19:30 21.12.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Парламент эшитуви

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида O’zLiDeP фракцияси ташаббуси билан «2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги Давлат дастури ижроси юзасидан Бош вазир ўринбосари Ғ.Ибрагимовнинг маълумоти тингландиМаълумки, Ўзбекистоннинг ривожланган демократик давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши учун жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, жумладан, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. «2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги Давлат дастури ҳам ана шу йўналишдаги ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми, таъбир жоиз бўлса, бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг ўзига хос локомотиви ҳисобланади. Шу маънода, O`zLiDeP фракцияси аъзолари ташаббуси билан парламент муҳокамасига киритилган мазкур масала, депутатлар таъкидлаганидек, ўтаётган йилларда амалга оширилган чора-тадбирларнинг ўзига хос сарҳисоби бўлди. Мутахассисларнинг фикрича, мазкур дастур 2015 йилгача қарийб 50 миллиард доллар миқдоридаги 500 дан ортиқ йирик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш имконини беради. Уларнинг муваффақиятли амалга оширилиши эса мамлакат иқтисодиётини мутлақо янги босқичга олиб чиқади.O`zLiDePнинг Сайловолди платформасида тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестицияларни иқтисодиёт тармоқларига жалб қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада изчил ривожлантириш, барқарор даромад манбаи бўлган муқим иш ўринлари яратишнинг муҳим омили сифатида белгилаб олинган.
Парламент эшитуви тафсилотларига муносабат билдиришдан аввал Президентимизнинг 2010 йил 15 декабрдаги қарори билан тасдиқланган ниҳоятда муҳим дастурнинг мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталиш жоиз, албатта. Зеро, ана шу ҳужжатда саноатни барқарор ва мутаносиб ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларини диверсификация қилиш ва экспорт салоҳиятини оширишга йўналтирилган таркибий ўзгаришларни янада чуқурлаштириш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, корхоналарни модернизациялаш, улар самарадорлиги ҳамда рақобатбардошлигини таъминлаш энг устувор йўналишлар сифатида белгилаб олинган.Соҳа мутасаддилари таъкидлаганларидек, дастурга киритилган лойиҳаларнинг асосий қисми, яъни жами қиймати 41,8 миллиард долларга тенг бўлган 220 та лойиҳа геология, ёқилғи-энергетика, кимё, нефть-газ ва металлургия саноати соҳаларида амалга оширилиши кўзда тутилган. Айни пайтда умумий миқдори 28 миллиард долларлик 106 та лойиҳа бўйича иш олиб борилмоқда. Қиймати 5,4 миллиард долларлик 48 та лойиҳа бўйича эса хорижий шериклар танлаш, молиялаштириш манбалари ва шартларини аниқлаш жараёни кечмоқда. 8,4 миллиард долларга тенг бўлган 66 та лойиҳа юзасидан ҳам ҳисоб-китоблар олиб борилаяпти. Шу ўринда мазкур лойиҳаларнинг 99 таси ёки 45 фоизи бутунлай янги корхоналар қурилиши билан боғлиқ эканини таъкидлаш жоиз. Бош вазир ўринбосари Ғ.Ибрагимов ҳисоботида қайд этилганидек, дастурда белгиланган лойиҳаларнинг 78 таси нефть-газ, 65 таси тоғ-кон ва металлургия, 44 таси энергетика, 30 таси кимё ва 3 таси кўмир саноатига татбиқ этилади. Жорий йилнинг октябрь ойи ҳолатига умумий миқдори 4,33 миллиард долларлик 33 та лойиҳа ниҳоясига етказилди. O’zLiDeP фракцияси аъзоларининг таъкидлашича, парламент эшитувидан кўзда тутилган асосий мақсад инвестициявий лойиҳаларнинг сўзсиз ва самарали бажарилишини таъминлайдиган меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, дастур ижроси жараёнини чуқур таҳлил қилган ҳолда депутатлик корпусининг назорат-таҳлил фаоллигини оширишдан иборатдир. Парламент эшитувига тайёргарлик кўриш даврида депутатлар геология, ёқилғи-энергетика, кимё, нефть-газ ва металлургия саноатининг қатор корхоналарига ташриф буюриб, дастурнинг жойлардаги ижросини атрофлича ўрганганларини таъкидлаш лозим. Хусусан, парламент аъзолари Сургил кони негизида барпо этилаётган Устюрт ГКМ объектлари, Муборак газни қайта ишлаш заводи, Деҳқонобод калий ўғитлари заводи, «Навоий КМК», Навоий ИЭС, «Ўзметкомбинат» ва «Олмалиқ КМК»да бўлиб, назорат-таҳлил тадбирларини ўтказдилар. Умуман олганда, фракция аъзолари мазкур эшитувга тайёргарлик кўриш жараёнида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг тегишли қўмитаси билан 50 дан зиёд тадбирлар уюштирдилар. Уларда 1,5 мингдан ортиқ мутахассис ва экспертлар, иқтисодчи олимлар ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этишди. — «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»да илгари сурилган ғоялар асосида Конституцияга киритилган бир қатор ўзгартишлар парламентнинг назорат функцияларини кескин кучайтириш имконини берди, — дейди O’zLiDeP фракцияси аъзоси Фахриддин Зоиров. — Ана шу имкониятлардан фойдаланган ҳолда қуйи палатада амалдаги қонунлар ҳамда Давлат дастурларининг ижроси юзасидан парламент назоратини ўрнатишда тизимли ишлар йўлга қўйилди. Бугун муҳокама этилаётган масала ҳам ушбу йўналишдаги тадбирларнинг биридир. Шу ўринда мазкур дастур доирасида ички саноат кооперацияси самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, саноат соҳасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш лозим. Модомики, V Халқаро саноат ярмаркаси ва кооперацион биржа давомида O`zLiDeP электорати бўлган тадбиркорлик субъектлари билан 240 млрд. сўмга тенг 670 дан зиёд шартномалар имзоланганини қайд этиш мумкин. Бундай тадбирлар эса, ўз навбатида, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг саноатдаги улушини барқарор ўстириш имконини кенгайтирмоқда. Қўлга киритилаётган натижалар шубҳасиз, иқтисодиётдаги чуқур ўзгаришлар, экспорт салоҳиятини кенгайтириш борасидаги сифат ўзгаришларига ҳам олиб келаяпти.Бунга ишлаб чиқаришни техник ва технологик янгилашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш, саноат тармоқларига илғор инновацион технологияларни жорий этиш, ички саноат кооперациясини ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, саноат тармоқларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни фаол ривожлантириш ҳисобига эришилмоқда, албатта.Кези келганда, O’zLiDeP фракцияси аъзолари ушбу дастурнинг янада самарали амалга оширилиши учун унинг ҳуқуқий асосларини чуқур таҳлил қилиш ва тегишли хулосалар чиқариш лозим, деб ҳисоблаётганларини тилга олиш мумкин. Биринчидан, лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш жараёнида айрим вазирлик ва идоралар томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар дастурга киритилган баъзи лойиҳалар муддатини кечиктиришга сабаб бўлаётгани масалага янада масъулият билан ёндошиш зарурлигини кўрсатмоқда. Иккинчидан, ташқи инвестициялар оқимини рағбатлантиришга оид ҳуқуқий базани янги қонунлар қабул қилиш ҳамда амалдагиларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали янада такомиллаштириш мумкин. Хусусан, «Чет эл инвестициялари тўғрисида», «Инвестиция фаолияти тўғрисида», «Давлат эҳтиёжлари учун товарлар харид қилиш, хизматлар кўрсатиш ва ишлар бажариш тўғрисида», «Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида»ги қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш мақсадга мувофиқдир.Учинчидан, O`zLiDeP электорати бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини саноатга янада кенгроқ жалб қилиш, бунинг учун ҳудудлардаги инфратузилмалар имкониятларини яхшилаш, технопарклар тизимини шакллантириш, қолаверса, ўз ишлаб чиқаришини техник-технологик жиҳатдан янгилашга ҳаракат қилаётган тадбиркорларга янада кенгроқ имтиёзлар бериш керак. Саноат соҳасида фаолият юритаётган кичик корхоналарда банд бўлган ишчилар миқдорини қайта кўриб чиқиш ҳам бу борада ижобий натижалар бериши, кичик бизнеснинг саноат соҳасидаги улушини орттиришга хизмат қилиши муқаррар. Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ҳали-ҳануз ўз таъсирини йўқотмаган бир шароитда, айрим давлатларда ҳатто фаолият юритиб турган йирик корхоналарнинг банкротлик ҳолатига тушаётгани, иш ўринлари муттасил қисқартирилаётгани ҳеч кимга сир эмас. — Бугунги ҳисобот ҳамда фракциямиз аъзолари томонидан 14 та ҳудудда ўтказилган назорат-таҳлил якунлари «2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги Давлат дастури доирасида геология, ёнилғи-энергетика, кимё, нефть-газ ва металлургия саноатига жуда катта меҳнат ва маблағ сафарбар қилинаётганини кўрсатди. Аммо ўрганишлар жараёнида ана шундай муҳим ҳужжатда белгилаб берилган вазифаларнинг тўла амалга оширилиши самарадорлигига таъсир кўрсатадиган айрим омиллар ҳам мавжудлигини кўрсатмоқда, — дейди O’zLiDeP фракцияси аъзоси Нуриддин Муротов. —Чунончи, муайян инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, уларни ривожланиш дастурларига киритишнинг техник иқтисодий асослаш ҳамда таҳлилий таъминлаш жараёнида айрим вазирлик ва идоралар томонидан камчиликларга йўл қўйилаётгани кўзга ташланади. Парламент эшитувида сиёсий партиялар вакилларининг бир қатор саволларига жавоб қайтарган маърузачи депутатларга дастурни ҳаётга тадбиқ этиш билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида қўшимча маълумотларни ҳавола қилди. Унда Ўзбекистон иқтисодиётини барқарор ва жадал ривожлантириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш, ички ва ташқи бозорда юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёни изчил давом этаётгани хусусида атрофлича сўз юритилди. Жумладан, саноат ва умуман республика иқтисодиёти рақобатбардошлигини ошириш, унинг дунё конъюнктураси ўзгаришларига мослаштириш бўйича кенг миқёсли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.Бу борада маҳаллийлаштириш дастурларини амалга оширишга устувор аҳамият берилиши табиий, албатта. Зеро, 2012 йилнинг 9 ойи давомида геология, ёқилғи-энергетика, кимё, нефть-газ ва металлургия саноатида 169 та маҳаллийлаштириш лойиҳаси асосида 672,4 млрд. сўмга тенг ёки 2011 йил кўрсаткичидан 15,3 фоиз кўп маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бундай маҳсулотлар экспорти ҳажми 78,5 миллион долларни ташкил этди. Парламент эшитувида бир неча бор таъкидланганидек, Ўзбекистонда қулай инвестицион муҳитни яратиш, мамлакат иқтисодиёти барқарор ривожланиши, инвестиция манбаларини мамлакат бўйича диверсификациялаш бўйича чора-тадбирлар ҳам тузилмавий ўзгаришларни жадаллаштиришнинг асосий омили бўлди.Қизғин мунозаралар асосида ўтган парламент эшитувида ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик янгилашни таъминловчи қонунчилик, меъёрий-ҳуқуқий базанинг ҳолати ва уни янада такомиллаштириш борасидаги вазифалар ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, O’zLiDeP фракцияси аъзолари мазкур дастурга киритилган инвестицион лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш заруратини қайд этиб, ички саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, саноат тармоқларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, уларни дастурни бажаришга кенг жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.Муҳокамалар якунлари бўйича Қонунчилик палатасининг тегишли қарори қабул қилинди. Унда асосий эътибор, жумладан, ташқи инвестициялар оқимини рағбатлантириш борасидаги қонунчиликни иқтисодиётнинг бугунги ривожланиш талаблари ва ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш бўйича вазифаларни ҳисобга олган ҳолда такомиллаштиришга қаратилганини таъкидлаш лозим. Шунингдек, қарорда вазирлик ва идоралар, жойлардаги давлат ва хўжалик бошқаруви субъектлари раҳбарларининг дастур ижроси учун шахсий жавобгарлигини ошириш, депутатларнинг мазкур жараён устидан назоратни амалга ошириш борасидаги фаолиятини жадаллаштириш масалалари ҳам ўз аксини топди. 
Озод РАЖАБОВ
“XXI-asr” ижтимоий-сиёсий газетаси

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме