17:31 02.06.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Парламент эшитуви

O`zLiDeP Фракцияси ташаббуси билан ўтказилган парламент эшитувида Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигида фойдаланилмаётган имкониятлар мавжудлигига қарамай, дастурий таъминот индустриясини ривожлантириш борасидаги ишлар етарли эмаслигига эътибор қаратилди.

O`zLiDeP фракцияси аъзоларининг таъкидлашларича, «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепция»си мамлакатимизни ислоҳ этиш ва демократлаштиришнинг сифат жиҳатидан янги босқичини бошлаб берди. Айни пайтда мазкур ислоҳотлар муваффақияти мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат қуриш масалаларида жуда муҳим вазифа — қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳқамлаш, қабул қилинган қонунларнинг ижро этувчи ҳокимият томонидан бажарилиши устидан қатъий парламент назорати ўрнатилиши билан чамбарчас боғлиқ эканини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бир сўз билан айтганда, парламентнинг том маънода демократик янгиланишлар, либерал ислоҳотлар тарғиботчисига ва давлат тузилмалари раҳбарларининг уларга ишониб топширилган тармоқларда қонун хужжатларининг ижро этиш бўйича ҳисоботларини эшитиб бориш парламент фаолиятининг кундалик ишига айланиши даркор.

Ўз навбатида, парламент назоратининг парламент сўрови, парламентда ҳисоботни эшитиш ва қонунда кўзда тутилган бошқа замонавий шаклларидан кенг фойдаланиш демократик жараёнларни янги босқичга олиб чиқиш, уларнинг узвийлиги ва изчиллигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Шу нуқтаи назардан ҳам ўтказилган парламент эшитуви O`zLiDeP фракцияси аъзоларининг ана шундай талаблар асосида изчил ишлар олиб бораётганидан далолатдир.

Президентимизнинг 2010 йилдаги «Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш — устувор мақсадимиздир» номли маърузаларида ана шу масаланинг ғоят муҳимлигига эътибор қаратилиб, «...давлат тузилмалари раҳбарларини уларга ишониб топширилган тармоқларда қонун ҳужжатларини ижро этиш ҳолати бўйича ҳисоботларини эшитиш парламент фаолиятини кундалик ишига айланиши даркор», деган эдилар.

Қуйи палатанинг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси, O`zLiDeP фракцияси аъзоси Абдурашид Жўрабоевнинг таъкидлашича, парламент эшитувидан кўзланган асосий мақсад соҳада олиб борилаётган ишларнинг бугунги натижаларини баҳолаш ва мавжуд камчиликларга амалий ечим топишдан иборатдир. Зеро, дастурий таъминот индустриясини ривожлантиришнинг давлат томонидан қўллаб қувватланиши информацион технологиялар бозорини қўллаб-кувватлашнинг ажралмас    қисми бўлиб, бугунги глобаллашув жараёнларида соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштириш юксак технологияларга асосланган миллий иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилади. Бундан ташқари, мазкур соҳа ривожи ахборот алмашинувидаги рақобатбардошликни ҳам таъминлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директори Ҳ.Муҳитдиновнинг фикрича, мустақиллик йилларида соҳага оид 11 та қонун, 3 та фармон, Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг 40 дан ортиқ қарорлари қабул қилинган бўлиб, айниқса, Юртбошимизнинг 2002 йилнинг 30 майида эълон қилинган "Компьютерлаштиришни янада ривожлантириш ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш тўғрисида"ги фармони ҳамда 2005 йил 8 июлдаги "Ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори бу борада янада қулай шарт-шароитлар яратилишига имкон берди.

Мутахассислар 2005 йилда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи компаниялар сони салкам 100 тани ташкил этган бўлса, 2011 йилга келиб бу кўрсаткич 241 тага, 2007 – 2010 йиллар давомида дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш 4 мартага кўпайиб, 2 миллиард 501,6 миллион сўмдан 12 миллиард 623,2 миллион сўмга етганини бежиз таъкидламаяптилар. Аммо парламент эшитувида Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги фаолиятида фойдаланилмаётган имкониятлар мавжудлигига, хусусан, дастурий маҳсулотлар таъминоти бозори ва унинг экспорт салоҳиятини ошириш ва миллий ахборот макони хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар етарли даражада эмаслигига алоҳида эътибор қаратилди. Маълумотларга кўра, айни пайтда 110 дан ортиқ идора ва ташкилотларда 185 минг нафардан зиёд ишчи-хизматчилар у ёки бу дастурий маҳсулотлардан фойдаланмокда. Аммо аксарият маҳсулотларнинг хорижда ишлаб чиқарилгани миллий дастурларга эҳтиёж ниҳоятда юқори эканини кўрсатаяпти.

O`zLiDeP фракцияси аъзоси Илҳом Насриевнинг фикрича, хорижий дастурий маҳсулотлардан фойдаланиш даражасининг юқорилиги нафақат милий маҳсулотлар бозори ривожланишига тўсиқ бўлмоқда, балки бугунги глобаллашув шароитида айнан ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида вужудга келаётган хавф-хатарларнинг кучайишига ҳам сабаб бўлаётир.

— Тўғри бугун юртимизда миллий порталлар тизими самарали иш олиб бормокда. Бироқ, шунга қарамай, улар фаолиятини талаб даражасида, деб бўлмайди. Биргина «Ziyonet» интернет тармоғининг ёшлар ўртасида тобора урф бўлаётган шу йўналишдаги баъзи хорижий тармоқлар даражасида эмаслиги ҳам бунга мисол бўлиши мумкин, — дейди И.Насриев.

Фракция аъзоси Нуриддин Муротов эса 2004 йилда Ёш дастурчиларни тайёрлаш ва қўллаб-қувватлаш маркази фаолиятининг йўлга қўйилиши натижасида шу кунгача 5 мингдан ортиқ мутахассис етишиб чиққанига эътибор қаратди.

— 2010 йилнинг ўзидагина олий ўқув юртларини ахборот-коммуникация технологияларинииг турли йўналишлари бўйича 658 нафар талаба тамомлагани ҳам соҳада кадрлар захираси етарли эканини кўрсатади. Бироқ, соҳани ривожлантиришда айрим муаммоларнинг сақланиб қолаётганига мутахассислар томонида ушбу йўналиш истиқболлари ва ривожланиш тенденцияларини етарли даражада баҳоланмаётгани, ёш мутахассиларнинг аниқ сони йўқлиги ҳам сабаб бўлмокда, — деди депутат.

Шунингдек, парламент эшитувида депутатлар томонидан ушбу фаолият турининг қонунчиликда аниқ регламентланмагани ҳам соҳани ривожлантиришга тўсиқ бўлаётгани эътироф этилди.

O`zLiDeP фракцияси аъзоси ШавкатТешаев эса дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларга кўшимча имтиёзлар яратиш, ушбу соҳада фаолият олиб бораётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига солиқ хамда божхона тизимида, улар фаолиятини молиялаштириш ва кредитлаш борасида кўшимча енгилликлар яратиш лозимлигини таъкидлади.

Тадбирда депутатлар «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги ва бошқа қонун хужжатларида кўзда тутилган соҳага оид тегишли нормаларни ҳаётга изчил жорий қилиш имконини берувчи «Дастурий таъминотни ишлаб чиқариш индустриясини куплаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар мажмуаси»ни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш лозим, деган қарорга келдилар. Депутатларнинг фикрича, соҳага оид қонунчиликнинг такомиллаштирилиши нафақат дастурий таъминот индустриясини ривожлантиришга, балки хорижий маҳсулотларга бўлган боғлиқликни бартараф этишга ҳам хизмат қилади.
a

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме