23:30 09.04.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ПАРТИЯНИНГ МАСЪУЛ ХОДИМЛАРИ УЧУН ЎҚУВ СЕМИНАРИ

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси партия масъул ходимлари учун “Партия қурилиши соҳасидаги навбатдаги долзарб вазифалар” мавзуида ўқув семинари ташкил этди. 
Ўқув семинарда Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси аъзолари, Адлия вазирлиги, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вакиллари ва Ижроия қўмита аппарати ходимлари қатнашди.
Унда сўзга чиққан O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси С.Турдиев бугунги кун ислоҳотлари партияни Ўзбекистон тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олиб, мамлакатдаги ички сиёсий жараёнларнинг янада кучли ва таъсирчан иштирокчисига айланишга, ўз электорати манфаатлари ва хоҳиш-истакларини қонуний ифода этишни чуқурлаштиришга кўмаклашишга, аҳолининг юқори сиёсий маданиятини шакллантиришга, демократлаштириш жараёнларини ривожлантиришга, мамлакатда ўрта синф мулкдорларини янада юксалтириш орқали барқарорликни янада таъминлашга даъват этаётганини таъкидлади.  
Ўқув семинарда иштирок этган Адлия вазирлиги масъул ходими З.Махмудов бугунги кунда амалдаги қонунчиликка киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ сиёсий партияларнинг ҳуқуқлари ҳамда ваколатларини кенгайтириш, ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги ролини кучайтириш юзасидан изчил ислоҳотлар олиб борилаётганлигини таъкидлади. Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятида иш юритиш тартибини белгиловчи ички меъёрий ҳужжатларга бўлган қонун талаблари юзасидан иштирокчиларга батафсил маълумотлар бериб ўтди.  
- Мамлакатимизда сиёсий партиялар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий асослар тўла яратилган, - дейди  O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўлими мудири М.Усмонов. – Партия мақсад ва вазифаларини акс эттирган ҳолда марказда ва ҳудудларда тадбирларни ноанъанавий, замонавий усул ва услублар асосида ҳамда юқори савияда ташкил этиш, тадбирлар таъсирчанлиги ва самарадорлигини оширишни янада кучайтириш давр талабидир. 
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўлими мудири М.Мирсаидов партия Дастури ва Устави талабларини бажариш, партия раҳбар органлари томонидан қабул қилинаётган ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида таъминлаш, партиявий интизомга риоя этиш чора-тадбирларини янада кучайтириш лозимлигини алоҳида таъкидлади. 
Тадбирда партия фаоллари олдига қўйилган вазифаларни амалий ижро этиш, ҳар бир фаолнинг шахсий иштироки ва масъулиятини ошириш бўйича кўплаб конструктив таклифлар ўртага ташланди. Шунингдек, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш, мазкур жараёнга энг янги технологияларни жорий этиш, бошланғич партия ташкилотлари ишини янада такомиллаштириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Ушбу мавзудаги ўқув семинарлари барча ҳудудий партия ташкилотларида ҳам изчиллик билан ўтказилмоқда. 
Келгусида партия олиб бораётган ишларни янада жонлантириб, жойларда унинг мавқеини кучайтириш борасида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме