19:30 02.11.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Партия дастурлари мустаҳкам кўприкка айланаяпти

2012 йилнинг март ойида халқ депутатлари Фарғона вилоят кенгаши сессиясида тасдиқланган “Ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, сиёсий фаоллиги ва фуқаролик масъулиятини ошириш, уларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш  мақсадида академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таълим ва тарбия бериш жараёнлари, жумладан, ўқув-тажриба амалиётининг самарадорлигини таъминлаш, битирувчиларни тадбиркорлик  фаолиятига кенг жалб этиш борасидаги ишларни ташкил этишда мутасадди идоралар фаолияти юзасидан таъсирчан депутатлик ва жамоатчилик  назоратини ўрнатиш бўйича O`zLiDeP вилоят кенгашининг Ҳаракат дастури”ни таҳлил қилар эканмиз, бу ҳужжат партиянинг ёшларга оид сиёсатини янада кучайтиришга хизмат қилаётганига амин бўламиз. – Дастурдан кўзда тутилган мақсад ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этиш, юқори малакали, мамлакатни янада ривожлантириш масъулиятини ўз зиммасига олишга қодир бўлган мутахассисларни тайёрлашдан иборатдир, – дейди O`zLiDeP Фарғона вилоят кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Юсуфжон Юсупов. – Мазкур дастур асосида ёшлар ҳаёти билан боғлиқ ташкилот ва муассасалар ўртасидаги ҳамкорлик ҳам мустаҳкамланмоқда. Масалан, жорий йилнинг март-апрель ойларида 30 минг нафардан ортиқ ёшлар иштирокидаги “Бугунги кун коллежлари битирувчисининг имкониятлари” мавзуидаги учрашув ҳамда давра суҳбатлари ана шу идоралар ҳамкорлигида уюштирилди. Тадбир давомида “Ёшлар қаноти” ташаббуси билан бир қатор касб-ҳунар коллежларида ёшлар клуби ташкил этилди. Унинг аъзолари ўз фаолиятини O`zLiDeP дастурида белгилаб олинган масалалар – иқтидорли ёшларнинг турли танловлардаги иштирокини кенгайтириш, битирувчиларни таълимнинг кейинги босқичларига йўналтириш ҳамда бизнес соҳасига кириб келишларига амалий кўмаклашиш каби муҳим вазифалар асосида олиб бормоқдалар. Агар 2011 йили партиявий танловларда иштирок этган 3 нафар ёшга ғолиб сифатида тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари берилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 158 тага етди. Масалан, Фарғона ижтимоий-иқтисодиёт коллежини тамомлаган Гулбаҳор Муҳитдинова жорий йилнинг ўзида “Микрокредитбанк”нинг вилоят бўлимидан дастлабки сармояни олиб, тери-чармдан аёллар ва болалар сумкаларини ишлаб чиқара бошлади. Бир сўз билан айтганда, муҳим дастур вилоятдаги 144 та касб-ҳунар коллежи ва 12 та академик лицейда таҳсил олаётган 186400 нафар ўқувчининг эртага ўзи хоҳлаган ташкилотда иш билан таъминланишида муҳим аҳамият касб этмоқда. 2011-2012 ўқув йилида ушбу муассасаларни тугатган 58155 нафар битирувчининг 79 фоизи иш билан таъминлангани ҳам юқорида тилга олинган ҳамкорликнинг ҳаётий ифодасидир. Зеро, O`zLiDePнинг Сайловолди платформасида белгилаб қўйилганидек, партиянинг устувор вазифаларидан бири - ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, улар учун касбий, ижодий ва мансаб пиллапояларидан ўсишда имкониятлар яратишдир.

Шуҳрат РАҲИМОВ «ХХI asr» ижтимоий-сиёсий газетаси 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме