзоси:
— Аввало шу кунгача амал қилган «Товар бозорларида монополистик фаолиятни чеклаш ва рақобат тўғрисида»ги қонун эскириб, бугунги кун талабларига жавоб бермай қолганини таъкидлаш жоиз. Тўғриси, мустақилликнинг дастлабки йилларида иқтисодиёт тармоқларини монополиядан чиқариш ва бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнларида айнан ана шу қонун муҳим аҳамият касб этганини инкор этиб бўлмайди. Ўша даврда мамлакатимизда 1600 дан зиёд монопол корхоналар фаолият юритган бўлса, ўтган йиллар мобайнида улар сони тахминан 8 баробарга камайди. Ҳозир эса юртимизда етарли даражадаги рақобат муҳити шаклланди. Жумладан, енгил саноат, озиқ-овқат ва умумий овқатланиш, транспорт ва уяли алоқа, аҳолига хизмат кўрсатиш соҳаларида юзага келган рақобат иқтисодий муносабатларда муҳим роль ўйнамоқда.
Янги қонун лойиҳасига нафақат рақобат соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, балки уни ҳимоя қилиш нормалари ҳам киритилаётганини ҳам таъкидлаш жоиз. Агар халқаро тажрибага эътибор қаратсак, Европа Иттифоқига кирувчи аксарият мамлакатларнинг шу соҳага оид қонунларида рақобат муҳитини ҳимоя қилиш масалалари муҳим ўрин тутади.
Рақобатни шакллантириш ва рақобат муҳитининг қонун билан ҳимоя қилиниши эса, ўз навбатида, иқтисодиётни либераллаштириш, O`zLiDeP электорати бўлган тадбиркор ва ишбилармонлар имкониятини янада кенгайтиришда ҳам долзарб аҳамиятга эгадир. Қувондиқ ҲАМЗАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
O`zLiDeP фракцияси аъзоси:
— «Товар бозорларида монополистик фаолиятни чеклаш ва рақобат тўҚрисида»ги қонуннинг 1-моддасида товар бозорларида монополистик фаолиятнинг олдини олиш, уни чеклаш, тўхтатишнинг ташкилий ва ҳуқуқий асослари белгилаб берилган бўлса, янги қонун лойиҳасида хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти учун тенг шарт-шароитлар, товарларнинг эркин ҳаракати ва иқтисодий фаолият эркинлигини таъминлаш, товар ва молия бозорларида рақобатни ҳимоя қилишга асосий эътибор қаратилмоқда.
Бу жиҳатларга электорат манфаатидан келиб чиққан ҳолда ёндашилмоқда. Шунингдек, 2-моддадаги «монополистик фаолият» сўзлари «рақобатга қарши хатти-ҳаракатлар» дея алмаштирилмоқда. Шу модданинг ўзига «қимматли қоғозлар ва молиявий хизмат бозорлари» жумласининг киритилиши унинг молия бозорларига ҳам татбиқ этилишини англатади.
Маълумки, Сайловолди дастуримизда O`zLiDeP мамлакатнинг тараққий этишида тадбиркорлик секторининг ҳар бир субъекти манфаатдорлигини таъминловчи чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда фаол иштирок этиши белгилаб қўйилган. Фракциямиз аъзолари «Рақобат тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг ҳар бир моддасини ана шу нуқтаи назардан кўриб чиқмоқдалар. Равиль СОБИРЖОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
O`zLiDeP фракцияси аъзоси:
— «Рақобат тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳақида сўз борганида «устун мавқе» тушунчасига алоҳида тўхталиш ўринлидир. Маълумки, хўжалик юритувчи субъектнинг рақобат ҳолатига, товар нархи, таклиф ҳажми ва уни ишлаб чиқаришга, бозорга кириш, муайян бозорда бошқа хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига таъсир кўрсатиш қобилияти устун мавқени белгилашда жуда муҳим омил ҳисобланади. Шунинг учун ҳам лойиҳада мазкур тушунчага аниқлик киритилиб, жаҳон андозаларига мослаштирилмоқда.
Амалдаги қонунда бозордаги улуши 65 ва ундан ортиқ фоизни ташкил этадиган хўжалик юритувчи субъект (бир гуруҳ шахслар) устун мавқеда эътироф этилиши кўрсатилган эди. Янги қонун лойиҳасида эса 65 фоизлик чегарани «эллик фоиз ва ундан ортиқ улушга эга бўлганда» дея ўзгартириш таклиф этилмоқда.
Зеро, тадбиркорлик ривожлангани сари бозор субъектлари сони ҳам ортиб бораверади. Бу жараёнда экспорт ҳажми ҳам кенгаяди ва бу бозорлардаги маҳсулот ҳажмига таъсир қилади. Ана шундай шарт-шароитлар илгари товар бозорида 65 фоиз миқдорида улушга эга бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг улуши пасайишига олиб келади. Натижада товар бозорида 50 фоиз миқдорида улушга эга бўлган субъектларнинг мавжудлиги бошқа субъектларга бозор шартларини мажбурлаш имконини беради. Демак, устун мавқега нисбатан белгиланган фоизлар кўрсаткичининг ўзгартирилиши ана шу талабдан келиб чиқаяпти. Насим АЛИМОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
O`zLiDeP фракцияси аъзоси:
— Ҳақиқатан ҳам “Товар бозорларида монополистик фаолиятни чеклаш ва рақобат тўғрисида”ги қонун молия бозорида рақобатни тартибга солиш масалаларини қамраб ололмагани боис соҳада рақобатга қарши ҳаракатларга йўл қўймаслик чораларини амалга ошириш имконини бермаётган эди. Айнан шундай ҳолатлар биржа савдоларида ҳам кузатилмоқда. Энг ёмони эса монополиянинг олдини олишга мутасадди бўлган идоралар қонунчиликда мавжуд бўлмаган тегишли ваколатларсиз фаолият олиб бораётган эдилар. Маълумки, рақобат йўналишларидан бири бу — жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига аралашувининг олдини олишдир. Кейинги уч йилда жойлардаги давлат ҳокимияти органлари томонидан рақобатни ривожлантиришга зид бўлган, тадбиркорлик тузилмаларининг молиявий маблағларини бошқа мақсадларга қаратиш билан боғлиқ мингдан зиёд ҳолатлар қайд этилгани ҳам мазкур қонунни янгилашни тақозо этаётган эди.
«Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши эса ана шундай камчиликларни бартараф этиш, рақобат муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишни такомиллаштириш, товар бозорларида монополистик фаолиятни тўхтатиш бўйича ҳуқуқий воситаларни янгилаш имконини беради, албатта.
Халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда, янги қонун лойиҳасига рақобатни чекловчи ва рақобат тўғрисидаги қонунчиликка номувофиқ битимлар ёки келишилган ҳолда ҳаракатлар содир этгани тўғрисида ваколатли органга ихтиёрий равишда маълум қилган субъектларга жарима санкциялари қўлламаслик меъёри ҳам киритилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Обсудить новость на Форуме