13:30 10.07.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Пойтахтлик «Ишбилармон талаба»лар номи маълум бўлди
Партия лойиҳаси
«Мустаҳкам оила йили» Давлат дастури ижросини таъминлаш учун фаол иштирок этиш мақсадида эълон қилинган партиявий лойиҳалар орасида «Ишбилармон талаба» лойиҳаси янги авлод вакилларини қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан ниҳоятда муҳим тадбирлардан бир сифатида тилга олинмоқда.
«Ишбилармон талаба» стипендияси кўрик-танловининг пойтахтимиз туманларидаги босқичи натижаларидан ҳам шундай хулоса чиқариш мумкин. Таҳлилчиларнинг фикрича, тадбирларда 300 га яқин талаба иштирок этиб, улардан 33 нафари шаҳар босқичига йўлланма олган эди. Яқинда эса пойтахтимиздаги «Баркамол авлод» болалар марказида кўрик-танловнинг Тошкент шаҳар босқичига якун ясалди.
Тан олиш керак: билимлар беллашуви, дея эътироф этилган тадбир дўстона рақобат, кескин ва муросасиз мунозаралар руҳида ўтди. Қуйи босқичларда шаҳарнинг энг қобилиятли талабалари саралаб олингани боис уларнинг энг яхшисини аниқлаш осон кечмади, албатта. Тадбир ташкилотчиларининг мақсади ҳам аслида шу эди. Зеро, замонавий фикрлайдиган, жамиятда муносиб ўрин эгаллашга қодир ёшлар сафини кенгайтириш ва уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш партиянинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
– Ёшлар салоҳиятини ривожлантириш – келажакка сармоя киритишдир, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Аширов. – Бу эса янги авлод вакилларининг тадбиркорлик фаолиятига қизиқишларини кучайтириш, уларга ўз бизнесини ташкил этиш учун иқтисодий ва ҳуқуқий шароитлар яратиш билан боғлиқдир. O`zLiDeP «Ёшлар қаноти» ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан 2004 йилдан буён ўтказилаётган мазкур кўрик-танлов ана шу эзгу мақсадга, аниқроғи, Тошкент шаҳридаги 39 та академик лицей ва 79 та касб-ҳунар коллежи битирувчи-талабаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган. Шуниси қувонарлики, танлов иштирокчиларига қўйилган талаблар қанчалик жиддий бўлмасин, унда иштирок этмоқчи бўлган ёшлар сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда.
O`zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари Бурҳон Аҳмеджонов қатнашчиларнинг билим ва қобилияти, тадбиркорликка нечоғли интилишлари, таълим муассасида олган баҳолари мазкур танловда ғолиб бўлишнинг асосий мезони эканини алоҳида таъкидлади.
Ниҳоят, ҳакамлар томонидан ғолиблар номи эълон қилинди. Яккасарой туманидаги Енгил-саноат касб-ҳунар коллежи талабаси Дилноза Собирова фахрли биринчи ўринга муносиб, деб топилди.
– Бугунги танлов ҳаётда эришган илк ютуқларимдан бири, – дейди Дилноза. – Тадбиркорликка жуда қизиқаман. Олти ёшимдан буён тикувчилик сирларини ўрганиб келаман. Ҳозирда бисер ёрдамида эсдалик совғалари коллекциясини тайёрлаяпман. Келажакда «Ёшлар қаноти»нинг фаол аъзоси сифатида етук модельер-дизайнер бўлмоқчиман.
Ҳакамлар ҳайъати томонидан иккинчи ўринга лойиқ кўрилган Бахтиёр Ҳидоятов Олмазор туманидаги 326-давлат ихтисослаштирилган умутаълим мактабида таҳсил олган.
– Устозим Саодат опадан рассомчиликнинг манзара жанри сир-асрорларини ўрганаяпман, – дейди Бахтиёр. — Аммо қизиқишларим шу билан чекланмаган. Ахборот технологияларига оид билимларни қунт билан ўрганаяпман. Келажакда Турин политехника университетига ўқишга кириш баробарида шахсий кўргазмамни ташкил этмоқчиман.
– Шиорим – юрт корига ярайдиган инсон бўлиб етишиш, – дейди учинчи ўрин соҳибаси Гулноза Қўчқорова. – Тошкент ихтисослаштирилган хотин-қизлар коллежида Ҳуқуқ ва ижтимоий муҳофаза йўналиши талабасиман. 2010 йилда она тили ва адабиётдан фан олимпиадасининг шаҳар босқичида совриндор бўлдим. «Келажак овози» кўрик-танловининг туман босқичида биринчи ўринни эгалладим. Бўш пайтларимда тикувчилик билан шуғулланаман. Бундан ташқари, пазандачилик ва ҳамширалик бўйича «Машриқ машъали» ўқув маркази курсларини тугатганман. «Камолот» ЁИҲнинг маьнавий-марифий, тарбиявий ишлар бўйича етакчисиман. Келажакдаги режаларим – тикувчилик ательесини очиш ва ўзимга ўхшаган ёшларни иш билан таъминлаш.
Ҳа, танлов ғолибларининг орзулари бир олам. Уларнинг порлаб турган юзларига боқиб, Ватанимиз келажаги ишончли қўлларда эканини, юртимиз юки ҳеч қачон ерда қолмаслигига амин бўлдик.
Шуҳрат РАҲИМОВ,
«XXI-asr» ижтимоий-сиёсий газетаси
Обсудить новость на Форуме