20:30 22.04.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ПАРТИЯВИЙ ЛОЙИҲАЛАР ХАЛҚ МАНФААТЛАРИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
“Кичик бизнес ва тадбиркорлик ривожланиши обод турмушнинг муҳим шарти” форуми доирасидаги “Лойиҳаларимиз: ёшларга, тадбиркорларга ва ҳар бир оилага” лойиҳалар тақдимотининг навбатдагиси Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги саноат касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтди. - Лойиҳаларимиз кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш, ёшлар ва хотин-қизларни соҳага кенгроқ жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш, илғор фермер, ҳунарманд, касаначи аёллар тажрибасини оммалаштиришга қаратилган, - деди тадбирда иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзоси Муҳаббат Тўхтаева. – Лойиҳаларимиз доирасида ўтказилаётган ўқув- семинарларда тадбиркорликни йўлга қўйиш ниятида бўлган ёшлар, хотин-қизларга мавжуд имкониятлар, бизнес-режа тузиш, кредит олиш тартиби ва қонуний асослари каби масалалар хусусида ҳам кенг маълумотлар берилмоқда. “Ипотекабанк”нинг Оҳангарон туман филиали бошқарувиси ўринбосари Фарҳод Қуттибоев эса O‘zLiDePнинг партиявий лойиҳалари ҳар бир ёш, тадбиркор ва оилалар манфаатларига хизмат қилишини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилишидан тузилмавий тегишлилигидан қатъи назар барча ташкилотлар манфаатдордир. O‘zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Т.Файзиев ўтказилаётган тадбирлар партиянинг Сайловолди дастури, Давлатимиз раҳбарининг “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” ва бошқа маърузаларида белгилаб берилган мақсадларни рўёбга чиқаришга қаратилганини эътироф этди. “Партия аъзолари, фаоллари учун энг муҳим вазифалардан бири кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик имкониятларини кенгайтириш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини юксалтириш, бунга фуқаролик жамияти институтлари ва кенг жамоатчиликни жалб қилишдир”,- деди Т.Файзиев. Тадбирда таъкидландики, “Обод турмуш йили” Давлат дастури мақсад ва вазифаларини амалга ошириш ҳар бир юртдошимиз зиммасига алоҳида масъулият юклайди. O‘zLiDeP ҳам бу масъулиятни чуқур ҳис этиб, ўз лойиҳаларини амалга ошириш орқали мамлакатимизда юз бераётган ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштирок этишга интилмоқда. “Мулкдор оила - 2013”, “Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари”, “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага”, “Соғлом оила – мустаҳкам оила”, “Парламентда менинг ўрним”, “Агар мен депутат бўлсам”, “Диплом билан бизнесга”, “Ишбилармон талаба”, “Ёш олимлар ва тадқиқотчилар – 2013”, “Тадбиркорлар мулоқот форуми” каби партиявий лойиҳалар тақдимоти ўтказилган тадбирнинг асосини ташкил этди. Иштирокчиларга ушбу лойиҳаларнинг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари ҳақида тушунчалар берилди. Уларни амалга ошириш механизмлари ва молиявий манбаларига оид зарур маълумотлар тақдим этилди. Ҳамкор ташкилотлар вакиллари эса иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди. Тақдимотда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий кенгашлар депутатлик гуруҳлари аъзолари, Марказий банк, тижорат банклари, Савдо-саноат палатаси каби кўплаб ҳамкор ташкилотлар вакиллари, тадбиркорлар, таълим муассасалари битирувчилари иштирок этди.O‘zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме