20:16 02.10.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Парламент эшитуви
Тадбирда алоҳида таъкидланганидек, мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ушбу дастур ноёб лойиҳа бўлиб, парламент палаталари даражасида қабул қилинадиган бундай дастурлар бошқа бирон-бир давлатда учрамайди. Унинг ижросини таъминлаш эса нафақат янги иш ўринлари ташкил этиш, балки аҳолининг реал даромадларини ошириш ва турмуш фаровонлигининг юксалишига хизмат қилади. Шунингдек, меҳнат бозорида мутаносибликни таъминлаш учун минтақалар ва иқтисодиёт тармоқларидаги мавжуд салоҳиятдан, биринчи галда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари имкониятларидан янада самарали фойдаланиш учун қулай шароит яратади. Маълумки, мустақиллик йиллари Ўзбекистонда Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан барча соҳа ва тармоқларни изчил ривожлантириш мақсадида мустаҳкам ҳуқуқий асослар шакллантирилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Меҳнат кодекси, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонун ҳужжатларини бандлик даражасини яхшилаш борасидаги ҳуқуқий кафолатлар сирасига киритиш мумкин. Иқтисодий ислоҳотларни босқичма-босқич амалга оширишга нисбатан бундай комплекс ёндашув жаҳондаги кўплаб мамлакатларда молиявий инқироз ҳали ҳам давом этаётган ва иш жойлари қисқартирилаётган бир пайтда фуқароларимизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ишончли ҳимоялаш омилига айланди. Бир сўз билан айтганда, ҳар йили янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг рўёбга чиқарилиши бутун дунёда «Ўзбек модели» дея эътироф этилган тараққиёт формуласининг ажралмас қисмидир. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Актам Ҳаитовнинг таъкидлашича, мамлакатимизда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш механизми жорий этилгани ҳамда бу борада парламент томонидан қабул қилинган дастур туфайли 2011 йилда 950 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилган. Жорий йилнинг январь-июнь ойларида эса бу кўрсаткич 510,5 мингтани ташкил этган ёки шу даврга мўлжалланган прогноз параметрлари 105,5 фоизга бажарилган. Яратилган жами иш ўринларининг қарийб ярми кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келади. Дастурнинг иккинчи ва учинчи йўналишларида, яъни ишга туширилган ва ўз фаолиятини кенгайтирган 25 мингдан ортиқ кичик корхоналар ва микрофирмаларда 185,7 мингта янги иш ўрни очилган бўлса, 58 минг нафардан зиёд фуқаро якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, ўз бандлигини таъминлади. Кичик бизнес субъектларида яратилган иш ўринлари салмоғида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасининг улуши ортиб бораётгани кузатилмоқда. Хусусан, савдо ва умумий овқатланиш соҳалари билан бирга транспорт, алоқа ва ахборотлаштириш, маиший, молиявий, автомобилларни таъмирлаш каби хизмат турлари ҳажми ҳам сезиларли даражада кўпайган. Бироқ дастур параметрларининг жойлардаги ижроси ўрганилганда айрим минтақаларда янги корхоналарни ишга тушириш, кичик корхоналар, микрофирмалар ташкил этиш, якка тартибдаги хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига иш ўринлари ташкил этиш борасидаги ишлар талаб даражасида эмаслиги аниқланди. Депутатларнинг фикрича, бундай хатоларга йўл қўймаслик учун қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқиш лозим.– Масалан, Бухоро вилоятида ҳисобот даврида 654 та янги кичик корхона ташкил этилган бир вақтда 1014 та кичик корхона ўз фаолиятини тўхтатган, – деди O’zLiDeP фракцияси аъзоси ўулом Омонқулов. – Яъни, 2012 йилнинг олти ойида тадбиркорлик субъектлари сони 360 тага қисқарган. Хоразм вилоятида эса мазкур кўрсаткичлар тегишли равишда 412, 696 ва 274 тани ташкил этмоқда. Мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ўсиш кўрсаткичлари қайд этилаётган бир пайтда мазкур вилоятларда юзага келган вазият ҳаммамизни ўйлантириши табиий. Чунки тадбиркорлик субъектларининг камайиши улар томонидан яратиладиган иш ўринларининг йўққа чиқишини ҳам англатади.2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ахборотни батафсил муҳокама қилиш вақтида сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар ҳам сўзга чиқдилар. Хусусан, O’zLiDeP фракцияси аъзоларининг фикрича, янги иш ўринлари яратиш учун инфратузилмани янада ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг коммуникация тармоқларига уланиши масалаларига эътибор янада кучайтирилиши зарур. – Бизнингча, бозор шароитида кўплаб янги иш ўринларининг ташкил этилаётгани иқтисодий ислоҳотларнинг, аниқроғи бизнес тузилмаларининг самарали фаолият кўрсатишига қулай шароит яратилгани натижасидир, – деди O’zLiDeP фракцияси аъзоси Барно Абдуллаева. – Изчил ислоҳотларнинг амалий ифодаси сифатида сўнгги ўн йилда бизнес соҳасида банд бўлганлар сони 2 баробарга ошганига гувоҳ бўлдик. Масаланинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, ушбу ижобий тенденция жаҳон молиявий инқирози шароитида ҳам кузатилди. Ўз навбатида, фракциямиз яна бир рақамга эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблайди. Яъни, мамлакатимизда иш билан таъминланган ҳар 4 кишининг 3 нафари кичик бизнес соҳасида меҳнат қилмоқда. Бу жиҳат Юртбошимиз ташаббуси билан пойтахтимизда ўтказилган «Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий сиёсатни амалга оширишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг роли ва аҳамияти» мавзуидаги халқаро конференцияда ҳам алоҳида тилга олинди.Кези келганда, мазкур дастур ижросини партиямизнинг маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари ҳам назоратга олганини айтиб ўтиш керак. Жорий йилнинг ўзида O’zLiDePнинг 2 та вилоят кенгаши, 12 туман ва 5 та шаҳар кенгашидаги депутатлик гуруҳларида ана шу дастур ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Мисол учун, халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгаши сессиясида депутатларимиз ташаббуси билан «Хорижий ва маҳаллий инвестиция иштирокида кичик саноат корхоналари, маиший сервис шохобчаларини ташкил этиш ва янги иш ўринларини яратиш бўйича», халқ депутутатлари Бухоро вилоят кенгашида эса «Ёшларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича» ҳаракат дастурлари қабул қилинди. O’zLiDeP ташаббуси билан ишлаб чиқилган худди шундай дастурлар Фарғона, Жиззах, Наманган ва Тошкент вилоятларида ҳам ҳаётга татбиқ этилмоқда. – O’zLiDeP фракцияси аъзолари ҳукумат томонидан иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни ижобий баҳолаган ҳолда, қуйидаги таклифларни ҳам илгари сурдилар, – деди O’zLiDeP фракцияси аъзоси Абдуқодир Тошқулов. – Биринчидан, Бухоро ва Хоразм каби ҳудудларда кичик бизнес ривожида кузатилаётган ҳолатдан келиб чиқиб, Иқтисодиёт вазирилиги ушбу вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда мавжуд вазиятни чуқур таҳлил қилиш ҳамда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш борасида тегишли тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш лозим. Йил охирида эса қуйи палатанинг мутасадди қўмитаси ушбу масалага яна бир бор қайтиб, амалга оширилган ишларга баҳо бериши мақсадга мувофиқдир.Иккинчидан, янги иш ўринлари ташкил этишда рақобат муҳитига устуворлик бериш, бунда талаб ва таклифга қатъий амал қилиш кутилган самара беради. Касб эгаларига нисбатан талабнинг кучайтирилиши эса, ўз навбатида, меҳнат унумдорлигини ошириш, ходимларнинг ижодий ва интеллектуал қобилиятини рўёбга чиқаришга олиб келади.Учинчидан, Президентимизнинг 2010 йил 28 июлдаги «Таълим муассасалари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони асосида ушбу йўналишдаги тадбирлар юзасидан иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилиши ҳақидаги ҳисоботга алоҳида бўлим киритиш зарур. Бунда нафақат коллеж битирувчиларининг кичик бизнесга жалб этилиш кўрсаткичлари, балки ташкил этиладиган иш ўринларида меҳнатга ҳақ тўлаш даражаси, ўз касбий малакасини ошириш ва муқим ишлаб кетгани билан боғлиқ кўрсаткичларга эътибор қаратиш ниҳоятда муҳимдир. Бу эса мазкур йўналишда самарали парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатиш имконини ҳам беради. Албатта, ушбу фаолиятни амалга оширишда ижро органларигина эмас, балки жамоатчилик, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар салоҳияти, нодавлат нотижорат ташкилотлар имкониятларидан кенг фойдаланишнинг аниқ механизми ҳам ишлаб чиқилиши лозим. Тўртинчидан, 2011 йил ва 2012 йилнинг биринчи ярмида саноат ишлаб чиқариши соҳасида фаолият юритаёган кичик бизнес субъектларида банд бўлганлар таркиби бўйича ўтказилган таҳлиллар дастурни амалга оширишда тармоқ имкониятларидан етарлича фойдаланилмаётганини кўрсатди. Шу ўринда, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Иқтисодиёт вазирлигига саноат ишлаб чиқариши соҳасида фаолият юритаётган кичик корхоналарда банд бўлганларнинг ўртача йиллик сонини кўпайтириш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилгани ҳам бежиз эмас. Бу айни пайтда кичик бизнеснинг саноат ишлаб чиқаришидаги ҳиссасини кўпайтиришга кўмаклашиши баробарида иқтисодиётни модернизациялаш жараёнида хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокини кенгайтириб, яратилаётган иш ўринлари таркибида сифат кўрсаткичининг яхшиланишига хизмат қилади.Депутатларнинг фикрича, парламент эшитуви 2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг самарали бажарилишида муҳим аҳамият касб этади. Тармоқлар кесими (бандлик йўналишлари) ва минтақалар бўйича прогноз параметрларига мувофиқ, йил охиригача 967,5 мингта иш ўрни ташкил этишни назарда тутган ушбу дастур, шубҳасиз, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги энг муҳим омиллардан биридир.
Муҳокамалар чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ахборотни маълумот учун қабул қилди. Парламент эшитуви якунлари бўйича соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштириш, кейинги йилларда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ишлаб чиқилишининг механизмлари ва услубларини ривожлантириш юзасидан муайян таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Озод РАЖАБОВ «XXI ASR»
Обсудить новость на Форуме