22:16 25.12.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Парламент эшитувида модернизациялаш масаласи муҳокама қилинди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасида «Ўзагромашсервис» уюшмаси ва «Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг» компанияси мутасаддиларининг қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, техник ва технологик янгилашга қаратилган ишлар ҳақидаги ҳисоботи эшитилди.
Маълумки, Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»да белгилаб берилган устувор вазифалар асосида парламентда ижро ҳокимияти раҳбарларининг тегишли тармоқлар бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборотларини эшитиш тажрибаси кенг қўлланилмоқда. 2011 йилнинг ўзидагина Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик масалаларга бағишланган ўнлаб парламент эшитувлари ўтказилгани ҳам бунга мисол бўлиши мумкин. Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган навбатдаги парламент эшитуви ҳам ана шу жараённинг изчил давом эттирилаётганини кўрсатмоқда.
Қўмита раҳбари, O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Муҳаммадюсуф Тешабоевнинг таъкидлашича, аграр соҳа тараққиётини замонавий техника ва технологияларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам мустақилликнинг илк йиллариданоқ Юртбошимиз раҳнамолигида бу борада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Энг муҳими, ана шу жараёнда тармоқда хусусий мулкчиликка асосланган хўжалик юритиш тизими яратилди. Фермерлик ҳаракатини молиялаштириш ва моддий-техник базасини яхшилаш бўйича бозор иқтисодиёти талабларига жавоб берадиган ишончли механизм шаклланди.
Қишлоқ хўжалиги корхоналарига техника воситаларини лизинг асосида етказиб бериш ва уларга сервис хизмати кўрсатиш, молия муассасаларининг кредит ресурсларидан оқилона фойдаланиш, солиққа тортиш ва суғурта қилиш бўйича яратиб берилган имтиёзлар туфайли тармоқни юқори унумли, тежамкор ва ҳар томонлама қулай техник воситалар билан таъминлаш имконияти яратилди.
– «Ўзагромашсервис» тизимига кирувчи корхоналар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга техник хизмат кўрсатувчи асосий ташкилотлар саналади, – деди йиғилишда уюшма раиси Баҳодир Абдуқодиров. – Айни пайтда уюшма тизимида 13 та ҳудудий машина-трактор парклари бирлашмаси, 179 та машина-трактор парки, республика миқёсида 4 та, вилоятлар кесимида эса 25 та таъминот корхонаси, 14 та таъмирлаш ва ишлаб чиқариш заводлари, 10 та техник хизмат кўрсатиш корхонаси ҳамда «Қишлоқ хўжалиги техника ва технологияларини синаш ва сертификатлаш давлат маркази» фаолият кўрсатаяпти.
Мавжуд МТПлар 1796 та «Магнум», 1647 та «Кейс», 698 та «Кейс-2022» ҳамда 95 та «Клаас-Доминатор-130» русумидаги замонавий техник воситалар билан таъминланган. Бундан ташқари, 2341 та ҳайдов трактори, 192 та «МХ-240» ва 1885 та «МХ-255» русумли ғалла ўриш комбайнлари фермерларга хизмат кўрсатмоқда.
«Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг» компанияси раиси Нодир Отажанов эса 2009 йилда ушбу ташкилот томонидан 3133 та, 2010 йилда эса 3444 та замонавий техника фойдаланувчиларга лизинг асосида етказиб берилганини, 2011 йилда бу кўрсаткич 5393 тага етганини айтди. Айни пайтда техника воситаларини лизинг асосида харид қилувчиларга қўшимча қулайликлар яратиш учун дастлабки тўлов миқдори бир неча маротабага камайтирилиб, тўлов муддатлари узайтирилмоқда. Мисол учун, лизинг шартларида аванс тўлови техника умумий қийматининг 15 фоизини ташкил этгани ҳолда, Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг 50 фоизидан ошмаган миқдорда 10 йил муддатга бериш йўлга қўйилди. Ана шундай шартлар асосида шу кунгача 22 мингта хўжаликка жами 36 мингдан зиёд техник воситалари етказиб берилди.
Парламент эшитувида қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш бўйича олиб борилаётган ана шундай ишларга қарамай соҳада айрим камчиликларга йўл қўйилаётганига ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, O`zLiDeP фракцияси аъзолари эскирган чопиқ ҳамда ҳайдов тракторларининг мавжудлиги мутасадди ташкилотлар фаолиятини замон талаблари даражасида ривожлантириш лозимлигини кўрсатмоқда. Чунки бу техникалар аллақачон фойдаланиш муддатини ўтаб бўлгани боис иш унуми камайиб, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ҳамда эҳтиёт қисмларга бўлган талаб тобора ошиб бормоқда.
O`zLiDeP фракцияси аъзоси Ориф Шарипов айни пайтда «Ўзагромашсервис» уюшмаси тизимидагина минглаб техникалар борлиги, бунга фермерлар ихтиёридаги трактор ва комбайнлар қўшилса, бу кўрскаткич янада ортишини таъкидлади. Уларга техник хизмат кўрсатувчи корхоналар эса бармоқ билан санарлидир. Демак, бу шунча техникага ўз вақтида сифатли сервис хизмати кўрсатиш имконияти етарли эмаслигидан далолат бермоқда.
Тадбирда қибрайлик фермер Гўзал Шукурова ҳам сўзга чиқиб, замонавий техника воситаларининг эҳтиёт қисмларини ўзимизда ишлаб чиқариш жараёнини жадаллаштириш лозимлигини таъкидлади.
Парламент эшитувида «Ўзагромашсервис» уюшмаси ҳамда «Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг» компанияси фаолиятини ривожлантиришга оид қонунчиликни янада такомиллаштириш юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар ҳам билдирилиб, муҳокама этилган масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Озод РАЖАБОВ
Обсудить новость на Форуме