19:15 17.03.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ПАРТИЯ ҲУДУДИЙ КЕНГАШЛАРИДАН ЯНАДА ФАОЛРОҚ БЎЛИШ ТАЛАБ ЭТИЛДИ

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Наманган вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари раислари, бўлим бошлиқлари, фаоллари иштирокида йиғилиш бўлди.
Йиғилишда қатнашган O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Содиқжон Турдиев ўз сўзида Президентимиз Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифаларга эътиборни қаратди. 
Жамиятдаги мавжуд ижтимоий муаммо ва масалаларни ўрганиш, уларни бартараф этиш учун ўз вақтида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишда бошланғич партия ташкилотларининг роли нақадар муҳим эканлигини таъкидлаб ўтди. Бу ўринда мавжуд бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш, корхона ва ташкилотларда янгиларини ташкил этиш, аъзолари сафини кенгайтириш лозимлигини қайд этди.
Наманган вилоятининг Уйчи, Наманган туманлари, Наманган шаҳрида ўтказилган тарғибот ишлари, учрашувлар ўз самарасини  берганлиги айтиб ўтилди.
- Бироқ, бу натижалар билан кифояланиб қолмасдан партиянинг электорати ҳисобланган тадбиркор ва фермерлар билан яқиндан мулоқотда бўлиб, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиб бориш ҳамда бартараф этишда амалий ёрдам бериш зарур, - деди Содиқжон Турдиев. 
Масалан, аксарият фермерлар пилла, ғалла, пахта тайёрлаш шартнома режасини бажарган бўлсада, тайёрлов идораларининг айби билан ҳақларини ўз вақтида ололмаётгани, ёнилғи, ўғит, техника, сув масаласидаги муаммолар ҳудудий партия ташкилотларини бефарқ қолдирмасилиги айтиб ўтилди. 
Нотиқ ўз сўзида, O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси кўмаги билан республика бўйича фермер хўжаликларига 62 млрд. сўмга яқин дебиторлик ҳақлари хўжалик судлари орқали ундириб берилганини билдирар экан партия вилоят, туман, шаҳар кенгашларида ҳам бу каби ташаббусларни янада жадаллаштириш лозимлигини таъкидлади. 
Вилоятдаги айрим тадбиркорлик субъектлари рўйхатдан ўтиш, кредит олиш ёки айланма маблағларининг етишмаслиги туфайли ўз фаолиятларини тўхтатиб қўйганлиги маълум бўлсада, партия ҳудудий кенгашлари томонидан бу каби муаммоларнинг сабаблари чуқур ўрганилмаганлиги, ўз вақтида тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилмаганлиги эслатиб ўтилди.

Республикамиз иқтисодиётини барқарор ривожлантиришда, аҳолини иш билан таъминлашдаги роли муҳимлиги боис кичик бизнесга бўлган эътибор йилдан-йилга кучайиб бормоқда. Фақат ўтган йилнинг ўзида юртимизда 26 мингдан зиёд кичик бизнес субъекти иш бошлади, ушбу секторда фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг умумий сони йил охирига келиб 190 мингтага етди. Бугунги кунда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 55,8 фоизи айни шу соҳада ишлаб чиқарилмоқда.
Тадбирда партиянинг тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантиришга, қўллаб-қувватлашга, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга бўлган эътиборини янада кучайтириши лозимлиги таъкидланди. Бунинг учун партия ходимлари аҳоли ўртасига кириб бориши, айниқса, электорат вакиллари билан яқиндан мулоқотда бўлиб уларни ўйлантираётган муаммоларини ҳал этишда ташаббускор бўлишлари талаб этилади.  
Йиғилишда шунингдек, вилоятда бошланғич партия ташкилотлари сони ва сифатини янада яхшилаш, 2014 йил декабрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга  бўладиган сайловларга пухта тайёргарлик кўриш, тарғибот-ташвиқот ишлари таъсирчанлиги ва самарадорлигини ошириш юзасидан ўзаро келишиб олинди.   
O’zLiDeP  Матбуот  хизмати

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме