09:15 22.07.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Партиявий назорат кучайтирилади
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг 2011 йилнинг 3 июнидаги қарорига асосан июль-сентябрь ойларида ҳудудий партия ташкилотларининг ҳисобот-сайлов конференцияларини ўтказиш режалаштирилган. Шу кунларда мазкур тадбирлар туман ва шаҳар партия ташкилотларида ўтказилмоқда.
Уларда асосан Юртбошимизнинг «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»да ва Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 20 йиллигига бағишланган партиявий тадбирлар дастурларида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, партия олдида турган долзарб вазифалар муҳокама қилинмоқда. Ҳисобот-сайлов конференцияларида партия ташкилотларининг 2008-2010 йиллардаги фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, келгусида қилиниши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олинмоқда. Дастурий мақсадлар тарғиботи янада кучайтирилиши керак!
O`zLiDeP Қарши шаҳар кенгаши ҳисобот-сайлов конференцияси делегатлари ана шундай қарорга келдилар Конференцияда кенгашнинг ўтган 3 йилдаги фаолияти танқидий таҳлил этилиб, амалга оширилаётган ишларни сифат жиҳатдан бугунги талаблар даражасига олиб чиқиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда кенгаш раиси А.Акромовнинг 2008-2010 йиллардаги фаолияти юзасидан ҳисоботи тингланди. Маърузачининг таъкидлашича, ўтган давр мобайнида O`zLiDeP шаҳар кенгаши томонидан партиявий кўрсатмаларни бажаришда бир қатор ижобий натижаларга эришилди. Кенгаш ташаббуси билан юздан ортиқ тадбиркорлик субъектларининг иш бошлашига амалий ёрдам кўрсатилди. Уларда 500 га яқин ёшлар учун янги иш ўринлари яратилди.
Йирик саноат корхоналарига 5 минг нафар хотин-қизлар касаначилик орқали ишга жойлаштирилган бўлса, икки юз киши оилавий тадбиркорликни йўлга қўйди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожланиб, бир марталик устара, ламинат доска, рангли шифер ва алюмин эшик-дераза ромлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Партия аъзолари сони 1300 нафарга, бошланғич ташкилотлар сони эса 83 тага етди. Шунга қарамай, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, бошланғич партия ташкилотлари фаолиятида ижро интизомининг сустлиги, тарғибот-ташвиқот ишларига етарли эътибор қаратилмаётгани, айрим маҳаллий кенгаш депутатларининг ишга нисбатан лоқайдлиги каби ҳолатлар ҳамон учрамоқда. Конференция иштирокчиларининг фикрича, ана шундай салбий ҳолатлар бартараф этилмас экан, кутилган натижаларга эришиб бўлмайди.
Конференцияда А.Акромов O`zLiDeP Қарши шаҳар кенгаши раиси этиб қайта сайланди. Конференция якунида вилоят кенгаши конференциясига делегатлар сайланди. Хатолардан хулоса чиқарилади
O`zLiDeP Бекобод туман кенгашида ўтказилган ҳисобот-сайлов конференциясида эса партия фаоллари 148 мингдан зиёд фуқаро истиқомат қилаётган туманда аҳолини тадбиркорликка жалб этиш масаласига бирламчи эътибор қаратилганини таъкидладилар.Конференция иштирокчиларининг фикрича, Юртбошимиз Концепциясида нафақат парламент ва сиёсий партиялар, балки ҳудудий кенгашлардаги партия ташкилотлари, депутатлик гуруҳлари олдига ҳам масъулиятли вазифалар юклатилди. Ўтказилаётган сиёсий тадбирларда эса ана шу дастурий ҳужжатда белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, қуйи бўғинлар олдида турган вазифаларни белгилаш ва 2008-2010 йиллардаги фаолиятни сарҳисоб қилиш орқали йўл қўйилган камчилик ва нуқсонларни таҳлил қилиш ҳамда уни бартараф этиш чораларини кўриш юзасидан фикрлар билдирилмоқда.
Ҳисоботда келтирилишича, O`zLiDeP туман кенгаши ўз ишини партия дастурларида белгиланган вазифалар доирасида ташкил этган. Бу борада 2008-2010 йиллар оралиҚида 300 дан зиёд турли тадбирлар ўтказилиб, уларда ёшлар ва аёлларни тадбиркорликка жалб этиш, кичик бизнес субъектлари ва фермер хўжаликларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масалалари атрофлича муҳокама қилинган. Партиянинг фаол аъзолари томонидан мамлакатимизнинг бандлик дастурларини бажаришга кўмаклашиш мақсадида мингга яқин иш ўринлари яратилди. Аммо конференцияда ана шундай натижаларга қарамай, туман партия ташкилоти ўз олдига қўйилган вазифаларни бажаришда қатор камчиликларга ҳам йўл қўйгани таъкидланди. Бу, энг аввало, партиянинг ғоя ва мақсадларини аҳоли орасида оммалаштириш масаласида яққол кўзга ташланади. Чунки бугун партиянинг Бекободдаги аъзолари сони бор-йўғи 416 тани ташкил этади, холос.
Конференцияда бундай камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш партиянинг тумандаги масъуллари зиммасига алоҳида масъулият юклаши таъкидланиб, кенгаш раислигига А.Жабборов қайта сайланди.
Обсудить новость на Форуме