23:15 17.07.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ПАРЛАМЕНТ НАЗОРАТИ КУЧАЙТИРИЛАЯПТИ
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталарининг Бухоро ва Самарқанд вилоятларида ўтказилган йиғилишида ахборот соҳасидаги фаолиятни янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
Тегишли вазирлик ва идоралар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мутасаддилари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этган тадбирда «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида», «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида», «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида» ҳамда «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунларнинг вилоятлардаги ижросини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунлари муҳокама этилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси Абдурашид Жўрабоевнинг таъкидлашича, мазкур тадбирни ўтказишдан асосий мақсад ахборот олиш соҳасига оид қонун ҳужжатлари ижроси устидан парламент ҳамда депутатлик назоратини ўрнатиш, мазкур соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш ва такомиллаштириш юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилгандир. Бундан ташқари назорат таҳлил натижалари бўйича «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги ҳамда «Юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун лойиҳалари юзасидан вилоятлар жамоатчилигининг фикр ва мулоҳазаларини олиш ҳам тадбирнинг асосий йўналишлари сирасига киради.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, қўмита ишчи гуруҳи аъзоси Фахриддин Солиевнинг қайд этишича, ҳар иккала вилоятда ҳам қонунлар ижросини таъминлаш, жумладан, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ахборот олиш ҳуқуқини кафолатлаш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари томонидан самарали ишлар амалга оширилмоқда. Аҳоли ҳамда оммавий ахборот воситаларини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти, амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотлар тўғрисида хабардор қилиш мақсадида Бухоро вилоятидаги 88 та давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг 68 тасида, Самарқанд вилоятидаги 91 та давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг 85 тасида ахборот хизматлари ташкил этилган. Интернет тармоғида давлат идораларининг веб-сайтларини ташкил этиш ҳамда уларнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бу, ўз навбатида, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисидаги ахборотлар билан республикамиз аҳолиси ва хорижий давлатларни мунтазам хабардор қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Йиғилишда ОАВнинг жамиятимизда амалга оширилаётган чуқур ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти, улар томонидан қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари тўғрисида хабардор этишдаги ролига ҳам тўхталиб ўтилди. Айни вақтда Бухоро вилоятидаги 41 та, Самарқанд вилоятидаги 59 та ОАВ орқали аҳолининг кенг қатламига вилоятларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маънавий-маърифий ҳаётига оид муҳим хабар ва янгиликлар тарқатилмоқда. Анжуман иштирокчиларининг фикрича, мазкур ҳудудлардаги босма ва электрон нашрлар фаолиятини Юртбошимизнинг 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни муносабати билан йўллаган байрам табригидаги фикр ва мулоҳазалар асосида янада такомиллаштириш зарур. Хусусан, вилоятларда фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситаларининг моддий-техник базасини яхшилаш, таҳририятларнинг молиявий ҳамда иқтисодий мустақиллигини таъминлаш, улар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, журналистларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, муассисларнинг таъсис шартномасида белгиланган мажбуриятлари тўлиқ бажарилишини назорат қилиш мақсадга мувофиқдир.
Назорат-таҳлил давомида, шунингдек, ўрганилган ҳудудларда фуқароларни қабул қилиш, ариза ва шикоятларни рўйхатга олиш ва уларнинг назорати билан боғлиқ масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди. Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Акмал Саидовнинг айтишича, мазкур йўналишда ҳар иккала вилоятда ҳам замонавий ахборот технологиялари орқали корпоратив бошқариш тизими йўлга қўйилган бўлиб, бу мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, Бухоро вилоятида 2013 йилнинг биринчи чораги мобайнида вилоят ҳокимлигига фуқаролар томонидан 446 та ариза, шикоят ва таклиф келиб тушган. Шундан 231 таси ҳокимлик томонидан ўрганиб чиқилган бўлса, 85 таси ҳудудий идораларга, 130 таси шаҳар ва туманлар ҳокимликларига юборилган. Назоратга олинган 231 та аризанинг 117 таси ижобий ҳал этилган, 93 тасига эса ҳуқуқий маслаҳатлар берилган.
Самарқанд вилоятида эса фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда мансабдор шахсларнинг масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада эътиборсизликка, қонунбузилишга йўл қўйган раҳбарларга интизомий жазо чоралари қўлланган. Ўтган 2012 йилда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларига йўлланган жами 20 мингга яқин мурожаатнинг аксарияти ижобий ҳал этилган.
Анжуманда юқорида қайд этилган қонунлар ижросини таъминлашда айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилгани, бу борада мавжуд имкониятлардан етарлича фойдаланилмаётгани таъкидланди. Жумладан, давлат органларининг ахборот хизматлари ва медиатузилмаларини фаоллаштириш, ахборот макони иштирокчилари фаолияти самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг мурожаатларига нисбатан масъулиятни кучайтириш, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш, давлат идоралари фаолиятига нисбатан ижтимоий ва жамоатчилик фикрини мунтазам мониторинг қилиб бориш, веб-саҳифалар ишини янада такомиллаштириш лозимлиги қайд этилди.
Тадбирда давлат органлари фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиб боришнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш юзасидан «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўйича депутатлар, ҳуқуқшунос-экспертларнинг таклиф ва тавсиялари тингланди. Бу борада, айниқса, оммaвий axборот воситaлaрининг axборот олиш юзaсидaн мурожaaтлaрини кўриб чиқиш муддaтлaрини қисқaртириш, axборот олиш соҳaсидaги қонунчилик тaлaблaрини бузгaнлик учун юридик вa мaнсaбдор шaxслaр жaвобгaрлигини кучaйтириш, миллий axборот мaконини изчил ривожлaнтиришни тaъминлaшгa қaрaтилгaн самарали ҳуқуқий мexaнизмлaрни яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Қаҳрамон САЙДАЛИЕВ,"XXI" аср ижтимоий - сиёсий газетаси2013 йил 11 июль, 28 (504)-сон
Обсудить новость на Форуме