20:15 13.06.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ПАРТИЯНИНГ ХАЛҚЧИЛЛИГИ ДЕПУТАТЛАР ФАОЛИЯТИГА БОҒЛИҚ

Партия  ўз олдига қўйган вазифалар бажарилишига қуруқ шиорлар билан эмас, балки чуқур ва пухта ўйланган сиёсатни амалга ошириш орқали эришиши керак.  Бундай сиёсатнинг туб мақсади эса юрт тинчлиги, ватан тараққиёти ва халқ фаровонлигига эришишдан иборатдир. 

Айнан шу жиҳатлар бугунги кунда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ижтимоий, сиёсий ва парламент фаолияти соҳасидаги устувор, стратегик ва тактик мақсад-вазифаларни белгилайди. 

Партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Клара Жумамуротованинг фаолияти O‘zLiDeP юритаётган сиёсатнинг инъикосидир, десак янглишмаймиз. Зеро, эл-юрт ташвиши билан яшаш, ҳар соҳада ватан ва халқ манфаатини кўзлаш депутат фаолиятининг асосидир.  

Таъкидлаш жоизки, O‘zLiDeP мустақил Ўзбекистонда бевосита Президентимиз раҳнамолигида эришилаётган ҳар бир ютуқ ўз-ўзидан эмас, балки келажакка бўлган юксак ишонч, улкан заковат, қатъиятлилик, тинимсиз ва заҳматли меҳнат орқали қўлга киритилаётганини тўла эътироф этади ва жамиятимиз ҳар бир аъзоси буларни тўлақонли билиши ва доимо тўлақонли ҳис этиб бориши лозим, деб ҳисоблайди. Ҳозирги замон депутати эса назарий ва амалий жиҳатдан катта тайёргарлик, улкан сиёсий тафаккур ва донишмандлик, бой ҳаётий билим ва тажрибага эга бўлмоғи керак. 

Юксак ишларни амалга оширишда Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясининг ўрни беқиёс.  Концепция эълон қилингандан кейин ўтган қисқа муддатда юртимизда барча соҳаларда эришилган ютуқлар бу тарихий ҳужжатнинг аҳамиятини янада яққолроқ намоён этади. 

К.Жумамуротова ўз сайловчилари билан учрашувлари мавзусини ҳар доим Концепцияда, қолаверса, партия дастури ва сайловолди платформасида белгилаб берилган мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб белгилайди. 

Депутат иштирокида Урганч туманидаги “Фаррух” фермер хўжалиги дала шийпонида бўлиб ўтган учрашув ҳам юқорида айтганларимизга монанд руҳда ташкил этилди. 

Хоразм вилояти Кенгаши мутасаддилари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлари, партия фаоллари, фермер хўжаликлари ишчи-хизматчилари иштирок этган учрашув давомида К.Жумамуротова қишлоқ меҳнаткашларининг шарт-шароити билан яқиндан танишди, уларни қийнаётган муаммолар, соҳа ривожига тўсқинлик қилаётган айрим камчиликларни батафсил ўрганди. 

Депутат қишлоқда саноатни ривожлантириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Шунингдек, учрашув иштирокчиларига O‘zLiDePнинг Қонунчилик палатасидаги фракция томонидан амалга оширилаётган ишлар, янги қонунларнинг яратилиш жараёнлари тўғрисида маълумот берди. 

Учрашувда сайловчилар депутатга Урганч туманининг айрим маҳаллаларида газ етишмовчилиги, аҳолига транспорт хизмати кўрсатишдаги камчиликлар каби масалаларда саволлар берди. 

К.Жумамуротова газ муаммосидаги асосий сабаб қувурларнинг эскириб кетгани, қолаверса, аҳоли ўртасида газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари учраётгани эканини таъкидлаб, ҳозир газ қувурларини янгилаш бошланганини қўшимча қилди. 

Шу билан бирга, депутат аҳоли мурожаатларини ўрганиш ва тегишли чоралар кўриш учун мутасадди ташкилотлар билан биргаликда иш олиб борилишига ваъда берди. 

Умуман, К.Жумамуротованинг сайловчилар билан ҳар бир учрашуви ана шундай конструктив мулоқот, ўзаро фикр алмашиш руҳида ўтади. Унинг учун бундай учрашувлар янги қонун лойиҳалари учун таклиф ва тавсиялар олиш, электоратнинг энг муҳим муаммоларини ўрганиш ва уларнинг ечимларини топиш вазифасини ҳам ўтайди. 

Депутат билан учрашувларда аёл тадбиркорларга имтиёзлар яратиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш каби долзарб масалалар доимо диққат марказида бўлиб келмоқда.           Ғофур ЖУМАНИЁЗОВ,          O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши раиси  

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме