17:15 24.10.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

“Президент Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон мустақилликкаэришиш остонасида” китоби: мазмун – моҳияти, аҳамияти ва ЎзЛиДеПнинг долзарб вазифалари” мавзусидаги Республика амалий семинари



Президентимиз Ислом Каримовнинг мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма йиллик қутлуғ байрамини нишонлаш  арафасида нашр этилган “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” деб номланган китоби жамиятимиз маънавий ҳаёти ва халқимиз сиёсий тафаккурини бойитишда улкан аҳамиятга молик воқеа бўлди.  Қанчадан-қанча аждодларимизнинг асрий орзуси бўлган, бугунги кунда кўпмиллатли халқимиз учун энг улуғ, энг азиз қадриятга, барча эзгу мақсад ва ҳаракатларимиз, бунёдкорлик ишларимизнинг ҳаётбахш манбаига айланган мустақилликка эришиш йўлида 1989–1991 йиллар мобайнида олиб борилган ўта оғир ва машаққатли курашлар тарихи бу китобнинг бош мавзусини ташкил этади.
                                                  
Китоб яқин ўтмишимизнинг мураккаб тарихий-сиёсий  босқичларини, жумладан, тасаввур қилиш ҳам қийин бўлган ғоят оғир ва таҳликали бир вазиятда Ўзбекистон раҳбари сифатида иш бошлаган Ислом Каримовнинг халқимизни чуқур инқироздан олиб чиқиши, уни қатъият ва матонат билан истиқлол сари бошлаши, Ватанимиз  мустақиллигини эълон қилишигача бўлган тинимсиз курашлар, кескин синов ва машаққатлар билан ўтган  фаолият даврини  ўз ичига олади. Китобга киритилган нутқ ва маърузаларда ўша даврдаги ўта драматик воқеалар, тарихий ўзгаришлар қандай мураккаб вазиятда юз бергани, уларнинг тафсилоти, сабаб ва оқибатлари атрофлича ёритилган.

Ўзбекистон Либерал – Демократик Партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан ташкил этилган конференцияда “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китобининг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва ЎзЛиДеПнинг бу борадаги долзарб вазифаларига алоҳида эътибор қаратилди.



Анжуман иштирокчилари асарда Ўзбекистоннинг истиқлол  арафасидаги чуқур  инқироз ҳолати ва бу инқироздан чиқиш йўлидаги изчил ҳаракатлар, миллий ўзликни англаш, маънавий тикланиш жараёнларининг назарий ва амалий негизлари асослаб берилгани, истиқлол арафасида янги авлод кадрларни тайёрлаш концепциясига асос солиниши жараёнлари билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар борасида Юртбошимиз томонидан воқеалар ривожини олдиндан кўриб, узоқни кўзлаб сиёсат олиб борилганлиги таъкидланди.

Юртимизда сиёсий-ижтимоий ислоҳотлар назариясининг шаклланиш ва ривожланиш жараёнлари, мустақилликка эришишнинг сиёсий-ҳуқуқий заминининг ишлаб чиқилиши ва жорий этилиши, иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлардан сиёсий мустақиллик сари ташланган дадил қадамлар, фуқаролик жамиятини барпо этиш, бозор иқтисодига ўтиш жараёнларининг назарий ва амалий пойдеворини мустаҳкамлаш  масалаларига бағишланган фикр ва мулоҳазалар ҳам анжуман  иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Анжуманда таъкидлангани каби, Президентимиз китобида жамиятимиз ҳаётининг ўша даврдаги кўплаб жиҳатлари билан бирга, одамларга ер ва мулк ажратиш, фуқароларнинг бу борадаги манфаат ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, мулкка эгалик каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу асар мустақиллик остонасидаёқ мамлакатимизда   мулкчиликнинг турли шакллари, хусусий мулк эгалари, мулкдорлар қатламини юзага келтириш учун илк ва ниҳоятда муҳим қадамлар қўйилганидан далолат беради.  



Айнан ўша даврда Юртбошимиз томонидан олиб борилган изчил сиёсат туфайли бу соҳада кейинчалик рўй берган улкан ўзгаришларнинг асослари яратилган ва пировард натижада эса бевосита ЎзЛиДеПнинг сиёсий тарих майдонига келиши  учун ниҳоятда муҳим бўлган жараёнларнинг тамал тошлари қўйилгани тадбир иштирокчиларининг диққат марказида бўлди.

Анжуманда таъкидланганидек,  ўша суронли ва тўфонли воқеа-ҳодисалар  фақат ҳақиқат ва яна бир бор ҳақиқат тамойилига қатъий амал қилиб ёзилган ушбу асар бугун  яқин ўтмишда содир бўлган тарихий жараёнларни сохталаштириб, одамларни, айниқса, у замонларни кўрмаган-билмаган ёшларни алдаб, тўғри йўлдан чалғитишга уринаётган, ўз қабиҳ ииятлари йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган кучларга қарши курашда ниҳоятда муҳим манба, маънавий асос бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.

Ушбу китобда баён этилган ғоя ва қарашларни 2010 йили Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси билан узвий боғлиқ ҳолда ўрганиш масаласи семинар  дастурининг асосий мавзуларидан бири бўлди.

Ўша даврдаги оғир  бир шароитда Юртбошимиз томонидан  халқимиз қалбидаги асрий орзу – истиқлол ғояси улкан жасорат билан  илгари сурилиб, уни амалга ошириш учун тарихий қадамлар қўйилгани,  Президентимиз ўша  долғали  йиллар-даёқ, Ватанимиз мустақиллиги, янги ҳаёт, янги  жамият биноси учун замин  бўлган ҳал қилувчи дастурий мақсад ва ғояларни аниқ ва равшан  тассаввур этгани,  сиёсий кескин вазиятларда Ислом Каримовнинг яккаю ягона тўғри йўлни топа олгани, халқимизнинг тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш учун кечаю кундуз тинимсиз машаққатли фаолият олиб боргани алоҳида таъкидланди. 

 

Анжуман иштирокчилари чиқишларида сиёсий-иқтисодий, тарихий-маънавий тафаккур ва таҳлил усулларини ўзаро уйғунликда мужассам этган  бу кенг қамровли китобнинг нафақат илмий-методологик ва амалий аҳамияти, бугунги ва келгуси авлодларнинг истиқлол тарихимизни ҳар томонлама ўрганиб, англаб етишлари учун мустаҳкам замин яратиши, ўтмиш ва келажак, аждодлар ва авлодлар ўртасидаги ворисийлик ришталарини кучайтиришда бебаҳо манба бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

“Тарихда шахснинг ўрни ва маънавий жасорат феномени”, “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси – китобда акс эттирилган принципиал ғояларнинг мантиқий ва изчил давоми сифатида”, “Мустақилликка эришишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларининг ишлаб чиқилиши ва жорий этилиши” каби мавзулардаги маъруза ва чиқишларда “Ўзбекистон  мустақилликка эришиш остонасида” китоби  муҳим методологик қўлланма бўлиб, уни ЎзЛиДеП сиёсий таълим тизимида ўрганишнинг долзарб масалаларига алоҳида аҳамият берилди.

Анжуман якунида мазкур китобни ЎзЛиДеП сиёсий таълим тизимида ҳар томонлама ўрганиш ва кенг тарғиб этиш режаси белгилаб олинди, бу борада Давлат ва жамият қурилиши академиясида ташкил этиладиган доимий республика имий-услубий семинарининг дастури қабул қилинди.

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме