11:30 17.06.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Парламент эшитуви
Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг навбатдаги мажлисида «Ўзкоммунхизмат» агентлиги тизимида давлат дастурлари ва амалдаги қонун ҳужжатларининг ижроси масаласи атрофлича муҳокама қилинди. O`zLiDeP фракцияси аъзоларининг таъкидлашларича, айни пайтда коммунал хизмат кўрсатиш тизимидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида», «Чиқиндилар тўғрисида», «Уй-жой мулкдорлари ширкатлари тўғрисида»ги қонунлар билан мувофиқлаштирилмокда. Бунда, айниқса, Президентимизнинг соҳа фаолиятини ривожлантиришга қаратилган қатор фармон ва қарорлари муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Қўмита раиси Илҳом Насриевнинг фикрича, аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш тизимининг муваффақияти табиий ресурслар, жумладан, сувдан самарали фойдаланиш, ичимли сув истеъмоли сарфининг аниқ ҳисобини юритиш билан чамбарчас боғлиқдир. Бунда замонавий технологияларга асосланган тизимга ўтилгани аҳоли учун қулайликлар яратиш имконини бермоқда.
Йиғилишда соҳа фаолиятини ривожлантиришда иккинчи даражали масала бўлмаслиги, ҳатто оддий ҳисоблагичлар ҳам муҳим аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди.
«Ўзкоммунхизмат» агентлиги бош директори Ўткир Холмуҳамедов фикрича, мамлакатимизда 2 миллион 688 минг 924 абонент марказлашган тартибда совуқ ва иссиқ сув таъминотига уланганини таъкидлаб, уларнинг 1 миллион 743 минг 44 таси, яъни 65,5 фоизига замонавий ҳисоблагичлар ўрнатилганига эътибор қаратди.
— 2007 йили эса Хитойнинг имтиёзли кредит линияси ҳисобидан Республика уй-жой фондига 919 минг 697 дона ҳисоблагич ажратилди, — деди Ў.Холмуҳамедов.
Ахборотда, шунингдек, 1991 йилгача қурилган кўп қаватли уйларнинг ички муҳандислик тармоқларини таъмирлашга ажратилган маблағлардан унумли фойдаланилаётгани, ўтган йилнинг ўзида маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан 26,4 миллиард сўм, қозонхона ва иситиш тизимларини таъмирлашга эса 10,7 миллиард сўм йўналтирилгани таъкидланди.
Йиғилишда O`zLiDeP фракцияси аъзолари чекка ҳудудларимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш мақсадида жойларда инфратузилма, хусусан, тоза ичимли сув таъминотини яхшилаш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан ҳам қизикдилар.
— Ичимли сув таъминоти объектларини қуриш ва реконструкция қилишга 20,9 миллиард сўмлик инвестиция йўналтирилгани натижасида жами 287,4 километрлик, шу жумладан, қишлоқ ҳудудларида 236,9 километрлик сув тармоқлари фойдаланишга топширилди, — деди Ўткир Холмуҳаммедов. — Бундан ташқари, соҳага чет эл сармоясининг жалб қилингани ҳам бу борадаги лойиҳаларнинг босқичма-босқич амалга оширилишига имкон бермоқда 2011-2015 йилларга мўлжалланган 38 та лойиҳанинг 10 таси канализация тизимларини мукаммал таъмирлашга қаратилган. Жаҳон банки ҳамда Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда молиялаштирилаётган ушбу дастур асосида Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини сув билан таъминлаш сифати тубдан яхшиланди. Ҳозир бу жараён Гулистон, Жиззах ва Қарши шаҳарларида давом этмоқда. 2012-13 йилларда эса Нукус, Тахиатош ва Урганч шаҳарларининг ичимли сув ва канализация тармоқлари тўлиқ таъмирланади.
— Ана шундай натижаларга қарамай, ҳали соҳада ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам мавжудлигидан кўз юммаслигимиз керак, — деди йиғилишда O`zLiDeP фракцияси аъзоси Клара Жумамуратова. — Хусусан, аҳолига коммунал хизмат кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратишга етарли даражада эътибор қаратилмаяпти. Ҳисоблагичларни давлат стандартидан ўтказиш тартибининг мураккаблиги боис истеъмолчилар кўп вақт ва маблағ сарфлашга мажбур бўлмоқдалар.
— Мен депутатимиз фикрларига қўшиламан, — деди йиғилишда Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Сайёра Рашидова. — Биз коммунал хизмат кўрсатишдаги камчиликлар билан боғлиқ шикоятларни таҳлил қилганимизда бунга амин бўлдик. Шу ўринда хўжалик юритувчи субъект билан абонент ўртасида имзоланган аксарият шартномаларда кўпроқ хизмат кўрсатувчи корхона манфаати кўзланаётганини ҳам инкор этиб бўлмайди. Коммунал хизмат кўрсатиш нархларининг асоссиз оширилишини назорат қилиш, тизимда фаолият кўрсатаётган ишчи-ходимларнинг муомала маданиятини юксалтириш масалаларига ҳам соҳа мутасаддилари жиддий эътибор қаратишлари мақсадга мувофиқдир.
Бугун дунёда чучук сув таъминоти глобал муаммога айланган бир пайтда «Ўзкоммунхизмат» агентлиги сув ресурсларини тежаш борасида қандай амалий лойиҳалар устида иш олиб бормоқда? O`zLiDeP фракцияси аъзолари Шароф Амонов ва Соҳибжон Исмоилов кун тартибидаги масаланинг ана шу жиҳатларига эътибор қаратдилар. Агентлик раҳбарининг таъкидлашича, бу борадаги лойиҳалар соҳани тубдан модернизация қилиш доирасида амалга оширилмоқда. Хусусан, яқинда Нукус шаҳрининг айрим даҳаларида автоматлашган дастур асосида ишлайдиган замонавий насослар ўрнатилди. Бундай қурилманинг афзаллиги шундаки, у истеъмол ҳажмига қараб кундузи кўп, кечаси эса кам миқдорда сув ҳайдайди. Натижада нафақат ичимли сув, балки электр энергияси ҳам тежалади.
Тадбирда депутатлар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида қўмита қарори қабул қилинди.
Обсудить новость на Форуме