20:00 09.07.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ПАРТИЯВИЙ ТАДБИРЛАР ЯНАДА КУЧАЙТИРИЛИШИ КЕРАК
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “O‘zLiDeP ғояларининг тарғиботи ҳамда партия ўқувларини ташкил этишдаги навбатдаги долзарб вазифалар” мавзуида амалий семинар ўтказди.
Семинар O‘zLiDePнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма икки йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қароридан келиб чиқадиган вазифалари мазмун-моҳиятини партия фаолларига етказиш, жойларда партиянинг мафкуравий ишларини сифат жиҳатдан янги даражага кўтариш, сиёсий таълим марказларининг O‘zLiDePни сиёсий жиҳатдан янада ривожлантиришдаги фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида ташкил этилди.
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси М.Тешабоев семинарни очиб бериб, мустақиллик даврида Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида амалга оширилган кенг кўламли ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотлар мамлакатимиз тарихида янги саҳифа очди, жамиятимизнинг ижтимоий қиёфаси ва фуқароларимизнинг дунёқарашини тамомила ўзгартирди, десак асло хато қилмаган бўламиз, – дея таъкидлади. – Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида биз учун энг улуғ, энг азиз айём бўлмиш Мустақиллик байрамини марказда ва жойларда ҳар томонлама чуқур тайёргарлик билан кутиб олишга қаратилган қатор вазифалар белгилаб берилган.
Партия етакчисининг таъкидлашича, бу борадаги ишларни тизимли ташкил этиш, O‘zLiDePнинг жойлардаги тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш, бунда чекка туман ва қишлоқларни ҳам қамраб олиш мақсадида Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси ва ҳар бир ҳудудий кенгаш ҳузурида партия фаоллари, маҳаллий вакиллик органлари депутатлари, партия сафидаги олим ва адиблар, хусусий тадбиркорлар ҳамда фермерлардан иборат тарғибот гуруҳларини тузиш мақсадга мувофиқ. Мустақиллик байрамининг доимо юксак савияда нишонланиши Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси ҳамда унинг барча бўғиндаги бўлинмаларига катта масъулиятли вазифаларни юклайди. Энг аввало, Президентимиз қарорининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида кенг тарғибот-ташвиқот қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. O‘zLiDeP томонидан ўтказиладиган барча партиявий тадбирларни ташкил этишда мустақиллик туфайли шаклланган, бугунги кунда иқтисодиётнинг асосий таянчига айланган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳамда фермерлик ҳаракатининг ривожланиш босқичларига қаратилган тадбирларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш муҳим аҳамиятга эга.
“Бунда, айниқса, юртдошларимизга мустақиллик йилларидаги ютуқлар осонлик билан қўлга киритилмагани, эришилган зафарлар, рақам ва кўрсаткичлар ортида халқимизнинг машаққатли меҳнати, бунёдкорлик қудрати ётгани, фуқароларимизга ҳар бир эришилган рақамнинг аҳамияти ва моҳиятини чуқур, содда, тушунарли тилда етказиш керак. Ўйлаймизки, бу ўзининг кутилган натижасини беради. Мустақиллик йилларидаги ютуқлар, мамлакатимизнинг салоҳияти ва қудрати, унинг халқаро майдонда нуфузи тобора юксалиб бораётганини, туб ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳолининг кенг қатламларига янада чуқурроқ очиб бериш, бунинг учун партиянинг ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий, тарғибот-ташвиқот тадбирларини янада кўпайтириш олиб бораётган ишларимизни самарали босқичга олиб чиқади”, - деди М.Тешабоев.
Семинарда қайд этилганидек, Президентимиз қарори Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик, либерал ислоҳотлар мазмун-моҳиятини англаб етиш, уларнинг ҳаётга муваффақиятли тадбиқ этилиши учун зарур ички ва ташқи қулай шароитларни таъминлашда катта аҳамиятга эга.
Мустақилликнинг улкан ютуқларидан бири мамлакатда мулкдорлар синфи – O‘zLiDeP ва миллий иқтисодиёт тараққиёти таянчи бўлган электорат шаклланганидир. Энг муҳими, партия электорати – ишбилармон кишилар, ўрта мулкдорлар синфи Давлатимиз раҳбариятининг демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва кучли фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлаб, ушбу жараёнларда фаол иштирок этиб келмоқда.
Партия Тошкент шаҳар Кенгаши мафкуравий, тарғибот-ташвиқот ишлари бўлими мудири Улуғбек Эшонхўжаев бу каби семинарлардаги амалий машғулотлар партия тадбирларини режалаштириш ва амалга ошириш ҳақида аниқ тасаввур, мафкуравий ишларга йўналиш ва ўзига хослик беришини эътироф этди.
“Қолаверса, бундай тадбирларда фаолларимиз партиявий ишларга оид кўникмаларга эга бўлади. Партия вазифалари моҳиятини кенг электоратга етказиш – бу ниҳоятда муҳим вазифадир. Алоҳида таъкидламоқчиманки, партия вазифалари Президентимиз томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси устувор йўналишларига ҳамоҳанг. Бу эса кундалик фаолиятимизга куч-ғайрат бағишлайди”, - деди У.Эшонхўжаев.
O‘zLiDePнинг сиёсий таълим марказлари бу жараёнда катта роль ўйнайди, у нафақат тарғиботчи, балки партиянинг кадрлар захирасини шакллантириш тузилмаси ҳамдир. Партия мақсадли вазифаларини тўғри англаш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш партия электорати сафини кенгайтиришга хизмат қилади, партиянинг жойлардаги саъй-ҳаракатлари ва имкониятларини мақсадга эришишга сафарбар этиш имконини беради.
O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши ҳузуридаги Сиёсий таълим маркази раҳбари Дурдона Қобулова семинар жуда ишчанлик, фаоллик руҳида ўтганини билдирди.
“Бу тадбир ўрганишимиз лозим бўлган масалаларнинг мавзуларини чуқур ўзлаштириш имконини берганидан жудаям мамнунман. Партия ходими жамиятда кечаётган ҳар қандай воқеликка нисбатан ўз муносабатини билдириши шарт, деб ўйлайман. Бунинг учун ундан билимдонлик, сезгирлик, ахборотларга нисбатан холислик, тиришқоқлик, ўз устида яна ва яна ишлаш талаб қилинади. Тадбир давомида мана шу жиҳатларга эга бўлиш лозимлигига яна бир карра амин бўлдим”, - деди Д.Қобулова.
Семинар иштирокчилари фикрича, партия фаолларининг вазифаларидан бири одамларга бизнес билан шуғулланиш ва янги иш ўринларини яратишга рағбат беришдир. Ишончли қонунчилик базасини кучайтириб бориш, маҳаллий вакиллик органларидаги партия гуруҳлари фаолиятини жадаллаштириш, барча даражадаги ижро этувчи тузилмаларнинг ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожидаги вазифаларни тўлиқ бажаришига партиянинг таъсирини ошириш тадбиркорларга ривожланиш учун имконият берадиган асос бўлиши керак.
O‘zLiDeP ўз зиммасига ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни жадал ривожлантириш масъулиятини олди. Бу эса партиядан ишни янада фаоллаштириш, жамият ҳаётининг барча жабҳаларини янада либераллаштириш ва демократлаштириш, бозор ислоҳотлари зарурлиги ва муқобилсизлигини ғоялари тарафдорларини кенгайтиришни талаб этади. Либераллаштириш ғоялари Ўзбекистонда амалга оширилаётган барча демократик сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг бош ўзаги, боғловчи бўғини ҳисобланади.
Икки кунлик семинар давомида мафкуравий, тарғибот-ташвиқот ишлари бўлимлари ва сиёсий таълим марказлари раҳбарлари ОАВ билан алоқа қилиш кўникмаларини эгаллаш, тадбирлар самарадорлигининг мафкуравий омилларини кучайтириш орқали ошириш, кундалик мустақил ишларни ташкил этиш бўйича амалий машғулотлар ўтказди.
Шунингдек, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш, мазкур жараёнга энг янги технологияларни жорий этиш, бошланғич партия ташкилотлари ишини такомиллаштириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Ушбу амалий семинарда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппарати ходимлари, ҳудудий партия ташкилотлари ҳузуридаги сиёсий таълим марказлари раҳбарлари, мафкуравий, тарғибот-ташвиқот ишлари бўлими мудирлари иштирок этди.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме