11:30 05.02.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Партиявий лойиҳалар мақсадга элтувчи асосий воситага айланди
«Обод турмуш йили»да O’zLiDePнинг «Ёшлар қаноти» олдида турган энг долзарб вазифалар нималардан иборат?
Маълумки, Юртбошимиз истиқлолнинг дастлабки йилларидаёқ «Биз олдимизга қандай вазифа қўймайлик, қандай муаммони ечиш зарурати туғилмасин, гап охир-оқибат, барибир, кадрларга ва яна кадрларга бориб тақалади. Муболағасиз айтиш мумкинки, бизнинг келажагимиз, мамлакатимизнинг келажаги ўрнимизга ким келишига боғлиқ», дея таъкидлаган эдилар. Бугунга келиб янги авлод вакилларининг ғайрат-шижоати, яратувчилик ва бунёдкорлик салоҳиятини кўриб, келажагимиз ишончли қўлларда эканига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Мустақиллик туфайли улар фикри ва дунёқараши тубдан ўзгарди. Эндиликда янги авлод вакиллари ҳаётга янгича назар билан қараб, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳадаги ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этмоқдалар. Бу борада O’zLiDePнинг «Ёшлар қаноти» ҳам барча имкониятлардан фойдаланаяпти. Агар бу тузилманинг 2012 йилги фаолиятига назар ташласак, кадрлар малакасини ошириш, ғоявий-сиёсий ишларни кучайтириш борасида бир қатор натижаларга эришилганига гувоҳ бўламиз. Ҳамкор ташкилотлар билан амалга оширилган лойиҳалар эса ёшларнинг салоҳияти, иқтидори ва тадбиркорликка оид билимларини оширишга хизмат қилгани мутахассислар томонидан алоҳида эътироф этилмоқда. Жумладан, «Диплом билан — бизнесга», «Парламентда менинг ўрним» лойиҳалари, «Агар мен депутат бўлсам...», «Мустақиллик туфайли мулкдор бўлдим», «Ёшлар ва қонунчилик», «Сенинг тенгдошинг», «Ёш олимлар ва тадқиқотчилар» танловлари интелектуал салоҳияти юқори бўлган йигит-қизларни «кашф» этиш имконини берди. «Ишбилармон талаба» стипендияси эса тадбиркорлик ва ишбилармонлик кўникмаларини маълум даражада ўзлаштирган, аъло ўқиши, намунали хулқи, партиявий фаоллиги ва етакчилик қобилияти билан бошқаларга намуна бўлган, замонавий ахборот технологияларини пухта эгаллаган йигит-қизларни маълум маънода рағбатлантиришга хизмат қилгани айтилмоқда. Академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ўртасида ўтказилган «Диплом билан — бизнесга» лойиҳасини эса 2013 йилда янада такомиллаштириш кўзда тутилмоқда. Чунки 2012 йили ушбу лойиҳада иштирок этган ёшларнинг 8000 га яқини айни пайтда тадбиркорлик, фермерлик, касаначилик билан шуғулланиб, ўз келажаклари учун мустаҳкам замин ярата олдилар. Маълумки, O’zLiDePнинг Сайловолди платформасида кадрлар малакасини ошириш, уларнинг сиёсий жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш долзарб вазифалардан бири сифатида белгилаб олинган. Шу ўринда «Ёшлар қаноти» ва маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган «Парламентда менинг ўрним» лойиҳасининг якуний натижалари 2,5 мингдан ортиқ кадрлар заҳирасини шакллантириш имконини бергани қайд этилаяпти. Сиёсий партиялар ва уларнинг ёшлар билан ишлашга ихтисослашган тузилмалари фаолиятини таҳлил этсак, бугунги тезкор замонда ёшларнинг ахборот-техногияларидан тўла хабардор бўлишлари, улардан замонавий касб-ҳунар сирларини эгаллаш масалаларига устувор аҳамият берилаётганини кўрамиз. O’zLiDePнинг «Сенинг тенгдошинг» лойиҳаси ҳам айнан истеъдодли ёшларни топиш, уларни қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий рағбатлантириш орқали муайян касбга йўналтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. «Ёшлар қаноти» атрофига уюшган бундай иқтидорли йигит-қизлар сони айни кунда 400 нафардан зиёдроқни ташкил этаётир.Хуллас, O’zLiDeP «Ёшлар қаноти»нинг 2012 йилги фаолиятини сарҳисоб қилсак, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман кенгашлари, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, маҳалла фаоллари ҳамда бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар, кўрик-танловлар, бизнес лойиҳаларнинг барчаси ёшларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни баркамол инсон этиб тарбиялаш, ҳуқуқий-демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, ёшларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, жойларда бандлик муаммоларини ҳал этишга қаратилганига ишонч ҳосил қиламиз. Бу борада Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Андижон, Бухоро, Наманган ва Самарқанд вилояти ёшларининг сиёсий фаоллигини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Жорий йилда эса «Ёшлар қаноти» фаоллари Президентимизнинг «Бош мақсадимиз — кенг кўламли ислоҳотлар ва модернизация йўлини қатъият билан давом эттириш» номли маърузасида белгилаб берилган устувор йўналишлар ижросини таъминлашда фаол иштирок этишни асосий вазифа, деб ҳисобламоқдалар. O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзоси А.Алимовнинг таъкидлашича, жорий йилда амалга оширилиши кўзда тутилаётган йигирмага яқин партиявий лойиҳалар 10 мингдан ортиқ йигит-қизларнинг ҳуқуқий-иқтисодий, сиёсий ва интеллектуал билимларини ошириш, уларни тадбиркорликка жалб этишга қаратилган. Зеро, Президентимиз маърузасида баён этилган фикр-мулоҳаза ва қиёсий таҳлиллар ҳамда белгилаб берилган устувор йўналишлар янги авлод вакиллари ҳаёти, фаолияти билан чамбарчас боғлиқдир. Бу эса «Обод турмуш йили»да ҳам O’zLiDeP «Ёшлар қаноти» зиммасига катта вазифалар юклатилаётганини англатади. Улар ижросини таъминлаш учун эса партия атрофида янада маҳкамроқ жипслашган ҳолда ҳаракат қилиш лозим бўлади. Зеро, фаоллик, ташаббускорлик ёшларга хос хислат бўлиб, уларда юксак бурч ва масъулият туйғусини уйғотиш янада салмоқли ютуқларга гаров бўлиб хизмат қилади. “XXI-asr” ижтимоий-сиёсий газетаси
Обсудить новость на Форуме