22:15 24.10.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ПАРТИЯВИЙ ЛОЙИҲАЛАР O‘ZLIDEP ТАРАФДОРЛАРИ САФИНИ КЕНГАЙТИРМОҚДА

Жиззах вилоятида ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларга ўз бизнесини йўлга қўйиш, иш билан бандлигини таъминлашда O‘zLiDePнинг ёшларга оид лойиҳалари ҳам муҳим ўрин тутаётир. 

Жорий йилнинг дастлабки 9 ойи давомида O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши ёшлар билан ишлаш бўлими турли партиявий лойиҳалар доирасида 45 та тадбир ташкил қилди, уларда қарийб 4000 нафар йигит-қиз иштирок этди. 

Хусусан, “Ишбилармон талаба-2013” стипендияси учун ўтказиладиган кўрик танловнинг туман ва вилоят босқичларида 75 та касб-ҳунар коллежи ва 4 та академик лицейнинг 340 нафар талабаси қатнашди. Танловнинг вилоят босқичида ҳунармандчилик, амалий санъат буюмлари ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, сервис ва қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш каби йўналишларда қатнашган 33 номзоднинг 3 нафари республика босқичига йўлланма олди. 

Жорий йилда танловнинг вилоят босқичида муваффақиятга эришган 3 нафар талабага партия стипендияси ажратилиши мўлжалланган. 

2013 йилда “Диплом билан бизнесга” лойиҳаси вилоятдаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларининг 600 дан ортиқ битирувчисини қамраб олди. Танловнинг вилоят босқичида қатнашган 66 талабага тижорат банкларидан кредит олиш ҳуқуқини берувчи умумий қиймати қарийб 277 миллион сўм бўлган сертификатлар топширилди. Шу кунгача эса 34 нафар битирувчига тижорат банклари томонидан 147 миллион 460 минг сўм миқдорида кредит ажратилди ва шу асосда 51 та янги иш ўрни яратилди. 

Ғаллаорол туманидаги Лалмикор саноат касб-ҳунар коллежини битириб, партиявий лойиҳалар орқали мустақил бизнес фаолиятини бошлаганлардан бири Шоҳиста Абдуғаниевадир.

“Мен бу йил “Диплом билан бизнесга” лойиҳасининг вилоят босқичида тикувчилик фаолиятига доир бизнес режам билан иштирок этиб, “Микрокредитбанк”дан имтиёзли кредит учун сертификатни қўлга киритдим. 2 миллион 370 минг сўмлик кредит олиб, бугунги кунда ўз бизнесимни йўлга қўйдим”, - дейди Шоҳиста. 

2012 йилда O‘zLiDePнинг “Ишбилармон талаба” лойиҳасида ҳунармандчилик йўналиши бўйича тайёрлаган ишлари билан қатнашиб, ғолиб бўлганлардан бири Дилфуза Туроповадир. У мазкур стипендияни ижодий фаолияти учун муносиб мукофот ҳисоблайди. Айни пайтда Дилфуза Жиззах тумани иқтисодиёт коллежини битириб, мустақил равишда кулолчилик буюмлари тайёрлаш, мисга нақш бериш, яъни кандакорлик санъати билан шуғулланмоқда. 

Партия лойиҳаларида муваффақиятли иштирок этиб, бугунги кунда ўз мустақил бизнес фаолиятини йўлга қўйган бундай ёшлар Жиззах вилоятида кўплаб топилади. 

Ҳозирги вақтда вилоятда 7417 та кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатаётган бўлса, уларнинг 1783 тасини O‘zLiDeP аъзолари бошқармоқда. Бу эса Жиззахда партиянинг нуфузи тобора ортиб бораётганидан дарак беради. 

O‘zLiDePнинг халқ орасида тобора оммалашиб боришида айнан партиявий лойиҳаларнинг ўрни катта бўлаётир. Шундай лойиҳалар орқали партия сафи ёшлар ҳисобига кенгаймоқда. Лойиҳалар қамрови кенгайган сари унинг иштирокчилари сони ҳам ошиб бораётир. Бу эса ёшларда O‘zLiDePнинг мақсад ва вазифаларини ўрганишга, партиянинг олижаноб ишларига елкадош бўлишга интилаётган йигит-қизлар кўпайиб бораётганига ёрқин мисолдир.                                                                                                   

Олим НОРЖИГИТОВ,O‘zLiDeP Жиззах вилоят КенгашиЁшлар билан ишлаш бўлими мудири

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме