18:45 04.07.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Оилавий тадбиркорликка микрокредитлар ажратилди
2012 йил 3 июль куни Тошкентдаги “Пойтахт” бизнес марказида “Мустаҳкам оила йили” Давлат Дастури доирасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “Аёллар қаноти”, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банклари ҳамкорлигида “Оилавий тадбиркорликдан - мустаҳкам оилага” лойиҳасининг тақдимоти ўтказилди.
Унда O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, партиянинг ҳамкорлари - Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва “Миллий банк”, “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Халқбанк”, “Қишлоққурилишбанк”, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси, тадбиркор ва ишбилармон аёллар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда O’zLiDeP “Аёллар қаноти” томонидан жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган партиявий лойиҳалар доирасида, айниқса аёлларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш билан боғлиқ амалий ҳаракатларни янада кучайтириш, маҳаллаларда оилавий бизнесни ривожлантириш ва шу орқали маҳаллани тадбиркорлик марказига айлантириш юзасидан хотин-қизларнинг тутган ўрни ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Айтиш жоизки, мазкур йўналишда ўтган йили O’zLiDeP “Аёллар қаноти” томонидан маҳаллани оилавий бизнес ва тадбиркорлик марказига айлантириш мақсадида 1000 га яқин тадбирлар республикамизнинг барча маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинларида ўтказилди. Тадбирлар натижасида, маҳаллаларда маҳаллий тадбиркор хотин-қизлар томонидан оилавий тадбиркорлик фаолиятини бошлаш имкониятлари пайдо бўлиб, улар томонидан 10 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
Бу натижаларга эришишда тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредитларнинг аҳамияти беқиёслиги алоҳида таъкидланди.
Таъкидлаш ўринлики, аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга ўтган 2011 йилда 335 млрд. сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилган бўлса, жорий 2012 йилда ушбу кўрсаткич 365 млрд. сўмдан ортиши кутилмоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган ярим йиллигида тадбиркор аёлларга ажратилган кредитлар ҳажми 234,9 млрд. сўмни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 баробарга ўсиши таъминланди.
Ушбу кредит маблағлари минглаб аёлларнинг ўз бизнес лойиҳаларини амалга оширишга ҳамда кўплаб янги иш ўринлари яратишга хизмат қилмоқда.
Тадбир давомида партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “Аёллар қаноти” томонидан ишлаб чиқилган “Оилавий тадбиркорликдан - мустаҳкам оилага” номли лойиҳасининг тақдимоти ўтказилиб, мазкур лойиҳанинг мазмун-моҳияти, мақсади ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот берилди. Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада кучайтириш, уларда тадбиркорлик ва ишбилармонлик кўникмаларини шакллантириш, хотин-қизларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка, хусусан, оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначилик фаолиятига кенг жалб этиш орқали оилавий бизнесни ривожлантириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш ва уларни бизнес фаолиятини тўғри ташкил этишга ўргатиш, қишлоқ хотин-қизларининг жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги иштирокини фаоллаштиришдан иборат.
Мазкур лойиҳа олдида турган долзарб вазифалардан бири эса оилавий тадбиркорлик фаолиятига оид ҳуқуқий базани ривожлантириш, шунингдек, жойларда ҳуқуқни қўллаш амалиётини яхшилаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича маҳаллий, хорижий тажрибаларни ўрганиш ва оммалаштириш, ўқув-семинар, танлов, маҳсулот ва хизматлар кўргазма савдоларини ташкил этиш, хотин-қизлар ўртасида оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш ҳамда ривожлантириш борасида тарғибот-тушунтириш ишларини олиб боришга алоҳида эътибор қаратилган.
Лойиҳа доирасида “Оилавий тадбиркорлик - аёллар бандлигини таъминлашнинг муҳим омили”, “Оилавий тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш масалалари”, “Бизнес-режа тузиш ва уни техник-иқтисодий жиҳатдан асослаш”, “Тадбиркорлик фаолиятига тааллуқли қонун ва ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар билан таништириш ва улар билан ишлаш” каби мавзуларда бир қатор давра суҳбатлари ўтказилиши режалаштирилган. Бунинг самарали томони эса мамлакатимизда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш масалалари, маҳаллий ва хорижий тажрибаларни ўрганиш ҳамда оммалаштиришга эришишдир.
Оилавий тадбиркорлик субъектларига имтиёзли кредитлар ажратиш борасида кўрилаётган чоралар, соддалаштирилган кредитлаш механизмларининг жорий этилганлиги лойиҳадан кўзланган натижаларга эришишда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида эътироф этилди.
Айнан “Мустаҳкам оила йили” Давлат Дастури доирасида оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга банклар томонидан 60 млрд. сўмдан ортиқ микрокредитлар ажратилиши кўзда тутилиб, ўтган даврда 35,4 млрд. сўм миқдорида микрокредитлар ажратилганлиги айни вақтда мамлакатимиз минтақаларида минглаб оилаларнинг фаровонлиги ортишига хизмат қилмоқда.
Тадбирда иштирок этганларнинг фикрича, “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага” лойиҳасида аёлларнинг фарзанд тарбияси билан шуғулланиш асносида ҳам жамиятнинг фаол аъзоси сифатида, илм-фан ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ривожига шу билан биргаликда тадбиркорлик, фермерлик, ҳунармандчилик, касаначилик, оилавий тадбиркорлик, яъни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг барча бўғинларида муносиб ҳисса қўшишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиб беришга қаратилган чора-тадбирлар мужассам.
Бу борада, айниқса, қабул қилинган тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда партиянинг мақсад ва вазифалари, банклар томонидан аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш муносабати билан қабул қилинган ҳаракат дастурлари муҳим аҳамият касб этади. Буларнинг барчаси лойиҳада акс эттирилган. Лойиҳа доирасида ўтказилаётган ўқув-семинарларда хотин-қизларга ўз бизнесларини йўлга қўйишда ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан кенгроқ ва батафсил маълумотларга эга бўлгани ҳолда, уларга янги иш ўринлари яратиш имкониятлари ва намунавий лойиҳалар устида ишлаш ва уларнинг мазмун-моҳияти билан танишиш ҳамда илғор фермер, тадбиркор ва ҳунарманд, касаначи аёллар тажрибасини оммалаштириш борасидаги таклиф-мулоҳазалар ҳам ўртага ташланмоқда.
Лойиҳани амалга оширишнинг муҳим шакли эса бу лойиҳа доирасида ўз ишини бошламоқчи бўлган хотин-қизлар учун уч босқичда туман(шаҳар)лар, вилоятлар ҳамда республика миқёсида ўқув-семинарлар ташкил этилади. Ўқув-семинарлар янги ўқув технологиялари, интерфаол методлар, маъруза ва баҳс-мунозаралар шаклида олиб борилиб, энг яхши бизнес лойиҳа эгаларига тижорат банклари томонидан кредит олишга йўналтирилган сертификатлар топширилади.
Шунингдек, тақдимотда сўз олган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари тадбиркорлик фаолиятига оид қонун ва ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар билан таништириб, тадбиркорларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя килиш борасида юртимизда амалга оширилаётган сиёсий иқтисодий ислоҳотларнинг аҳамияти, тадбиркорлик фаолиятига оид қонунчилик меъёрлари, шунингдек ушбу соҳа ривожида тўсиқ бўлаётган муаммолар ва уларнинг ечимини излаш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр билдиришди.
Тақдимот давомида иштирокчиларга ҳамкорликдаги чора-тадбирлар, мазкур лойиҳани амалга ошириш механизмлари ва молиявий манбалари, банклар томонидан ажратиладиган имтиёзли кредитлар ҳақида зарур маълумотлар берилди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.
Обсудить новость на Форуме
29 декабря 2024
« | Декабрь 2024 |
Пн | Вт | Ср | Чт | Пт | Сб | Вс |
1 | ||||||
2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 | 8 |
9 | 10 | 11 | 12 | 13 | 14 | 15 |
16 | 17 | 18 | 19 | 20 | 21 | 22 |
23 | 24 | 25 | 26 | 27 | 28 | 29 |
30 | 31 |