22:31 20.06.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ПАРЛАМЕНТ НАЗОРАТИНИНГ ИЗЧИЛЛИГИ ТАЪМИНЛАНАЯПТИ

Маълумки, 2012 йилнинг декабрь ойида O’zLiDeP фракцияси ташаббуси билан «2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги Давлат дастури қандай бажарилаётгани юзасидан Бош вазир ўринбосари Ғуломжон Ибрагимовнинг ҳисоботи эшитилиб, муҳокама этилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинган эди.

Хўш, парламент эшитувидан кейин ўтган вақт ичида соҳада қандай ижобий ишлар амалга оширилди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси маълумотларига қараганда, мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида мутасадди идоралар томонидан аниқ режа ва қатъий мониторинг асосида кенг кўламли тадбирлар олиб борилмоқда. Буни Вазирлар Маҳкамасининг Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари ахборот-таҳлил департаменти ҳисоботлари ҳам тасдиқлаб турибди.

Унда қайд этилишича, комплекс таркибидаги корхоналар томонидан бугунгача 11,1 миллиард доллар миқдорида маблағ ўзлаштирилган. Шундан 7,47 миллиард доллари хорижий инвестициялар бўлса, 2,29 миллиард долларини корхоналарнинг ўз маблағлари, 865,7 миллион долларини Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, 332,9 миллион долларини эса тижорат банклари кредитлари ташкил этади. Шу билан бирга, умумий қиймати 2,77 миллиард долларлик 52 та инвестициявий лойиҳа ниҳоясига етказилган.

Умуман олганда, 2013 йил учун мўлжалланган Инвестиция дастурига кўра, ёқилғи-энергетика комплексида жами 32,7 миллиард долларлик 129 та инвестициявий лойиҳа бўйича иш олиб борилаётган бўлса, шундан 36 таси йил охиригача фойдаланишга топширилади. Хусусан, «Ўзбекэнерго» ДАК тизимида 12 та, «Ўзбекнефтгаз» МХК тизимида 6 та, НКМКда 8 та, ОКМКда 2 та, «Ўзкимёсаноат» ДАКда 3 та, «Ўзметкомбинат» ОАЖда 2 та, «Ўзбеккўмир» ОАЖда 2 та ва Давлат Геология қўмитаси тизимида 1 та лойиҳа ўз якунига етади. 

– Кейинги йилларда жамият ҳаётининг барча жабҳалари, жумладан, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш борасида ҳам изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда, – дейди қўмита раиси, O’zLiDeP фракцияси аъзоси Собир Жабборов. – Бундан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистоннинг ривожланган демократик давлатлар қаторидан муносиб ўрин олишини таъминлашдир. «2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги Давлат дастури эса мана шу йўналишдаги ислоҳотларнинг ўзига хос локомотиви ҳисобланади. Шу маънода ушбу парламент эшитувининг айнан иқтисодиётни либераллаштириш тарафдори бўлган O’zLiDeP ташаббуси билан ташкил этилгани ҳам бежиз эмас эди.

Чунки мазкур дастурнинг амалга оширилиши 2015 йилгача қарийб 50 миллиард доллар миқдоридаги жами 500 дан ортиқ йирик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишни назарда тутадики, уларнинг муваффақиятли бажарилиши шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартирибгина қолмасдан, мамлакатимиз иқтисодиётини мутлақо янги босқичга ҳам олиб чиқади. 

O’zLiDePнинг Сайловолди платформасида ҳам тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестицияларни иқтисодиёт тармоқларига жалб этиш ва уни модернизация қилиш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш барқарор даромад манбаи бўлган муқим иш ўринлари яратишнинг муҳим омили экани қайд этилган. 

Дастурга киритилган жами қиймати 41,8 миллиард долларга тенг бўлган 220 та лойиҳани геология, ёқилғи-энергетика, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати соҳаларида амалга ошириш кўзда тутилган. Ҳозирги кунда умумий миқдори 28 миллиард долларлик 106 та лойиҳа бўйича қизғин ишлар олиб борилмоқда. Қиймати 5,4 миллиард долларлик яна 48 та лойиҳа хорижий шерикларни танлаш, молиялаштириш манбалари ва шартларини аниқлаш босқичида бўлса, 8,4 миллиард долларга тенг бўлган 66 та лойиҳа дастлабки ҳисоб-китоблар тарзида ишлаб чиқилаяпти. 

Шу ўринда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг 99 таси ёки 45 фоизи бутунлай янги корхоналар қурилиши билан боғлиқ эканини алоҳида таъкидлаш жоиз. 95 та лойиҳа эса ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва қайта таъмирлашга қаратилган бўлса, яна 26 таси бошқа йўналишларда амалга оширилади. Уларни молиялаштириш манбаларида чет эл инвестициялари қаторида ички сармоялар, яъни Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси улуши, тижорат банклари кредитлари ҳамда корхоналарнинг ўз маблағлари салмоғи ортиб бораётгани муҳим аҳамиятга эгадир.

O’zLiDeP фракцияси аъзоларининг таъкидлашича, парламент эшитуви якунлари бўйича қабул қилинган қарор ижроси юзасидан назорат ўрнатишдан асосий мақсад дастурга киритилган инвестициявий лойиҳаларнинг сўзсиз ва самарали бажарилишини таъминлайдиган меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришдан иборатдир. 

Шу маънода O’zLiDeP фракцияси мутасадди идоралар томонидан ички саноат кооперацияси самарадорлигини ошириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, саноат соҳасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганини эътироф этади. 

Масалан, энергетика, нефть-газ ва кимё саноатининг жадал ривожланишини таъминлаш ҳамда ишлаб чиқариш сарф-харажатлари ва маҳсулот таннархини изчил пасайтириш бўйича чора-тадбирлар жаҳон бозорида харидоргир бўлган юқори қўшимча қийматли рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини тобора кенгайтираяпти. Бунга ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик янгилашга қаратилган лойиҳалар, саноат тармоқларига илғор инновацион технологияларни жадал жорий этиш, ички саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, саноат тармоқларида эса кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни фаол ривожлантириш ҳисобига эришилмоқда.

Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ҳали-ҳануз ўз таъсирини йўқотмаган бир пайтда айрим давлатларда ҳатто фаолият юритиб турган йирик корхоналарнинг банкрот ҳолатига келиб қолаётгани, иш ўринлари муттасил қисқартирилаётганлигини барчамиз кўриб-билиб турибмиз. Шундай шароитда Ўзбекистонда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилаётгани, энг муҳими, бу лойиҳаларнинг молиявий манбалари кафолатлангани мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ва жадал ривожланаётгани, экспорт салоҳиятининг кенгайиб бораётгани, ички ва ташқи бозорда юқори сифатли маҳсулотларни ишлаб чиқариш жараёни изчил давом этаётгани тахсинга лойиқ, албатта.

Бу Президентимиз раҳнамолигида иқтисодиётни либераллаштириш, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, парламентнинг назорат функцияларини кучайтириш, сиёсий партияларнинг ваколатларини кенгайтириш ва ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги кенг кўламли ишларнинг амалдаги самарасидир. 

Озод РАЖАБОВ  "XXI" аср ижтимоий - сиёсий газетаси2013 йил 20 июнь, 25 (501)-сон

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме