11:30 30.12.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Парламентда менинг ўрним

2012 йил 21-22 декабрь кунлари O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “Ёшлар қаноти” ташаббуси билан “Парламентда менинг ўрним” лойиҳасининг республика босқичи бўлиб ўтди. Тадбирда O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, “Ёшлар қаноти” фаоллари, танловнинг республика босқичи ғолиблари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Маълумки, партиянинг “Парламентда менинг ўрним” лойиҳаси 2008 йилдан буён амалга ошириб келинмоқда. 2010 йилдан бошлаб эса “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати”, “Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати”, “Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати” каби учта номинация бўйича “Агар мен депутат бўлсам” танлови ўтказилмоқда.
Мазкур танлов ёшлар орасида партия имижини шакллантириш, партия тизимида ёш етакчиларни белгилаш, уларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, ёшларни бошқарувчилик фаолиятига тайёрлаш, парламент сайловларида ёшлар орасидан номзодларни илгари суришга кўмаклашишга қаратилган.
Бугунги кунда мазкур лойиҳа доирасида ўтказилган 140 дан зиёд тадбирларда – амалий семинар ва учрашувларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан қарийб 8 мингга яқин йигит-қизлар иштирок этди. Улар томонидан ишлаб чиқилган 350 дан зиёд лойиҳаларни республика танлов ҳайъати аъзолари ўрганиб чиқди. Умуман олганда, ушбу лойиҳани амалга ошириш сарҳисобларига кўра 2008-2012 йиллар давомида 2,5 мингдан зиёд йигит-қизлардан иборат истиқболли кадрлар захираси базаси яратилди.
Шунингдек, мазкур лойиҳа қонунларнинг ҳаётга татбиқ этилишида ёшларнинг ролини кучайтириш, депутатлик гуруҳлари йиғилишларига ёшлар билан боғлиқ масалаларни олиб чиқиш, партия тизимида ёш етакчилар сафини кенгайтириш ҳамда истиқболли ёш кадрлар захирасини шакллантириш йўналишида амалга оширилаётган партиявий ишларни янада кучайтириш каби мақсадларга ҳам хизмат қилади. Кўрик танловда Олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари талабалари, корхона, ташкилот ва идораларда фаолият юритаётган 18-30 ёшгача бўлган ёшлар иштирок этмоқда.
2012 йилдан лойиҳа сифат жиҳатдан янги босқичга чиқмоқда. Жорий йилдаги лойиҳанинг ёш фаоллари Олий Мажлис ялпи мажлисида иштирок этиш, депутатларнинг мамлакатимиздаги энг муҳим ҳужжат – келгуси йил бюджетини шакллантиришни муҳокама этиш борасидаги фаолияти билан танишиш, Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг назорат-таҳлилий фаолият якунларига бағишланган тадбирларида иштирок этиш имконига эга бўлдилар.
Жорий йилнинг октябр-ноябр ойларида республикамизнинг барча ҳудудларида мазкур лойиҳа доирасида 60 дан ортиқ тадбирлар ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлари, Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлари иштирок этишди. Депутатларнинг ёшлар билан амалий учрашувлари ташкил этилиб, улардан қонунчиликка 100 дан ортиқ таклифлар йиғилди. “Агар мен депутат бўлсам” кўрик-танлов иштирокчилари бўлажак депутат сифатида партиявий вазифаларни амалга ошириш, O’zLiDeP дастурий мақсадлари ва вазифаларидан келиб чиқиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли либерал, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, баркамол ёш авлодни тарбиялаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, мамлакатимиз иқтисодиётининг рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш каби соҳалардаги масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашишди.
Партия дастурий вазифаларининг асосий устувор йўналишларидан бири бу яхлит ёшлар сиёсатини амалга оширишдир. Бу борада O’zLiDeP саъй-ҳаракатлари ҳар томонлама ривожланган, Ватанига садоқатли, ижтимоий-сиёсий жараёнларда, замонавий бозор иқтисодиёти, фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришда фаол иштирок этишга тайёр бўлган йигит-қизларни тарбиялаш, ёшларни ривожлантириш учун истиқболларни изчил яратишга қаратилган.
Тадбир жараёнида 21 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида танловнинг республика босқичи иштирокчилари O’zLiDeP “Ёшлар қаноти”нинг қонунлар асосланишини тайёрлаш жараёнидаги амалий вазифаларини муҳокама этдилар, ёшлар манфаатларини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишга оид қонун лойиҳалари ва қонуности ҳужжатлар ҳақида фикр алмашдилар. Сўнгра олинган билимлар, айтилган таклиф ва мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда ўз лойиҳаларини қайта ишлаб, ҳайъат аъзоларига тақдим этдилар. Ҳайъат иши якунлари бўйича республика танловида иштирок этиш учун 44 номзод танланди, учта номинация бўйича учта тур ғолиблари аниқланди.
Бундан ташқари, тадбир иштирокчилари Олий Мажлис Сенати маъмурий биносига ташриф буюриб, унинг фаолияти билан яқиндан таниш ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи йиғилиши жараёнида кузатувчи сифатида иштирок этиш имконига ҳам эга бўлдилар. Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот-ресурс маркази, ахборот тренинг маркази, O`zLiDeP фракцияси аъзолари иш жараёни билан яқиндан танишдилар.
Ўтказилган тадбир доирасида 22 декабрь куни лойиҳа иштирокчилари учун O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси пойтахтимизда бунёд этилган ноёб иншоотлар – “Бунёдкор” спорт мажмуи, Симпозиумлар маркази, А.Навоий номидаги Миллий кутубхонага ҳам ташрифларни ташкил қилди.
Тадбир якунида “Парламентда менинг ўрним” лойиҳасини янада такомиллаштириб, партиянинг ёшлар сиёсатига оид дастурий мақсад ва вазифалари самарасини кучайтириш юзасидан қилинадиган ишлар кўламини келгусида янада кенгайтириш белгилаб олинди. Зотан, ёшларни партия аъзолари сафида кўриш ҳамда уларни ўйлантираётган турли масалаларни ҳал қилишда кўмаклашиш Ўзбекистон Либерал-демократик партияси олдида турган бирламчи вазифа ҳисобланади.

O`zLiDeP Мватбуот хизмати
 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме