21:45 12.03.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

РУХСАТ БЕРИШ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРИ ЯНАДА ҚИСҚАРАДИ

O`zLiDeP фракцияси аъзолари Лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартиришга қаратилган қонун ҳужжатларини такомиллаштирмоқдалар.Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этган давра суҳбатида ҳам ана шу соҳага оид қонун лойиҳалари атрофлича кўриб чиқилди .Маълумки, айни пайтда парламент қуйи палатасида «Лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат бериш тартиб-таомилларининг тубдан қисқартирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида», «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсатномалар бериш тартиб-таомиллари тўғрисида» қонун қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳалари иккинчи ўқишга тайёрланмоқда. Давра суҳбатида мазкур қонун лойиҳалари яна бир бор тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари, экспертлар гуруҳи иштирокида муҳокама қилинди.– Ислоҳотларнинг навбатдаги босқичида тадбиркорлик фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ортиқча маъмурий тўсиқларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас, – дейди O’zLiDeP фракцияси аъзоси қуйи палатанинг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси Абдурашид Жўрабоев. – Истиқлол йиллари иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган 400 дан зиёд қонунларнинг қабул қилиниши нафақат соҳани эркинлаштириш ва модернизациялашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси, балки амалга оширилаётган бозор ислоҳотлари ортга қайтмаслигининг ҳам кафолати бўлди. Президентимизнинг 2012 йил 24 августдаги «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ҳамда 2012 йил 25 августдаги «Бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва тадбиркорлик фаолияти эркинлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори, шубҳасиз, ана шу ислоҳотларни янада жадаллаштириш имконини яратди. – Давра суҳбатида муҳокама қилинган қонун лойиҳалари иқтисодиётни либераллаштириш бўйича олиб борилаётган босқичма-босқич ўзгаришлар, энг аввало, маъмурий чораларни бозор механизмларига алмаштириш имконини берувчи ҳуқуқий маконни яратишга қаратилгани билан катта аҳамиятга эгадир, – дейди O’zLiDeP фракцияси аъзоси Собир Жабборов. – Хусусан, уларнинг қабул қилиниши туфайли амалдаги 35 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши натижасида 80 та рухсатнома ва 15 та фаолият турига лицензия бериш бекор қилинади.– Ушбу қонун лойиҳаларини тайёрлашда бу борадаги халқаро тажриба қиёсий таҳлил асосида чуқур ўрганилди, – дейди адлия вазирининг биринчи ўринбосари Есемурат Каньязов. – Жумладан, Германия, АҚШ, Япония, Жанубий Корея ва Россиянинг рухсат бериш тартиб-таомиллари билан боғлиқ қонун ҳужжатлари атрофлича кўриб чиқилди. Таҳлиллар кейинги йилларда 50 дан ортиқ мамлакатда ҳам бу борада кенг кўламли ислоҳотлар ўтказилаётганини кўрсатди.O’zLiDeP фракцияси аъзоларининг таъкидлашича, Ўзбекистонда ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф қилиш баробарида тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга доир замонавий механизмлар босқичма-босқич жорий этилиб, кичик бизнеснинг жадал ривожланиши учун қулай шароитлар яратилмоқда. Бунда рухсат бериш тартиб-қоидаларидан ўтиш учун зарур бўлган сарф-харажатлар қисқариши ҳамда қимматли вақт тежалиши эътиборга молик. Давра суҳбати иштирокчилари қонун лойиҳаларини маромига етказиш ҳамда киритилаётган янги нормаларни янада аниқлаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирдилар. Шу билан бирга, парламентдаги фракциялар вакиллари электорат манфаати ва партиявий дастурларидан келиб чиққан ҳолда, ўз позицияларини ҳам баён этдилар. Айрим фаолият турларини лицензиялашни бекор қилиш, хусусан, қимматбаҳо металлар ва тошлардан заргарлик буюмларини тайёрлаш, дастурлар, аудио-визуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларга моддий жисмлар ишлаб чиқиш, халқаро ва маҳаллий ҳаво линияларида йўловчи ва юк ташиш, шахсий радио чақирув тармоқ хизматини лойиҳалаштириш, қуриш, эксплуатация қилиш ва хизмат кўрсатишда ана шу жиҳатлар яққол намоён бўлмоқда.– Муҳокама қилинаётган қонун лойиҳаларининг концептуал ғоялари партиямизнинг иқтисодиётни либераллаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш билан боғлиқ мақсадларига тўла мос келади, – дейди O’zLiDeP фракцияси аъзоси Нуриддин Муротов. – Шунинг учун ҳам уларни нафақат қўллаб-қувватлаш, балки тезроқ қабул қилиш тарафдоримиз. Чунки уларнинг ҳаётга татбиқ этилиши миллий иқтисодиётимизнинг янада ривожланиши ва маҳаллий бозорларимизни товарлар билан тўлдиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.Шу ўринда мазкур қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисида, Божхона ва Ҳаво кодекслари, давлат санитария назорати, суғурта фаолияти, қимматли қоғозлар бозори, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши лицензион фаолиятни ва рухсат беришни камайтиришга қаратилишини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Шунингдек, қонун лойиҳаларида тадбиркорлик субъектлари томонидан илгари кўрсатилган камчиликларни бартараф этган ҳолда, аризалар такроран тақдим этилган тақдирда янги асослар бўйича лицензия ва рухсатномалар беришдан бош тортиш тақиқланиши, ўз навбатида, лицензия даъвогарининг аризасини қайта кўриб чиқишда лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада илгари кўрсатилмаган асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмаслигини назарда тутувчи ўзгартишлар «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги қонунга киритилаётгани ҳам O’zLiDeP илгари сураётган қарашларга ҳамоҳангдир.Статистик, солиқ, молиявий ва бошқа турдаги ҳисоботларнинг қисқариши тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун қулай муҳитни шакллантириши ҳеч кимга сир эмас. Шу маънода, «Бухгалтерия тўғрисида»ги қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар, яъни асосий воситалар ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот беришнинг чиқариб ташланиши бухгалтерия ишини халқаро талаблар даражасига кўтаришда долзарб аҳамиятга эга бўлади. Айрим фаолият турлари учун бериладиган лицензияларнинг муддатсиз, деб эътироф этилиши эса O`zLiDeP электорати бўлган тадбиркор ва ишбилармонлар ишончини янада мустаҳкамлайди.
Озод РАЖАБОВ,
“XXI-asr” 
 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме